КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР ИНСОН ҚАДРИ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИНИ ЮКСАКЛИККА КЎТАРАДИ

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси жорий йил 1 августда якунланди. Мазкур қонун лойиҳаси юзасидан давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкил отлар, жамоат бирлашмаларида кенг кўламли муҳокамалар ўтказилди.

Эътиборлиси, мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларга хорижий эксперт ва мутахассислар ҳам бефарқ бўлмади.

 

Ҳамди ТУРСУЖИ, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот маслаҳатчиси:

— 1992 йилда, мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган ва ўтган даврларнинг кўплаб мафкуравий талабларини ўзида мужассам этган амалдаги Ўзбекистон Конституциясини жамият тараққиётининг за­монавий қарашларига мос равишда янгилашга эҳтиёж сезилаётганди.

Қонунчиликка кўра, Конститусияга ўзгартишлар киритиш мамлакат парламенти орқали ҳам амалга оширилиши мумкин эди. Бироқ Президент Шавкат Мирзиёев  оқил, узоқни кўра билган сиёсатчи бўлгани туфайли умумхалқ референдумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон халқига умумхалқ муҳокамасида иштирок этиб, конституциявий ислоҳотлар бўйича ўз фикрини билдириш имкониятини берди.

Конституция давлат бошқаруви тизимини марказсизлаштириш, ҳудудларнинг мустақиллигини ошириш, жумладан, ички ва хорижий инвестицияларни рағбатлантириш соҳасида ҳам мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. Янги Ўзбекистоннинг барпо этилишида ҳал қилувчи омиллардан бири унинг дунёга очиқлигидир. Кейинги йилларда мамлакатнинг янгиланган ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасида салмоқли ишлар қилинди.

Айни пайтда минтақада ва бутун дунёда вазият тез ўзгармоқда, бу эса Ўзбекистон ташқи сиёсатини такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Минтақадаги мавжуд ижобий тенденсияларни, Марказий Осиёда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг узлуксиз ривожланишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борадаги асосий вазифа минтақани хавфсиз, барқарор ривожланиш, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик худудига айлантиришдан иборат.

Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартишлар Президент Шавкат Мирзиёев  томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг боришини ўзида акс эттиради, шунингдек, улар ислоҳотларнинг янги йўналишлари мустаҳкамланишини ҳам назарда тутади.

Ўзгартишларда асосий эътибор “инсон ҳуқуқлари”, “ижтимоий сиёсат” ва “фуқаролик жамияти” каби тушунчаларни ҳуқуқий томондан янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон етакчисининг ислоҳотчилик сиёсатини давом эттиришга қаратилган, деб ўйлайман. Ишончим комилки, бу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини янада мустаҳкамлаш, мамлакат ичкарисида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати бўлиб хизмат қилади.

Мушфиг ЖАФАРОВ,

Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати:

— Озарбайжонда қардош Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ жараённи кат­та қизиқиш билан кузатишмоқда. Мамлакатда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтгани, унда фуқароларнинг фаол иштирок этганининг ўзи эътиборга молик. Мақсад — фуқаролик жамияти сари одимлаш. Бу Ўзбекистонда фуқаролар ва халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканидан далолат беради. Бундай ёндашув барчамиз учун яхши воқеа, яхши янгиликдир.

Конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётган таклифлар фаолиятнинг энг муҳим йўналишлари — тадбиркорлик, хусусий мулк, инсон ҳуқуқлари, шунингдек, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантиришни оптималлаштиришга қаратилган. Буни жуда тўғри йўналиш, деб ҳисоблайман.

Умид қиламанки, ушбу саъй-ҳаракатларнинг барчаси истиқболда Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона ва қардошлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади. Айни пайтда ҳамкорлигимиз учун умумий асос, мустаҳкам пойдевор мавжуд.

Ўзбекистон Конституциясига киритиш таклиф этилаётган ўзгартишлар келгусида шахс ва фуқаро мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган. Чиндан ҳам, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун туради. Мазкур тамойил биз, озарбайжонликлар учун ҳам ғоят муҳим ҳисобланади.

Нишант БАЖАЖ, Ҳиндистоннинг «Пратикша» шифохонаси таъсисчиси:

— Ўзбекистон Конституцияси 30 ёшга тўлмоқда. Ўтган йиллар ичида мамлакатда замона­вий технологиялар, фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш ва миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш бўйича улкан ўзгаришлар рўй берди.

Эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон Президенти ҳукумат ваколатларини кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамаси ва ҳокимликларнинг экология, ёшлар, оилани қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, жамоат транспортини ривожлантириш, аҳолининг дам олиши учун зарур шароитлар яратиш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулиятини Конституцияда белгилаш лозимлигини таъкидламоқда. Ўзбекистон халқининг ҳам Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар мамлакат суверенитетини, давлатнинг ижтимоий моҳиятини тобора мустаҳкамлаб боришига ишончи комил. Бинобарин, муҳокамага қўйилган кўплаб тузатишлар инсонпарварлик тамойилларига асосланган, ҳаёт сифати яхшиланишига хизмат қилади.

Руслан ИЗРЕКОВ, Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси:

— Ўзбекистон раҳбарияти мамлакат­нинг янада ривожланиши учун асосий омил бўлган дунёвий демократик жами­ят барпо этиш йўлида прагматик қадамлар ташламоқда. Қирғизистон ўзининг энг яқин қўшниси сифатида сўнгги йил­ларда, жумладан, коронавирус пандемиясининг оғир даврида қирғиз халқига катта ёрдам кўрсатган кучли Ўзбекистонни кўришни истайди.

Ўзбекистон Конституциясига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар, биринчи навбатда, мамлакат аҳолисининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга

қаратилган. Кўпгина демократик мамлакатларда ҳам кузатилмайдиган давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги омили бунда муҳим аҳамият

касб этади. Ушбу ўзгартишларнинг Конституцияда мустаҳкамланиши ижро ҳокимияти органлари фаолиятининг яна­да ижтимоий йўналтирилишига ҳамда мамлакат аҳолиси учун қулайликлар яратилишига имкон беради.

Шавкат Мирзиёев нинг биринчи президентлик муддатида Ўзбекистон бутун дунёга очилди. Бу эса мамлакат­нинг хориж сармояси ва туризми учун янада жозибадор бўлишига хизмат қилмоқда. Савдо-иқтисодий алоқалар ривожланмоқда, кўплаб саноат ва уй- жой объектлари қад ростлади. Қирғизистонлик экспертлар бундай конструк­тив сиёсат келажакда ҳам давом этишига ишонади.

Алмаз АБИЛДАЕВ, эксперт (Қозоғистон):

— Ўзбекистонда муҳокама қилинаётган Конституциявий қонун лойиҳаси Қозоғистон жамоатчилиги фаолларида ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Дарҳақиқат, мамлакат тараққиётини юқори суръатларда давом эттириш, ижтимоий ҳимояланган ва эркин фикрловчи замонавий авлодни тарбиялаш учун мустаҳкам қонуний пойдевор қўйиш замон талабига айланмоқда.

Эътиборлиси, Ўзбекистон Бош қомусининг янги лойиҳасида асосий урғу аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамияти бар­по этишга қаратилган. Ушбу лойиҳада “Инсон қадри” тушунчаси ва уни Асосий Қонунга муҳрлашга устувор аҳамият берилмоқда.

Қайд этилганидек, инсонни қадрловчи ижтимоий давлатда аҳоли турмуши учун зарур бўлган ичимлик суви, газ, электр энергияси билан таъ­минлаш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш муҳим рол ўйнайди. Шу мақсадда Ўзбекистон етакчиси аҳоли уй-жойларининг ноқонуний бузилиши ҳолатларига бутунлай барҳам бериш учун фуқароларнинг мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг бар­ча қатламини уй билан таъминлаш бўйича давлат мажбуриятларини мустаҳкамлашни таклиф этмоқда.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев  томонидан чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқаролар ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида давлат ғамхўрлик қилишига оид алоҳида нор­ма киритиш таклиф этилди. Бу каби конституциявий меъёрнинг қабул қилиниши чет элдаги Ўзбекистон фуқароларини, уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ҳуқуқий асос бўлади.

Маълумки, Қозоғистон ва Ўзбекистонни кўплаб умумий жиҳатлар боғлаб туради. Юртингизда янги Ўзбекистон барпо этилаётган бўлса, Қозоғистонда ҳам янги Республика шиори остида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Икки давлат раҳбарлари ҳам аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш авлодни тарбиялаш ва етук кадрлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шак-шубҳасиз, Ўзбекистонда кутилаётган конституциявий ўзгартишлар халқ манфаатларига хизмат қилади.

Гўзал МАИТДИНОВА, Тожикистон Геосиёсий тадқиқотлар маркази директори:

— Тожик ва ўзбек халқлари биргаликда, бир-бирини қўллаб-қувватлаб, минг йиллар давомида тарихий йўлни босиб ўтган абадий қардошлардир. Биз яхши қўшничилик ришталарига муносиб бўлиб, мамлакатларимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларни диққат ва катта қизиқиш билан кузатиб борамиз.

Ўзбекистондаги конститусиявий ислоҳотларнинг асосий мақсади фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, халқ манфаатини ҳар қандай тажовузлардан ҳимоя қилишни таъминлашдан ибо­рат, деб ўйлайман. Бундай амалиёт барча мамлакатларда мавжуд ва маълум бир жамиятнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳарбий-техник ва бошқа қатор ҳаётий ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Конституция оддий хужжат эмас, аксинча, у давлатнинг энг олий ҳуқуқий қонуни бўлиб, жамият тараққиёти билан унга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш зарурати юзага келади. Ўзбекистон Президенти 1992 йилда амалдаги Асосий Қонунни ишлаб чиқишда иш­тирок этган комиссия аъзоси сифатида Конституция мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқлар учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилганини таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев га ва қардош ўзбек халқига ўз мақсадларига эришишда муваффақият тилайман.

Жумамират ГУРБАНГЕЛДИЕВ, Туркманистон Халқаро муносабатлар институти ректори:

— Ўзбекистон нафақат ёш суверен давлат, балки ёшлар давлати ҳамдир. Чунки мамлакат аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Албатта, бу катта бойлик. Бироқ бундай салоҳиятни фақат ривожланган таълим тизими билан амалга ошириш мумкин, у ҳозирги пайтда сезиларли ўзгартишларни бошдан кечирмоқда, ушбу муаммо бўйича кенг кўламли мунозаралар олиб борилмоқда, глобаллашувнинг замонавий муаммолари шароитида миллий таълим тизимларини ривожлантиришнинг янги ссенарийлари ва уларни дунёвийлаштириш стратегиялари изланмоқда.

Шу боис мамлакатнинг Асосий Қонунида янги Ўзбекистон яратувчилари бўлган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркин­ликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг долзарблиги алоҳида таъкидланган. Бундан ташқари, Ўзбекистондаги оилавий қадриятлар, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим соҳалари, шунингдек, илмий ва маданий муассасалар учинчи Ренессанс даврининг энг муҳим бўғинлари, мустаҳкам устунлари ҳисобланади.

Ўзбекистон Конституциясига киритилаётган ўзгартишларда иқтидорли ёшларни доимий тарзда давлат томони­дан қўллаб-қувватлаш зарурлигини мустаҳкамлаш бўйича таклиф этилаётган “Давлат истеъдодли ёшларга молиявий аҳволидан қатъи назар, ўқишни давом эттиришга кафолат беради”, деган нормани алоҳида таъкидламоқчиман. Бу ноёб инновацион конституциявий норма, албатта, давлатнинг интеллектуал элитасини шакллантиришга, самарали инсон ресурсларига ва давлатнинг барқарор, динамик, инновацион ривожланишига ҳамда миллий хавфсизликни таъминлашга ҳисса қўшади.

