ГЕНДЕР ТЕНГЛИК СИЁСАТИ БОРАСИДАГИ ДУНЁ ВА ЎЗБЕКИСТОН ТАЖРИБАСИ ПАРЛАМЕНТЛАРАРО ИТТИФОҚ НИГОҲИДА

2022 йил 9-15 октябрь кунлари Руанда пойтахти Кигали шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг “Гендер тенглик сиёсати ва гендер масалаларни инобатга оладиган парламентлар тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ҳаракатлантирувчи куч сифатида” мавзусидаги 145-ассамблеяси бўлиб ўтди. Унда 110 дан зиёд давлат, жумладан, Ўзбекистондан миллий парламентларнинг 1200 дан ортиқ аъзоси, 45 нафар парламент Спикери иштирок этди.

Ассамблеяда глобал миқёсда ва давлатларда гендер тенглик сиёсати ривожи, парламентларнинг гендер масалалар бўйича фаолиятини қўллаб-қувватлаш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, хусусан, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, халқаро миграция даражаси юқори бўлган мамлакатлар маҳаллий ва минтақавий ривожланишига ҳамда одам савдоси ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг барча шаклларига чек қўйишда парламентлар роли ва аҳамиятини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизнинг гендер сиёсати, гендерга нисбатан сезгир парламентни шакллантириш, конституциявий ислоҳотлар жараёнида гендер тенгликни амалга ошириш борасидаги тажрибаси ҳамда жорий йил сентябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтган Жаҳон парламентлари аёл спикерлари саммити, унда қабул қилинган Тошкент декларацияси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Дунё парламентлари делагациялари Ўзбекистон тажрибасини эътироф этиб, уни кенг тарғиб қилиш лозимлигини таъкидлади.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг тегишли резолюциялари ва Кигали декларацияси қабул қилинди.

Кун тартибидаги масалалар борасида дунё, айрим минтақа ва давлатларда сўнгги йилларда кузатилаётган тенденциялар таҳлили асосида қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш лозим, деб биламиз.

Замонавий дунёда гендер тенглик сиёсати

Бугунги кунда гендер тенглик БМТ, ПИ, бошқа халқаро ва минтақавий ташкилот ва тузилмалар, давлатлар сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Чунки бу инсон қадри, эркинликлари ва манфаатларини кафолатлаш, глобал миқёсда ва давлатлар барқарор тараққиётини таъминлаш, тинчлик ва хотиржамликни ўрнатишнинг асосий талаблари ҳамда зарурий шартларидан ҳисобланади.

Ушбу соҳада биргина БМТ доирасида қатор халқаро шартномалар, хусусан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактлар, Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси каби ўнлаб халқаро ҳужжат қабул қилинган. Улар гендер тенглик ва адолат тамойилларини ўзида акс эттириши, ўзаро боғлиқлиги, бир-бирини тақозо этиши ва тўлдириши ҳамда ҳаётийлиги билан ажралиб туради.

Бунда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция умумэътироф этилган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва гендер тенглигига эришиш борасидаги “жаҳоннинг глобал конституцияси” саналади. Эркаклар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини тўла амалга оширишни таъминлайдиган, гендер тенгликка асосланган конституцияни ишлаб чиқиш гендер тенгсизликни бартараф этишга ёрдам беради ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳуқуқий асос яратади.

Парламентлараро иттифоқ томонидан 2012 йилда қабул қилинган “Гендерга нисбатан сезувчан парламентлар учун ҳаракатлар режаси”нинг ҳаётга татбиқ этилаётгани мамлакатларда ва глобал миқёсда гендер сиёсатни ривожлантириш ва гендер тенгликка эришишга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерриш ассамблеянинг “парламентда аёллар кўпчиликни ташкил этган дунёдаги илк давлат – Руандада” ўтказилгани, “Парламентлараро иттифоқнинг гендер тенглик ва гендерга нисбатан сезгир парламентларни яратишдаги аҳамияти”ни юқори баҳолаганини таъкидлаш жоиз. Унинг сўзларига кўра, “аёллар жамият ҳаётида етакчи ролларни эгалласа, ижроия ва қонун чиқарувчи органлар ҳам кўпроқ масъулиятли бўлади”.

Парламентлараро иттифоқ президенти Дуарте Пачеко ҳам ассамблея асосий кун тартибини танлашда парламентидаги депутатларнинг 61 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этган Руанда тажрибаси инобатга олингани ҳамда “Руанда руҳи” ПИ ишига ижобий таъсир этишига ишонч билдирди. “Дунё парламентларида аёллар вакиллиги ортиб бориши, аёллар имкониятларини кенгайтиришда аёл Спикерларнинг ўрни ва роли бениҳоя каттадир”, деди.

Д.Пачеко, шунингдек, 2022 йил 8-9 сентябрда Ўзбекистонда 17 аёл спикер, 120 дан ортиқ аёл депутат иштирок этган Жаҳон парламентлари аёл раҳбарлари саммитида қабул қилинган “Барқарорлик ва фаровонликни ошириш мақсадида хатарларнинг олдини олиш: Парламент етакчилиги” номли Тошкент декларациясининг гендер тенгликка эришиш йўлида муҳим ҳужжат эканига алоҳида эътибор қаратди.

Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистонда гендер тенглик ва гендерга нисбатан сезгир институтлар, жумладан, “гендер масалаларга сезгир парламент” яратилгани, улар барча хотин-қизларнинг эркаклар билан бир хил ва тенг ҳуқуқ, эркинликлардан тўлиқ фойдаланиши, ҳар қандай хатардан холи, муносиб ҳаёт кечириши, умуман, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ҳаракатлантирувчи кучга айланиб бораётганига урғу берди.

М.Чунгонгнинг сўзларига кўра, БМТ ва ПИ томонидан соҳага оид халқаро ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бугунга келиб миллий парламентларда аёлларнинг улуши 26,1 фоизни ташкил этди (2001 йилда – ўртача 14 фоиз). 193 мамлакатдан бештасида - Руанда (61 фоиз), Куба (54,4 фоиз), Никарагуа (50,6 фоиз), Мексика (50 фоиз) ва Бирлашган Aраб Aмирликлари (50 фоиз), Янги Зеландия (49,7 фоиз), Исландия (47,6 фоиз) ва Коста-Рика (47,4 фоиз)да парламент аъзоларининг кўпчилигини аёллар ташкил этади. Бош котиб “парламентида аёлларнинг салмоғи 33 фоизни ташкил этган Ўзбекистон жаҳон мамлакатлари рейтингида 55-ўринга кўтарилгани”га эътибор қаратди.

Ҳали-ҳануз дунёда бирор мамлакат гендер масалаларни тўла ҳал қилган, деб бўлмайди. Шунинг учун ПИнинг 145-ассамблеяси асосий ҳужжати бўлмиш Кигали резолюциясида таъкидланганидек, дунё мамлакатлари даражасида ва глобал миқёсда гендер сиёсатни ривожлантириш, “гендерга нисбатан адолатли ва гендер сиёсатни қўллаб-қувватловчи жамиятни шакллантириш”, қарорлар қабул қилишда сиёсий институтлар томонидан аёллар хизмат қиладиган  ташкилотларда хотин-қизларнинг овозларини инобатга олишни таъминлашда гендер сезувчан парламентлар ишини йўлга қўйиш ва уларни баҳолашда қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан,

  • гендер масалаларни инобатга олган ҳолда парламент тузилмаларини такомиллаштириш;
  • парламентда “гендер маданият”ни шакллантириш, “гендер сезувчанликни” тушуниш, уни парламент фаолиятининг асосий тамойилларига айлантириш ва амалиётда қўллай билиш;
  • жамият ва давлат ҳаётида гендер тенгликни таъминлаш стрaтегиясини ривожлантириш, гендер масалаларни инобатга олувчи бюджетни шакллантириш ва гендер аудитини амалга ошириш;
  • жамиятдаги гендер тенгликка нисбатан муносабатни доимий мониторинг қилиш, ўрганиб бориш, тегишли тадқиқотларни амалга ошириш ва тaвсиялaр тайёрлаш;
  • гендер тенглик сиёсатининг ҳаётга татбиқ этилиш ҳолати ва хотин-қизларнинг давлат бошқаруви органларидаги вакиллиги ва иштирокини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда.

Глобал гендер тенглик ва Конституция

Бугунги кунда гендер тенгликни таъминлашда тегишли масалаларнинг дунё конституцияларида акс эттирилиши, “гендер масалаларга сезгир конституциялар” қабул қилиниши тенденциялари намоён бўлмоқда. Албатта, Ўзбекистон ҳам ушбу йўналишдан жаҳон ҳамжамияти билан бирга қадам ташламоқда.

Бу борада Парламентлараро иттифоқ Бош котиби М.Чунгонг Ўзбекистондаги гендер сиёсат ва конституциявий ислоҳотлар хусусида гапириб, “Гендер сезгир Конституция” қабул қилиниши мамлакатда хотин-қизларнинг эркинликлари, ҳуқуқлари ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, улар камситилиши ва уларга нисбатан ҳар қандай зўравонликка йўл қўйилмаслигига хизмат қилиши”ни таъкидлади. Руанда парламенти Депутатлар палатаси Спикери Донатилла Мукабалиса ҳам “Руандада гендер тенглик ва аёлларнинг раҳбарлик лавозимларини тарғиб қилиш конституциявий мажбурият” экани, Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотлар эса дунёдаги умумий тенденцияларни инобатга олаётганини кўрсатиб ўтди.

Соҳага оид дунё конституционализмини ўрганиш халқаро мажбуриятларга мувофиқ хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги тенглик тамойилини амалга ошириш йўлидаги биринчи қадам сифатида гендер тенглик тамойилини конституцияларга киритилаётганидан далолат беради. Бунда гендер нуқтаи назардан конституциявий ислоҳотларнинг асосий вазифаси, хусусан, қуйидагилардан иборат:

биринчидан, Конституцияга умумэътироф этилган принцип ва нормаларни киритиш. Бугунги кунда дунё конституцияларининг 98 фоизи тенглик ва камситилмаслик, 94 фоизи зўравонликдан ҳимоя қилиш, 86 фоизи хотин-қизларнинг таълим олиши, 85 фоизи ижтимоий хизматлардан фойдаланиш кафолати, 44 фоизи дискриминацияга қарши чоралар ва 12 фоизи хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича алоҳида қоидаларни ўз ичига олади;

иккинчидан, барча жабҳада хотин-қизларнинг конституциявий назорат ва ислоҳотлар жараёнларида тўлиқ ва тенг иштирок этишини таъминлаш лозим;

учинчидан, конституцияни янгилашда жаҳон давлатларининг гендер омилларни, айниқса, “камситувчи конституциявий қоидаларга” барҳам бериш борасидаги ижобий тажрибасини инобатга олиш керак.

Шу билан бирга, хотин-қизлар ҳуқуқларига оид конституциявий нормалар тенглик ва камситилмасликнинг умумий тамойиллари билангина чегараланмай, аёлларнинг ўзига хос ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам қамраб олиши лозим. Улар таълим, соғлиқни сақлаш, фуқаролик, сайланадиган ва тайинланадиган органларда иштирок этиш каби соҳаларни ҳам назарда тутиши зарур.

Бунда конституциявий ислоҳотлар, хусусан, қуйидаги вазифаларни ҳал этишни кўзлайди:

  • Эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликни таъминлаш учун вақтинчалик махсус чораларни ҳаётга татбиқ этиш. Хусусан, Греция Конституциясининг 116-моддасида “Эркаклар ва аёллар ўртасидаги тенгликни таъминлашга қаратилган ижобий чора-тадбирларни қабул қилиш жинсга кўра камситиш ҳисобланмайди. Давлат реал ҳаётдаги тенгсизликларни, хусусан, аёллар зарарига барҳам бериш чораларини кўради”, деб белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, 22-модданинг 1-бандида “Барча ишчилар, жинси ёки бошқа хусусиятларидан қатъи назар, тенг қийматдаги иш учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга”, деб кўрсатилган бўлса, ўша 116-моддада “Вазирликнинг норматив характердаги қарорлари, шунингдек, 22-модданинг 1-банди қоидаларига зид бўлган иш ҳақини белгиловчи жамоа шартномалари ёки ҳакамлик судларининг қарорлари ушбу Конституция кучга кирган кундан бошлаб уч йилдан кечиктирмай алмаштирилгунга қадар ўз кучида қолади”, дейилган.

Aвстрия Конституциясининг 7-моддасида бундай қайд этилган: “Федерация, штатлар ва муниципалитетлар эркаклар ва аёлларнинг де-факто тенглигини қўллаб-қувватлайди. Aёллар ва эркакларнинг де-факто тенглигини таъминлашга, хусусан, реал ҳаётдаги тенгсизликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларга рухсат этилади”.

