Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ва миллий қонунчилик: уйғунлик ва мувофиқлик таҳлили

2022 йил 11 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази БМТнинг Иқтисодиёт ва ижтимоий масалалар департаменти ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда “Миллий қонунчиликнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларига мувофиқлиги таҳлили” мавзусида семинар ўтказди.

 

Мазкур тадбир халқаро экспертларБМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментининг Инклюзив ва ижтимоий ривожланиш бўлими раҳбари Олег Серёжин, Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг “Санкт-Петербург эксперт-шифокорлар малакасини ошириш институти” Федерал давлат бюджети қўшимча касбий таълим муассасаси ректори Оксана Владимирова, Арманистоннинг “Урарту” амалий психология ва социология университети кафедра мудири Жемма Багдасаряннинг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида ташкил этилди.

Халқаро экспертларнинг ташрифидан кўзланган мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларга оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда уларни реабилитация ва абилитация қилиш ва тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича кадрлар тайёрлаш миллий тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг миллий механизми бўйича муҳокамалар ўтказиш ва тавсиялар беришдан иборат.

Семинарда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Роли Астхана, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова,  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев, Сиракуза университети докторанти Миржаҳон Турдиев  сўзга чиқди.

Семинарда “Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш”, “Ногиронлик ижтимоий моделининг ҳуқуқий асослари” “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциядан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш учун шарт-шароитлар яратиш” каби мавзулар муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашувни барча соҳалардаги янгиланишларнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилаётгани семинар иштирокчилари томонидан эътироф этилди. Бунда, жумладан, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш жараёнида ижтимоий соҳада хорижий мамлакатлар тажрибасини жорий қилиш масаласига эътибор қаратилаётгани алоҳида қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тасдиқлаган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган ва мантиқий кетма-кетликда амалга оширилаётган ислоҳотлар биринчи навбатда инсон қадрини улуғлашга, инсон манфаатларига, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Айниқса, кам таъминланганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, хотин-қизлар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгилангани катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидалари изчил амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнлар БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилига ҳамоҳангдир.

Халқаро экспертлар БМТ Конвенциясини амалга ошириш жараёнида тиббий-ижтимоий экспертиза ва ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилишда замонавий тенденцияларни жорий этиш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни рўёбга чиқариш жараёнларига ногиронлиги бўлган шахсларни кенг жалб қилиш ҳамда жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Семинар амалий баҳс-мунозаралар руҳида ўтди. Тадбир якунида, хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистон миллий қонунчилигига имплементация қилиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech