Умумий маълумот
2018 йилнинг 22–23 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги якунлари: замонавий таҳдидлар ва реал воқелик” мавзусида Осиё форуми бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумида халқаро ташкилотларнинг вакиллари, хусусан, БМТ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро миграция ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЕХҲТнинг Парламент Ассамблеяси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Осиё Парламент Ассамблеяси, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси, МДҲ, шунингдек 20 та хорижий давлатларнинг экспертлари иштирок этди.
Осиё форуми иштирокчилари томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд Декларацияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2019 йил 6 февралдаги 73-сессиясида тасдиқланган.
Осиё форуми якунида инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мазкур халқаро анжуманни мунтазам ўтказиш муҳимлиги ва зарурлиги таъкидланди.
2022 йил 10 декабрда инсоният тарихида биринчи марта инсоннинг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини эълон қилган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллигини нишонлаш бўйича бутун дунё бўйлаб кампания бошланади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси эълон қилингандан сўнг, халқаро ҳамжамият инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини тан олди ҳамда уларга инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва механизмлари орқали риоя этилишига кўмаклашмоқда. Мазкур ҳуқуқлардан бири – таълим олиш ҳуқуқи – барча инсон ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл очадиган бошланғич нуқтадир. Таълим олиш ҳуқуқи – инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ҳамда ушбу ҳуқуқларни ўрганиш, шунингдек жамиятимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш усуллари, воситаларини ҳам ўз ичига олади. Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия – бу инсон ҳаёти мобайнида давом этадиган ва турли ёшдагиларга тегишли бўлган жараён.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ҳақидаги қоидалар кўплаб халқаро меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган бўлиб, ушбу стандартларни белгилаш жараёни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2011 йил декабрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилиниши билан якунланди. Унда айтиладики:
– ҳар бир шахс ва жамиятнинг ҳар бир органи маърифат ва таълим орқали инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишга кўмаклашиши керак;
– ҳар бир инсон таълим олиш ҳуқуқига эга ва таълим инсон шахси ва қадр-қимматини ҳар томонлама ривожлантиришга, барча шахсларга эркин жамиятнинг фойдали иштирокчиси бўлишига имкон беришга ва барча миллатлар ва барча ирқий, этник ёки диний гуруҳлар ўртасида ўзаро тушуниш, бағрикенглик ва дўстликни ривожлантиришга, шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ҳамда тараққиёт ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича фаолиятига кўмаклашиши лозим.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия декларациясини қабул қилиш билан аъзо-давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия халқаро ҳамжамият ҳамда барча давлатлар учун устувор вазифа бўлишига келишиб олдилар. Декларация давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбияни рағбатлантириш ва таъминлаш ҳамда барча тегишли субъектлар, жумладан, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва хусусий секторларнинг иштирок этиши учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш бўйича масъулиятини тасдиқлади.
Глобал форум ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТнинг Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг 46-сессиясида илгари сурилди.
Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия барча учун инсон ҳуқуқларининг универсаллиги, бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги тамойилларига мувофиқ барча инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларига умумий ҳурмат ҳамда уларга риоя этилишини рағбатлантиришда фундаментал аҳамиятга эга. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим кенг иштирок тамойилига асосланади ҳамда ўқувчиларнинг эҳтиёжларига йўналтирилган бўлиб, уларга танқидий таҳлил ва амалий фаолият учун зарур бўлган билим ва муҳим кўникмаларни беради. Бу инсонларга ўз ҳуқуқлари тўғрисида билиш ва уларнинг самарали қониқтирилишини талаб қилиш имконини беради, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш ва таъминланиши учун масъул бўлган ҳокимият вакилларига ва бошқа шахсларга ушбу мажбуриятларни бажариш қанчалик муҳимлигини тушунишга ёрдам беради. Бу инсонларнинг ҳаётига таъсир этувчи барча – сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик – қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўла ҳуқуқли иштирокини таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарлик, зўравонлик ва низоларнинг олдини олиш учун ўта муҳим аҳамиятга эга.
Декларациянинг ғояси ва тамойиллари таълим соҳасидаги халқаро фаолиятнинг кўпгина йўналишларига ўз таъсирини кўрсатди.
Таълим соҳасига йўналтирилган яна бир муҳим ҳужжат – БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларидир (БРМ). Барқарор ривожланиш соҳасидаги тўртинчи мақсадида умумқамровли ва адолатли сифатли таълимни таъминлаш ҳамда барчага бутун умри давомида таълим олиш имкониятини рағбатлантириш, ёшлар ва катталарнинг сезиларли қисми учун бепул, сифатли таълим олиш ва касбий тайёргарликка имкониятлар яратилиши вазифаси белгиланган. Таълим олиш инсонлар ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш учун асос яратади ҳамда қашшоқликдан олиб чиқишда муҳим роль ўйнайди.
Инклюзив ва адолатли сифатли таълим билан боғлиқ 4-мақсаднинг
7-вазифасида “2030 йилга бориб, барча ўқувчиларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни эгаллашларини, шу жумладан, барқарор ривожланиш ва барқарор турмуш тарзи, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги, тинчлик ва зўравонликдан воз кечиш маданиятини тарғиб қилиш, фуқаролик ва маданий хилма хиллик қадр-қиммати ҳамда маданиятнинг барқарор ривожланишга қўшган ҳиссасини таълим бериш орқали таъминлаш” назарда тутилган.
2004 йилнинг 10 декабрида БМТнинг Бош Ассамблеяси барча секторларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури эълон қилинди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) Жаҳон таълим дастурининг глобал даражада мувофиқлаштиришни амалга оширади.
Жаҳон таълим дастури барча секторларда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим дастурларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида кетма-кет босқичлар асосида ташкил топган, доимий амалга ошириладиган ташаббус бўлиб, аъзо-давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни бошланғич ва ўрта мактаб тизимида, олий таълим тизимида ҳамда ўқитувчи ва тарғиботчилар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва барча даражадаги ҳарбийлар, шунингдек ОАВ вакиллари учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим дастурларида жорий этиб боришлари керак.
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастури БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини миллий даражада амалга оширишни фаоллаштиришга хизмат қиладиган фойдали воситадир.
Жаҳон таълим дастури инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатларни муайян секторлар ва муаммоларга йўналтирилган кетма-кет босқичлардан иборат:
биринчи босқич (2005–2009 йй.) – бошланғич ва ўрта мактабларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим билан боғлиқ бўлган;
иккинчи босқич (2010–2014 йй.) – олий таълим тизимида ҳамда ўқитувчилар ва мураббийлар, давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбийларни касбий тайёрлаш дастурида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга бағишланган;
учинчи босқич (2015–2019 йй.) – эркин, мустақил ва плюралистик оммавий ахборот воситаларининг адолатни тарғиб қилиш, камситишларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишдаги муҳим ролини эътироф этган ҳолда инсон ҳуқуқлари соҳасида ОАВ мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди;
2020 йилдан 2024 йилга қадар ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ва ўқитишга йўналтирилган, инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берадиган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда.
2018 йилдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ёшлар стратегияси БМТга ёшларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш ҳамда уларнинг фуқаролик ва сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлашни, хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим орқали саъй-ҳаракатларини кучайтириш масъулиятини юклайди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим – бу янгиланишлар манбаи ва фаол фуқаролар сифатида ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, ўз ҳуқуқлари ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун муҳим стратегия ҳисобланади. Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичидаги ҳаракатлар режасидан якуний хулоса ва олға интилиш учун қўлланма сифатида фойдаланиш йўли билан ёшлар учун ҳамда ёшлар иштирокида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш тинч, адолатли ва барқарор келажакка қўшилаётган муҳим ҳисса ҳисобланади.
Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида давлатлар ва тегишли манфаатдор томонларга олдинги уч босқични амалга оширишда тараққиётга эришиш мақсадида саъй-ҳаракатларни кучайтириш ва қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш тавсия этилади:
аёллар, қизлар, болаларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда самардорликка эришиш ва 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш доирасидаги Кун тартибининг “ҳеч кимни ёддан чиқармаслик” мақсадига мувофиқ заиф аҳволдаги гуруҳлар ва шахслар билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш, шунингдек амалга оширилган ишларни мувофиқлаштириш;
расмий ва норасмий таълим ва тарбия доирасида, хусусан, болалар ва ёшлар билан ишлайдиган ўқитувчилар учун инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбияни ташкил этиш;
тегишли тадқиқотлар ва баҳолашни ўтказиш, илғор тажриба ва олинган сабоқлар тўғрисида маълумот алмашиш, шунингдек барча масъул шахслар ўртасида ахборотларни тарқатиш.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишда таълимнинг роли ЮНEСКО, ХМТнинг кўплаб халқаро ҳужжатларида алоҳида таъкидланган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномалар бўйича зиммасига олинган мажбуриятларни бажариш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2019 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларининг ижроси юзасидан Миллий ҳаракатлар дастури ва “Йўл харитаси” қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан 78 та аниқ чора-тадбирларнинг амалга оширилиши назарда тутилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинди. Улар 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида халқаро рейтинг ва индекслар бўйича дунёнинг етакчи 50 та давлатлари қаторига кириши билан чамбарчас боғлиқ.
Миллий стратегия доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигига олий таълим муассасаларида, кадрлар, жумладан, судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув марказларида, шунингдек мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” ўқув курсларини жорий этиш бўйича вазифа юклатилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияни ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5664-сонли фармойишида халқаро шартномалар ва стандартлар нормаларини, БМТнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчи тузилмалари тавсиялари, шунингдек ўзбек жамиятининг тарихий, миллий ва маданий қадриятларини ҳисобга олган ҳолда Инсон ҳуқуқлари соҳасида Миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лойиҳаси тайёрланди.
Юқорида кўрсатилган халқаро ҳужжатлар доирасида мамлакатимиз зиммасига олган мажбуриятларни, шунингдек пандемия ва унинг оқибатлари натижасида юзага келган янги таҳдид ва муаммоларни ҳисобга олиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида инсон ҳуқуқлари бўйича таълимни ташкил этиш ва мазмунида янги ёндашувларни, янги методологияларни ва амалиётни ишлаб чиқиш масаласи кун тартибига қўйилмоқда.
ГЛОБАЛ ФОРУМНИНГ МАҚСАДИ, ВАЗИФАЛАРИ, ФОРМАТИ, КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР
Форумнинг асосий мақсади – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурини амалга оширишнинг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилиш, бу соҳадаги илғор тажриба, амалиёт ва инновацион ёндашувларнинг тақдимотини ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикр алмашиш ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 2022 йил 6 октябрдаги “Инсон ҳуқуқлари соҳасида Жаҳон таълим дастури” 51/2-сонли резолюциясига мувофиқ, Глобал форум доирасида 2030 йилгача бўлган даврда Кун тартиби ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбия бўйича бошқа тегишли ташаббуслар билан уйғунлашувни ҳисобга олган ҳолда, Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун мақсадли секторлар, асосий соҳалар ёки инсон ҳуқуқларининг мавзули масалалари юзасидан таклифлар муҳокама қилинади.
Глобал форумнинг вазифалари:
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастури қоидаларини амалга ошириш билан боғлиқ халқаро, минтақавий ва миллий инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг тажриба ва ёндашувларини муҳокама қилиш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбиянинг долзарб муаммоларни ҳал қилишда, хусусан, камситиш ва зўравонлик экстремизмининг олдини олишдаги ҳиссасини ўрганиш;
сўнгги йилларда миллий даражада инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбиянинг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотларни таҳлил қилиш ва улар юзасидан таклифлар тайёрлаш;
барча даражадаги, шу жумладан, илғор тажриба ва олинган сабоқлар, шунингдек мавжуд материаллар, муассасалар ва дастурлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш, тўплаш ва тарқатиш йўли билан ахборот алмашинуви;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун мақсадли секторлар, асосий соҳалар ёки инсон ҳуқуқларининг мавзули масалалари юзасидан таклифлар тайёрлаш;
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш доирасида Кун тартибининг 4.7-вазифасига мувофиқ яқин йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни миллий даражада амалга оширилишини янада рағбатлантириш.
Глобал форумнинг формати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессияларидаги ташаббусига мувофиқ 2022 йилнинг 5–6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТнинг ИҲОКБ шафелигида гибрид форматда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади.
Ушбу формат катта аудиторияга, бутун дунёдан экспертларга виртуал уланиш ва муҳокама сессияларида қатнашиш имконини беради.
Глобал форум халқаро экспертлар, мутахассислар, давлат органлари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, юқори лавозимли шахсларнинг иштирокида маросимнинг очилиш, ёпилиш, ялпи ва параллель сессияларни ўз ичига олади.
Ялпи ва параллель сессиялар пайтида модераторлар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб аудиторияни фаол жалб қилган ҳолда мақсадли йўналтирилган мунозараларни қўллаб-қувватлашда асосий ролни ўйнайдилар.
Ушбу мунозаралар жараёнида иштирокчилар барча даражадаги, шу жумладан, илғор тажриба ва олинган сабоқлар, шунингдек мавжуд материаллар, муассасалар ва дастурлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш, тўплаш ва тарқатиш йўли билан ахборот алмашиш имконига эга бўладилар.
Глобал форум давомида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш доирасида Кун тартибининг 4.7-вазифасига мувофиқ яқин йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ва тарбияни миллий даражада амалга оширилишини янада рағбатлантирадиган халқаро, минтақавий ва миллий миқёсда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
“Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим" Глобал форум дастури
Форум доирасида 2 та ялпи мажлис ўтказилиши режалаштирилган:
1-Ялпи мажлис
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларацияси: ютуқлар ва замонавий хавфлар, ушбу мажлис доирасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия декларациясининг амалга оширилиш жараёни, инсон ҳуқуқлари бўйича самарали таълимга эришиш мақсадида тамойиллар ва ёндашувлар, шунингдек дунёнинг турли бурчакларида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги технологияларнинг ривожланиши ва замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ютуқлар, олинган сабоқлар ва хулосалар муҳокама қилинади.
2-Ялпи мажлис
Ялпи мажлис доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича фикрлар алмашилади ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилади.
Форум доирасида “Глобал, минтақавий ва миллий миқёсда инсон ҳуқуқлари бўйича расмий таълим тамойиллари ва ёндашувларининг хилма-хиллиги ва бирлиги” мавзусидаги параллел сессиялари ташкил этилади, унда 4 та сессия йиғилишида иштирокчилар томонидан қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
мактаб ёшидаги болаларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълими: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар;
олий таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар (COVID-19, технологиялар, интернет ресурсларини ривожлантириш, геосиёсат ва бошқалар);
юридик касб вакиллари (судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адвокатура) учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги узлуксиз таълимни таъминлаш: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар;
фуқаролик жамияти учун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги норасмий таълим: тамойиллар, ёндашувлар ва замонавий хавфлар (гендер жиҳатлар, инклюзивлик, миграция ва оммавий ахборот воситаларига эътибор қаратган ҳолда).
Ялпи ва сессия мажлислари давомида халқаро, минтақавий (Осиё, Америка, Африка, Европа) ва миллий даражадаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг илғор тажрибалари тақдим этилади.
Норасмий муҳитда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим муҳим роль ўйнайди ва расмий таълим муҳитида инсон ҳуқуқлари таълимини, айниқса, изоляция ва заифлик шароитларида ёшлар учун янги усуллар билан тажриба ўтказишга платформани таклиф қилган ҳолда, кириш имкониятларини кенгайтириб сезиларли даражада тўлдиради.
Форумнинг иккинчи куни доирасида “Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳорат дарслари” ўтказилиши режалаштирилган, унда дунёнинг турли университетларининг инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи профессорлари Ўзбекистоннинг юридик таълим муассасаларида (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Нукус ва бошқалар) инсон ҳуқуқларини ўқитиш бўйича “маҳорат дарслари” ўтказадилар. Ушбу “маҳорат дарслари”га кириш ҳам офлайн, ҳам онлайн иштирокчилар учун тақдим этилади. Бундай маърузаларни эълон қилиш форум бошланишидан олдинроқ амалга оширилади.
Кутилаётган натижалар:
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларациясини ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш натижаларини сарҳисоб қилиш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимга мавжуд халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ва ёндашувларни қўллаш кўламини таҳлил қилиш;
халқаро миқёсда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасидаги тажриба ва энг самарали амалиётларни тарғиб қилиш;
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурини амалга ошириш бўйича турли гуруҳлар учун асосий вазифаларни белгилаш;
Инсон ҳуқуқлари бўйича Жаҳон таълим дастурининг бешинчи босқичи учун мақсадли секторлар, асосий соҳалар ёки инсон ҳуқуқларининг мавзули масалалари юзасидан аниқ тавсияларни ишлаб чиқиш;
пандемиядан кейинги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда таълим дастурлари ва тавсияларини тўғрилаш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш.
Форумни ташкил этиш
Форумнинг Миллий ташкилотчиси:
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази.
Халқаро ҳамкорлар:
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТнинг ИҲОКБ Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг Мамлакат жамоаси, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси, ЮНИCEФ, Европа Кенгаши, Фридрих Эберт номидаги жамғарма ва бошқа халқаро ҳамкорлар.
Иштирокчилар:
Глобал форумда миллий ва хорижий экспертлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, академик ҳамжамият, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, таълим муассасаларининг ўқитувчи ва талабалари, шунингдек халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларининг иштироки кўзда тутилган.
Форум иштирокчиларининг онлайн рўйхатдан ўтиши www.asianforum.uz сайтида амалга оширилади.
Тадбир ўтказилиш санаси ва жойи:
2022 йил 5–6 декабрь, Самарқанд шаҳри
Мулоқот тили:
Ўзбек, инглиз ва рус тиллари
Боғланиш учун маълумот:
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази
Электрон почта манзили: globalforum@nhrc.uz; info@nhrc.uz
Телефон / Факс: (+ 998 71) 239 47 22
- Қўшилди: 07.11.2022
- Кўришлар: 6287
- Чоп этиш