  • Гендер масалаларни инобатга олган бюджетлар ишлаб чиқилишини таъминлаш. Aвстрия Конституциясининг 13-моддасида: “Федерация, штатлар ва муниципалитетлар бюджет тузишда аёллар ва эркакларнинг тенг мақомини таъминлашга интиладилар”, дея белгилаб қўйилган.
  • Аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги иштирокини конституциявий қоидага айлантириш. Хусусан, Франция Конституциясининг 1-моддасида “Қонун хотин-қизлар ва эркакларнинг сайлов мандатлари ва сайланадиган лавозимлардан, шунингдек, масъулиятли касбий ва ижтимоий мансабларидан тенг фойдаланишига кўмаклашади”, деб таъкидланган бўлса, 3-моддасида “Қонунда белгиланган шартларга мувофиқ ўзларининг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланувчи ҳар икки жинсдаги вояга етган барча француз фуқаролари сайловчилар ҳисобланади” ва 4-моддада сиёсий партиялар ва уюшмалар “қонунда белгиланган шартларга мувофиқ 1-модданинг 2-бандида баён этилган тамойилнинг амалга оширилишига” кўмаклашишлари борасидаги нормалар кўрсатилган.

Умуман, мамлакатимиздаги конституциявий ислоҳотларни ўрганиб чиққан хорижий парламентарийлар ва экспертлар янгиланаётган Ўзбекистон Конституциясига:

  • инсон қадр-қиммати, эркинликлари, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳурматлаш ва ҳимоя қилиш;
  • ижтимоий ва ҳуқуқий давлат қуриш, адолатли очиқ фуқаролик жамиятини шакллантириш;
  • хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш каби вазифаларни ҳал этишга қаратилган 100 дан зиёд муҳим янгилик гендер сиёсатни мутлақо янги босқичга олиб чиқади, деб қараб, уларни ижобий баҳоламоқда.

Уларнинг фикрича, ушбу янгиликлар нафақат соҳага оид халқаро шартномалар тегишли тамойиллари ва қоидаларини қонунчилигимизга имплементация қилиш, балки халқаро ҳуқуқнинг ўзини ҳам ривожлантиришга туртки бўлиши мумкин.

Барқарор ривожланиш мақсадларини таъминлашнинг янги имкониятлари

Гендер сиёсатни ривожлантиришда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби алоҳида аҳамият касб этади. Барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсадига мувофиқ, 2030 йилга келиб хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида хотин-қизларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлат ва унинг минтақалари барқарор ривожланиши борасидаги давлат дастурларини қабул қилишда гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.

Глобал Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон ҳам “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар”ни белгилади. Ушбу Миллий мақсадларнинг бешинчисини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифа ишлаб чиқилди ва улар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Жумладан, мамлакатимиз Миллий БРМ доирасида қуйидагиларни ўз зиммасига олган:

  • ҳамма жабҳада хотин-қизларга нисбатан камситилишнинг барча турларини тугатиш;
  • давлат ва хусусий секторда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг барча турларини йўқ қилиш;
  • жамият ҳаётида хотин-қизларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва барча даражада етакчилик учун тенг имкониятларни таъминлаш;
  • давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини тўлиқ акс эттириш.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш нуқтаи назаридан келиб чиқиб, Парламентлараро иттифоқнинг 145-ассамблеясида гендер масалалардан ташқари яна бир муаммо – миграция, айниқса, аёллар миграцияси масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда бошқариладиган миграцияни қўллаб-қувватлаш парламентарийларнинг асосий ва устувор вазифаларидан бўлиши кераклиги эътироф этилди.

Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш “барқарор ривожланишни рағбатлантириш ва 2030 йилгача бўлган кун тартибини амалга ошириш, кўлами ва хавфи ортиб бораётган иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш, очлик инқирози ва кучайиб бораётган гуманитар фавқулодда вазиятларга қарши туриш учун ресурсларни сафарбар қилиш, бошқариладиган миграцияни қўллаб-қувватлаш, дунёда тинчлик, тенглик ва ҳамма учун бир хил имкониятлар яратишда” жаҳон парламентларининг роли юқори эканини таъкидлади.