Рон ЛЕДБЕТТЕР, Теннеси университета юристи:

— Ўзбекистон Асосий Қонунга янги ўзгартишлар киритиш жараёнида катта ўзгаришлар остонасида турибди. Конституция халқнинг интилишлари, истаклари ва умидларини акс эттирувчи ҳужжатдир. Конституциявий комиссия фаолият юритмоқда, кенг жамоатчилик минглаб таклифлар киритди. Бу Президентга ва унинг Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги замонавий давлатга айлантириш борасидаги узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсатига мамлакат халқининг катта қизиқиши ва ишончидан далолат беради. Бунга Конституцияга керакли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали эришиш мумкин. Президент таъкидлаганидек, конституциявий ўзгартишлар барча ҳуқуқ ва эркинликларни, жумладан, муносиб ҳаёт, уй-жой, иш жойи ва бошқаларни таъминлаш орқали Ўзбекистон халқининг фаровонлигини оширишга қаратилиши лозим.

Ўлим жазосини тақиқлаш замонавий сивилизатсия ва инсонпарварлик стандартидир. Давлат раҳбари томо­нидан илгари сурилган тегишли таклиф жуда долзарбдир, чунки яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг энг олий рутбаси ҳисобланади.

Ўйлайманки, халқ бу таклифни бўлажак референдумда қўллаб-қувватлайди.

Ҳукумат ва ҳокимликларнинг халқ олдидаги масъулиятини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу уларнинг фаолиятидаги очиқлик ва ошкораликни таъминлайди. Конституциявий ислоҳотлар Ўзбекистонни ҳақиқий иж­тимоий давлатга айлантиради, унда барча тоифадаги фуқаролар, шу жумла­дан, болалар ва ногиронлиги борлар манфаатлари ҳисобга олинади. Атроф- муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида таклиф этилаёт­ган ўзгартишлар глобал иқлим ўзгариши, жумладан, Орол инқирози фонида жуда зарур.

Ишончим комилки, илга­ри сурилган таклифлар Ўзбекистон халқи томонидан референдумда қўллаб- қувватланади.

Макс СЕЙ, «Kingsley Strategic Institute» ижрочи директори:

— Ўзбекистонда сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилиб, Марказий Осиёда,қколаверса, ривожланаётган давлатлар орасида янги порлоқ юлдуз бўлиб дунёга донг тарата бошлади. Ушбу ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон қанчалик жадал суръатларда ўзгариб, янгиланиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Нафақат мар­казий шаҳарлар ва кўҳна кадамжолар, балки кичик шаҳар ва туман марказларида ҳам сезиларли ўзгаришлар шиддат билан ҳаётга татбиқ қилинаётганини эътироф этмоқчиман.

Энг муҳими, ўзбекистонликлар ўз келажагига юксак ишонч билан қарамоқда, тинч- осойишта ҳаёт кечирмоқда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркин­ликлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Буларнинг барчаси фуқаролик жамиятининг асоси ҳисобланади.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев  раҳнамолигида “Инсон қадри учун” тушунчаси давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, кўплаб хайрли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Халқ кабулхоналари, “Ягона дарча” тизимлари жорий этилганининг ўзи қанчадан-қанча фуқароларнинг оғирини енгил қилди. Энди эса ушбу ислоҳотлар мамлакат Конституцияси даражасида ҳам ўз ифодасини топиш вақти келди, деб ўйлайман.

Ҳар бир давлат Бош қомусини имкон қадар қисқа ва лўнда, шу ўринда халқ ҳаётининг муҳим аҳкомларини ўз ичига қамраб оладиган даражада яратишга ҳаракат қилади. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бориб, халқ иродасига қулоқ солган ҳолда ўз Конституциясига тегишли ўзгартишлар киритиш жараёнини бош­лади. Демак, халқ бунга тайёр ва ўз иродаси ўлароқ янгиликларни хоҳламоқда. Буни Ўзбекистон жамияти фуқаро­лик ва халқ демократиясидан кенг фойдалана бошлаганининг аломати, деб биламан. Бағрикенг ва меҳмондўст Ўзбекистон халқига ушбу туб ислоҳотларни самарали амалга оширишида омад тилаб қоламан.

А. СОЙИБНАЗАРОВ («Халқ сўзи») ёзиб олди.

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech