Халқаро экспертлар билан ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари мавзуси муҳокама қилинди

2022 йил 10 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида БМТ халқаро экспертлари ва Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув халқаро экспертларБМТ Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментининг Инклюзив ва ижтимоий ривожланиш бўлими раҳбари Олег Серёжин, Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг “Санкт-Петербург эксперт-шифокорлар малакасини ошириш институти” Федерал давлат бюджети қўшимча касбий таълим муассасаси ректори Оксана Владимирова, Арманистоннинг “Урарту” амалий психология ва социология университети кафедра мудири Жемма Багдасаряннинг мамлакатимизга амалий ташрифи доирасида ташкил этилди.

Халқаро экспертларнинг ташрифидан кўзланган мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларга оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда уларни реабилитация ва абилитация қилиш ва тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш бўйича кадрлар тайёрлаш миллий тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишнинг миллий механизми бўйича муҳокамалар ўтказиш ва тавсиялар беришдан иборат.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш ва ижтимоий соҳада амалга оширилаётган  ислоҳотлар ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот берди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш ва ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қисқа даврда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси Олий Мажлис томонидан ратификация қилинди. Буларнинг барчаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Халқаро экспертлар Ўзбекистоннинг ижтимоий соҳадаги оқилона сиёсатини юқори баҳоладилар. Бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

 

    Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech