Янги нашр: “ШҲТга аъзо-давлатлар Конституциялари”

Шу йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли халқаро анжуман арафасида Тошкентда “ШҲТга аъзо-давлатлар Конституциялари” номли китоб нашрдан чиқди.

Ушбу китоб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан инглиз ва рус тилларида нашрга тайёрланди ва “Тасвир” нашриётида чоп этилди. Янги нашрнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитига бағишлангани бежиз эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали концептуал мақоласида таъкидланганидек, “ШҲТ ўз моҳиятига кўра, тинчлик, ҳамкорлик ва тараққиёт йўлида бирлашишга, айирмачилик унсуридан холи бўлган жозибадор маконга айланиши лозим. Шу сабабли ҳам ШҲТ фаолиятига қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу тенденция халқаро ва минтақавий муносабатлар тизими трансформация жараёнини бошидан кечираётган бугунги шароитда яққол кўзга ташланмоқда. ШҲТ маконидаги давлатларнинг юксак инсоний, интеллектуал ва технологик салоҳиятга, жадал ривожланаётган иқтисодиётларга ва ҳали тўлақонли фойдаланилмаган табиий захираларга эга экани ташкилотнинг иқтисодий аҳамиятини янада оширишга хизмат қилади”.

Китобга академик Акмал Саидов масъул муҳаррирлик қилган ва сўзбоши ёзган. Сўзбошида қайд этилганидек, ШҲТ – навқирон, айни чоғда жадал ривожланаётган халқаро ташкилотлардан бири. Ўзбекистон  ШҲТ асосий таъсисчиларидан бўлиб, унинг изчил тараққиётига мунтазам равишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўтган даврда ШҲТ маслаҳатлашув механизми шаклидаги тузилмадан кўп томонлама фаолиятга асосланган давлатлараро ташкилотга айланиб улгурди. Бугунги кунда ШҲТ дунёдаги энг йирик минтақавий ташкилот ҳисобланади. Унга аъзо мамлакатларнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрдан иборат. Бу Евроосиё материгининг 60 фоиздан зиёд ҳудуди, деганидир.

ШҲТ мамлакатлари аҳолисининг умумий сони 3,2 миллиард нафарни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткич сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмига тенг. Улкан “ШҲТ оиласи”га учта қитъа – Осиё, Европа ва Африкада жойлашган 21 та мамлакат киради. Айни чоғда ушбу ташкилот билан турли даражаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш истагидаги давлатлар сони муттасил ортиб бормоқда.

Ҳозирги кунда ШҲТ макони – хом ашё, маҳсулот, малакали ишчи кучи ва инсон капитали, технологик салоҳият нуқтаи назаридан салоҳиятли минтақа саналади. ШҲТ улкан транспорт ва транзит имкониятларига эга. Евроосиё маконида “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўналишларида янги халқаро темир йўл ва автомобил йўллари қурилиши стратегик аҳамият касб этмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, ўз тараққиётининг янги тарихий босқичида турган ШҲТ учун катта истиқболга эга бу каби муҳим йўналишлар Ўзбекистоннинг раислиги даврида – 2021-2022 йиларда тайёрланган ўттиздан ортиқ концептуал дастур, келишув ва қарорларда ўз аксини топди.  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг ШҲТга раислиги юртимизда кейинги олти йилда амалга ошириб келинаётган фаол ва очиқ ташқи сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди.

Бу сиёсат, энг аввало, ШҲТнинг географик ўзаги бўлмиш, бугунги кунда яхши қўшничилик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ижобий ва ортга қайтмас жараёнлар рўй бераётган Марказий Осиё минтақасида амалга ошмоқда. Шу ўринда ШҲТ – цивилизациялараро мулоқот ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун истиқболли майдон эканини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.

Янги нашрдан чиққан “ШҲТга аъзо-давлатлар Конституциялари” китоби ШҲТни 2025 йилгача ривожлантириш стратегиясида белгилаб берилган маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасидаги амалий фаолиятнинг мўъжаз мевасидир. ШҲТ маконидаги конституциявий тараққиётга бғишланган янги нашрда айни йўналишдаги муайян умумийликнинг туб моҳияти атрофлича очиб берилган.

ШҲТга хос конституционализмнинг умумийлиги, бир томондан, ушбу Ташкилотга аъзо мамлакатлар Конституцияларининг ривожланиш суръатларида, иккинчи томондан, конституциявий тузум асосларининг принципиал янгиланишида намоён бўлади. Айни чоғда, ҳар қайси давлат ўзининг конституциявий монандлиги, яъни бетакрор ўзига хослигига эга бўлиб, ўз навбатида, бу омил ШҲТ маконида конституциявий-ҳуқуқий плюрализм (ранг-баранглик)  амалда бўлишининг гаровидир.

 ШҲТга аъзо мамлакатлар жамиятларининг таркиби турли миллат ва конфессияларга мансуб аҳолидан иборат. Шунинг учун ушбу давлатлар миллатлараро тинчлик ва динлараро ҳамжиҳатликдан, бу борадаги азалий анъаналарнинг мустаҳкамланишидан, шунингдек, цивилизациялараро мулоқот ривожидан биринчи навбатда манфаатдордир.

Китобдан ШҲТга аъзо давлатлар – Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Конституциялари матни жой олган. Шуни ҳам қайд этиш керакки, айни шакл ва мазмундаги тўплам илк бор нашр этилмоқда.

Китобда ШҲТга аъзо ҳар бир мамлакатнинг конституциявий ўзига хослиги очиб берилган. Шу билан бирга, мазкур нашрни мутолаа қилиш асносида, ШҲТ маконидаги конституционализм тараққиётининг ўзига хос хусусиятларидан бевосита хабардор бўлиш мумкин.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар жараёнида, жумладан, ШҲТ мамлакатларининг конституциявий тажрибасини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, мазкур китоб айни соҳа мутахассислари учун жуда зарур қўлланмадир.

Шунингдек, янги нашр илмий тадқиқотчилар, конституцияшунос олимлар, давлат органлари, илмий ва маърифий муассасалар мутахассислари, талабалар, умуман олганда, жаҳон конституционализми тараққиёти масалаларига қизиққан барча китобхонларга фойдали бўлиши тайин. 

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Aksent

АОКА - Расмий канали

ЎзА

«Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририяти

ҚМПТИ

UZDAILY

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech