ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МИНТАҚАЛАРАРО ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИК ЛОЙИҲАЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАШАББУСИНИ ЖАҲОН ХАМЖАМИЯТИ БИР ОВОЗДАН МАЪҚУЛЛАДИ
Аввал хабар қилинганидек, 11 июл куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустахкамлаш бўйича махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади. Эътиборлиси, резолюция дунёнинг турли қитъаларида жойлашган 40 та мамлакат хаммуаллифлигида қабул қилинди.
Резолюциянинг тасди1ланиши Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шахрида 2021 йил июл ойида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Тахдидлар ва имкониятлар” мавзуидаги халқаро конференцияда илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижаси бўлди.
Халқаро эксперт доиралари вакиллари, ўз навбатида, мазкур мухим хужжатнинг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан бир овоздан қабул қилингани икки минтақа ўртасида тинчлик ва дўстликни мустахкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва ўзаро инвестициялар хажмини ошириш учун қулай шарт- шароитлар яратишини таъкидламоқда.
Рамиз АЛЕКПЕРОВ, БМТнинг Афғонистондаги кўмак миссияси раҳбари:
— Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг махсус резолюцияси қабул қилинганини қутлайман. Ушбу тадбир халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсати нақадар тўғри йўлда эканининг юксак эътироф этилаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз вақтида илгари сураётган сиёсий ҳамда дипломатик ташаббуслар минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Ҳужжат иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, Марказий ҳамда Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг транспорт, транзит ва сармоявий салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Резолюция Афғонистоннинг иқтисодий ривожланиши ҳамда минтақалараро иқтисодий жараёнларга интегратсиялашувига, шунингдек, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ижобий таъсир кўрсатади.
Муҳаммад Содиқ ХОН, Покистон давлат ташки ишлар вазири, Афғонистон бўйича махсус вакил:
— Ўзбекистон раҳбариятини БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюция қабул қилингани билан самимий қутлайман.
Покистон, дунёнинг 40 давлати қатори, ушбу резолюцияга ҳаммуаллифлик қилди.
Жаҳон ҳамжамияти “Аср лойиҳаси” стратегиясини ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақалараро ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича муҳим ташаббусини бир овоздан қўллаб- қувватлади.
Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон биргаликда Термиз ва Пешовар ўртасидаги темир йўл лойиҳасини амалга оширишни бошлади. Покистон ҳукумати ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда бу масалада фаол иш олиб боради, айниқса, қурилиш ҳамда муҳандислик ишларини тезроқ бошлаш учун молиявий ресурсларни жалб қилади.
Покистон раҳбарияти ўзаро боғлиқлик лойиҳалари ва темир йўл қурилишини минтақаларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини тубдан ўзгартирадиган тарихий воқеа, деб билади.
Риёз БУХОРИЙ, Покистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси (2013 - 2018 йиллар):
— Махсус резолюциянинг муҳим геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамияти шундан иборатки, Ўзбекистон ташаббуси билан тайёрланган хужжатга дунёнинг 40 мамлакати ҳаммуаллиф бўлди.
БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясида Ўзбекистон Президентининг 2022 йилни иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилиш бўйича ташаббуси қўллаб-қувватлангани ҳам жуда муҳим.
Шундай қилиб, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон раҳбарияти томонидан 2021 йилда илгари сурилган минтақалараро ўзаро боғлиқлик стратегиясини бир овоздан қўллаб-қувватлади ва бу билан ушбу масалада бирдамлигини билдирди.
Ушбу ёндашув бугунги кундаги глобал ҳамда минтақавий ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишнинг энг яхши рецептидир.
Лянюнгане Ли ЧЖАНЧАО, ШҲТнинг Халқаро логистика парки маъмурий қўмитаси директори:
— Минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш Марказий Осиё давлатларининг транспорт йўналишларини диверсификатсия қилиш ҳамда минтақанинг халқаро транспорт ва транзит маркази сифатида рақобатбардошлигини ошириш мақсадларига жавоб беради.
Ушбу мақсадлар Марказий Осиёнинг транспорт соҳасидаги ислоҳотларини давом эттиришдан иборат бўлиб, бу минтақанинг глобал таъминот занжирларига чуқур интегратсиясини таъминлашга ва Марказий Осиё давлатлари халқаро савдо тизимининг янги моделида ўз муносиб ўрнини топишига кўмаклашади.
БМТ Бош Ассамблеяси томонидан Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича махсус резолюциянинг қабул қилиниши транспорт ҳамда транзит имкониятларини кенгайтириш, Марказий Осиё давлатларининг денгиз портлари ва жаҳон бозорларига чиқишини таъминлаш бўйича мувофиқлаштиришни кучайтириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг муҳим географик ўрни ва ислоҳотлар самараси мамлакат, умуман, минтақанинг иқтисодий ривожланишига янги туртки берадиган транспорт-логистика марказларини яратиш имконини беради.
Осиёдаги энг йирик портлардан бири сифатида Ўзбекистонда савдо - иқтисодий соҳада, айниқса, транспорт ҳамда логистика йўналишида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотларни диққат билан кузатиб бормоқдамиз. Ўзбекистоннинг Лянь- юньганг порти орқали юк ташиш ҳажми тобора ортиб бормоқда. Бу кўрсаткични янада ошириш учун ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.
«Дунё» АА.
- Қўшилди: 19.07.2022
- Кўришлар: 4095
- Чоп этиш