Руанда Президенти П.Кагаме глобал Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, хусусан, миграция ва бошқа долзарб ижтимоий муаммоларга эътибор қаратди. “Дунёнинг қай бир қисмига назар ташламанг, муаммолар бор. Фақат Aфрикагина “муаммолар қитъаси” эмас. Шунинг учун биз бу муаммолар билан шуғулланишимиз керак. Сўнгги йигирма йил давомида бу борада адолатни таъминлаш ва фаровонликка эришиш Руанданинг мақсадига айланди ва ушбу ғоялар бизнинг барча хатти-ҳаракатимиз, амалиётимизнинг асосини ташкил этди”, дея таъкидлади.

Ассамблеяда Парламентлараро иттифоқнинг Демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бюроси томонидан тайёрланган “Халқаро миграция даражаси юқори бўлган мамлакатларнинг маҳаллий ва минтақавий ривожланишига парламентнинг таъсири ҳамда одам савдоси ва инсон ҳуқуқлари бузилишининг барча шаклларига, жумладан, давлат томонидан қўллаб-қувватланишига чек қўйиш” номли резолюция ҳар томонлама кўриб чиқилди ва қабул қилинди.

Ушбу резолюцияда:

  • глобал норматив ҳужжатлар қабул қилинишида миграция ва миграцияни бошқариш бўйича парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласига урғу берилди;
  • парламентлар миграция бошқарувини оптималлаштириш ва мажбурий ҳамда тартибсиз миграциянинг асосий омилларини, хусусан, ўта қашшоқлик, иқлим ўзгариши ва табиий офатларни бартараф этиш учун 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибига эришишда фаол иштирок этишга, шунингдек, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни илгари суришга чақирилди;
  • мазкур муаммоларни ҳал этишга қаратилган миллий ва халқаро дастурлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳукуматлар контрабанда ва одам савдосининг олдини олиш, тергов қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш ва унга қарши курашиш ҳамда ушбу фаолият билан боғлиқ молиявий оқимларни аниқлаш ва тўхтатиш бўйича халқаро ҳамкорликни кучайтиришга даъват этилган.

Парламентлараро иттифоқ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларнинг эътироф этилиши

Ўзбекистон делегациясининг Парламентлараро иттифоқ ассамблеясидаги иштироки даврида ушбу ташкилот президенти Дуарте Пачеко, Бош котиби Мартин Чунгонг, Осиё Парламентлар ассамблеяси Бош котиби доктор Муҳаммад Ризо Мажидий, Руанда, Швеция, Зимбабве, БАА, Уругвай, Сербия ҳамда бошқа давлатлар парламентлари раҳбарлари ва аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Хусусан, Д.Пачеко Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Тошкентдаги учрашувдан катта таассурот олганини алоҳида таъкидлаб: “Ўзбекистон Президенти ўзига хос қобилиятга эга миллат етакчиси, Марказий Осиёдаги кучли, кўзга кўринган сиёсий раҳбар. У кучли ва самарали парламент тарафдори. Унинг парламент ролини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлари кўплаб давлат раҳбарлари учун намуна бўла олади”, деди.

Д.Пачеко “Спикер аёлларнинг Тошкент саммити юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик” билдирди. Ўзбекистоннинг гендер сиёсат борасидаги тажрибаси эътиборга лойиқлиги, шунинг учун Тошкент декларациясини 145-ассамблея кун тартибига киритишга қарор қилинганига урғу берди.

2021 йилнинг июнь кунлари Бухоро шаҳрида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик масалаларига бағишланган халқаро форумнинг юқори натижалари ва Бухоро декларацияси қабул қилинганини эътироф этди.

М.Чунгонг “Ўзбекистоннинг фаоллиги юксак эътирофга лойиқ”, деб таъкидлади. Унинг иштирокида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” чорлови остида Ўзбекистон ёшлар парламентлари форумида тадбирларнинг натижадорлигига алоҳида тўхталди.

М.Чунгонгнинг таъкидлашича, “Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг БРМларни бажаришда ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги резолюциясини қабул қилиш борасидаги ташаббусини тўла қўллаб-қувватлайди”.

Умуман, Парламентлараро иттифоқ раҳбарияти ва аъзолари ушбу ташкилот билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ижобий баҳолаб, уни янги босқичга олиб чиқиш истагини билдирди.

Акмал САИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech