ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН АДВОКАТУРАСИ: Тараққиёт стратегиясида ушбу соҳани ривожлантириш алоҳида мақсад этиб белгиланган

Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган сиёсат марказида инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсади мужассам. Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, аввало, жиноий тажовузлардан ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатларини таъминлашга, шунингдек, инсон шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мустақил адвокатура фаолиятини самарали ташкил этишни назарда тутади. Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир”.

 

Тараққиёт стратегияси  ва адвокатура

 

Тараққиёт стратегиясининг 19-мақсади – “Адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш”дан иборат.

Бу устувор мақсадга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланган:

биринчидан, адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш ва адвокатурага ёш малакали кадрларни жалб қилиш;

иккинчидан, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш;

учинчидан, адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий ва институционал асосларини шакллантириш;

тўртинчидан, адвокатлик фаолиятини рақамлаштириш. Бошқача айтганда, адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини
жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари
билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш;

бешинчидан, бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш;

олтинчидан, нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг хизматларидан оворагарчиликсиз, шу жумладан масофадан туриб ва “ягона дарча” тамойили асосида фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Бу борадаги ҳуқуқий ва ташкилий ишлар изчил амалга оширилмоқда.

Айниқса, адвокатларнинг онлайн лицензия олиш имконияти яратилаётгани оворагарчиликларга чек қўйиб, бор кучини фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сарфлашига йўл очади. Малака имтиҳонини топшириш, лицензия олиш, адвокатлик бюросини рўйхатдан ўтказиш, адвокатлик гувоҳномасини олиш бўйича композит хизмат кўрсатиш йўлга қўйилмоқда. 

Шунингдек, “Юридик ёрдам” ахборот тизими яратилмоқда. Ушбу тизим адвокат сўровини электрон юбориш, электрон тартибда адвокат ордерини олиш, адвокатлар, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашиш имконини беради.

Бу, ўз навбатида, адвокатнинг электрон шахсий кабинети орқали жисмоний ва юридик шахслар билан онлайн мулоқот қилиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда масофадан туриб юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида онлайн битимлар (шартномалар) тузиш ва онлайн юридик ёрдам кўрсатишига ҳам йўл очади. 

 

Адвокатуранинг конституциявий мақоми

 

Мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар давом этмоқда. Умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар асосида ушбу ҳужжат маромига етказилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасининг бевосита адвокатура тизими билан боғлиқ янгиликлари нимада?

Бу ҳақда фикр юритганда, аввало, адвокатуранинг конституциявий-ҳуқуқий институт сифатидаги мақоми янада оширилиши муҳимлигини таъкидлаш лозим. Чунки ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши ҳамда ҳимоя қилиши учун юридик кўмак олишида айнан шундай юксак мақомдаги институтнинг ўрни ва аҳамияти катта.

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамалари асносида адвокатура институтининг ўрни ва аҳамиятини юксалтириш юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушди. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясига “Адвокатура” деб номланувчи алоҳида боб киритиш ва унда адвокатуранинг асосий мақсад, вазифа ва функциялари ҳамда мақомини кучайтиришга оид таклифлар берилган.

Шунингдек, фуқароларнинг таклиф-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасини қуйидаги янги таҳрирда бериш таклиф этилмоқда:

«Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши  судда  қонуний  тартибда,  ошкора  кўриб  чиқилиб,  унинг  айби аниқланмагунча  у  айбдор  ҳисобланмайди.  Судда  айбланаётган  шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминланади.

Айбдорликка  оид  барча  шубҳалар,  агар  уларни  бартараф  этиш имкониятлари  тугаган  бўлса,  гумон  қилинувчининг,  айбланувчининг  ёки судланувчининг  фойдасига  ҳал  қилиниши  керак.  Қонунни  қўллаш жараёнида  юзага  келадиган  шубҳалар  ҳам  гумон  қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб  бериши  шарт  эмас  ва  исталган  вақтда  сукут  сақлаш  ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.

Ҳеч  бир  шахс  ўзига  ва  яқин  қариндошларига  қарши  гувоҳлик беришга мажбур эмас. 

Озодликдан  маҳрум  этилган  барча  шахсларга  нисбатан  инсоний муносабатда  бўлиниши  ва  уларнинг  шахсий  қадр-қиммати  ҳурмат қилиниши керак.

Шахснинг  судланганлиги  ва  бундан  келиб  чиқадиган  ҳуқуқий оқибатлар  унинг  қариндошлари  ҳуқуқларини  чеклаш  учун  асос бўлмаслиги керак».

Бундан ташқари, Конституциямизни қуйидаги мазмундаги 26-1-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда:

«Ҳар  бир  шахс  адвокат  ёрдамидан  ўз  танловига  кўра ҳамда  жиноят  процессининг  ҳар  қандай  босқичида  фойдаланиш,  шахс ушлаб  турилганида  эса  унинг  ҳаракатланиш  эркинлиги  ҳуқуқи  амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Гумон  қилинувчи,  айбланувчи  ёки  судланувчи  айбловнинг  моҳияти ва  асослари  тўғрисида  хабардор  қилиниш,  ўзига  қарши  кўрсатма  берган гувоҳлар  билан  юзлаштирилиш,  ўз  фойдасига  кўрсатма  бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга.

Қонунни  бузган  ҳолда  олинган  далиллардан  одил  судловни  амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ҳуқуқбузарликлардан  ва  ҳокимиятни  суиистеъмол  қилишдан жабрланганларнинг  ҳуқуқлари  қонун  билан  муҳофаза  қилинади.  Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.

Ҳар  бир  шахс  давлат  органларининг  ёки  улар  мансабдор шахсларининг  ноқонуний  ҳаракатлари  ёки  ҳаракатсизлиги  туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга».

Бу ўринда, хусусан, юртдошларимиз Ўзбекистон Конституциясида “Миранда қоидаси” акс эттирилишига алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этиш айни муддаодир.

Ўз навбатида, Асосий қонуннинг 116-моддасини қуйидаги янги таҳрирда бериш таклиф этилмоқда:

“Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади.  Қонунда  назарда  тутилган  ҳолларда  юридик  ёрдам  бепул кўрсатилади.

Терговнинг  ва  суд  ишини  юритишнинг  ҳар  қандай  босқичида малакали  юридик  ёрдамга  бўлган  ҳуқуқ  кафолатланади.  Жисмоний  ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи  бошқариш  принципларига  асосланган  адвокатура  фаолият  кўрсатади.

Адвокатурани  ташкил  этиш  ва  унинг  фаолияти  тартиби  қонун  билан белгиланади.

Адвокат  шахсларнинг  ҳуқуқлари  ва  қонуний  манфаатларини  ҳимоя қилиш  бўйича  ўз  касбий  вазифаларини  амалга  ошираётганда  унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди”.

Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётимизнинг барча соҳаларига изчил татбиқ этилаётган Тараққиёт стратегияси ҳамда халқимиз амри ва хоҳиш-истакларига кўра янгиланаётган Конституциямиз юртимизда адвокатура тизими том маънода ҳар томонлама тараққий этишининг устувор ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилади.

 

Мустақил адвокатура концепцияси

 

Мамлакатимизда адвокатура институтининг салоҳиятини ошириш учун бошқа бир қатор муҳим ҳужжатлар ҳам ишлаб чиқилмоқда. Фикримизча, шулардан бири – Адвокатура тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш заруратидир. Унда соҳага оид барча қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз мужассамини топиши лозим.

Юридик хизмат кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асослари ҳам такомиллаштирилмоқда. Хусусан, “Шартномавий ҳуқуқий база ва юридик хизмат тўғрисида”ги ҳамда “Бепул юридик ёрдам тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек, Аҳолини яхлит ҳуқуқий ҳимоя қилиш концепцияси лойиҳалари тайёрланмоқда.

Яна бир муҳим ҳужжат, яъни Мустақил адвокатура концепциясини тайёрлаш бўйича ҳам қизғин иш бормоқда. Концепция, хусусан:

  • тергов ва суднинг барча босқичларида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида адвокатнинг ролини мустаҳкамлаш;
  • Адвокатлар палатасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш, адвокатура институтини тўлиқ ўзини ўзи бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдида ҳисобдорлигини ошириш, тизимга ёш ва малакали мутахассисларни жалб этиш;
  • “рақамли адвокатура”ни ривожлантириш каби асосий йўналишлардаги вазифаларни ўзида қамрайди.

Шу ўринда “рақамли адвокатура”ни ривожлантириш учун:

биринчидан, адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

иккинчидан, адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш мақсадида адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини самарали йўлга қўйиш;

учинчидан, адвокатлар томонидан махсус ахборот дастури орқали жисмоний ва юридик шахсларга онлайн юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш;

тўртинчидан, адвокатура фаолияти учун зарур ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотларни шакллантириш ҳамда уларда сақланадиган маълумотларнинг комплекс ҳимоя қилиниши ва махфийлигини таъминлаш лозимлигини қайд этиш муҳим.

Табиийки, адвокатура тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг аҳамияти беқиёс. Бинобарин бу борадаги янги қадамлар тизим фаолиятида инсон омилини бартараф этиш орқали адвокатура институтининг давлат органлари ва бошқа тузилмалардан мустақиллигини ошириш имконини беради.

Адвокатура – давлат органи эмас, балки ўз ишини яхши биладиган ва зиммасидаги вазифаларнинг масъулиятини чуқур англайдиган моҳир касб эгаларининг ҳамжамиятидир. Шу маънода, қуйидаги таклифларни илгари сурмоқчимиз:

биринчидан, Адвокатура куни – адвокатлар ҳамжамияти вакилларининг касб байрами санасини белгилаш;

иккинчидан, “Энг яхши адвокат” кўкрак нишонини таъсис этиш;

учинчидан, “Адвокатларнинг ягона давлат реестри”ни шакллантириш орқали нафақат фуқаролар, балки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар учун ҳам жуда асқотадиган яхлит, очиқ ва ишончли ахборот манбасини яратиш керак.

Адвокатлар малакасини ошириш ва имижини юксалтириш – долзарб вазифа

 

Маълумки, 2020 йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида суд-ҳуқуқ тизими, хусусан, унинг муҳим таркибий қисми бўлмиш адвокатура соҳасига доир муаммолар ҳам кўриб чиқилганди. Ўшанда адвокатура муаммолари тилга олинар экан, аввало кадрлар танқислиги ва сифати масаласига эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ адвокат фаолият юритиши, яъни аҳоли жон бошига ҳисоблаганда 8,5 минг кишига ўртача 1 та адвокат тўғри келиши, уларнинг ҳам 43 фоизи, яъни 1 минг 733 нафари Тошкент шаҳрида иш олиб бориши таъкидланди. Қолаверса, Самарқанд, Андижон, Термиз, Нукус, Миришкор, Зафаробод, Узун каби 20 та туманда бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмагани танқид қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу муаммоларнинг ечими сифатида адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш вазифаларини белгилаб берди. Шунингдек, юридик олий ўқув юртларида “адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрлаш лозимлигига эътиборни қаратди.

Бунга қадар, биринчидан, Юртбошимиз томонидан Адвокатлар палатаси ҳузурида Адвокатлар академиясини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилганини эслатиш мақсадга мувофиқдир. Бўлажак Адвокатлар академияси, жумладан:

  • адвокатларни тайёрлаш, малакасини ошириш, ҳуқуқнинг турли соҳалари бўйича ихтисослаштириш;
  • бугунги жадал глобаллашаётган дунёда, жаҳон бозорида иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва бошқа соҳалар бўйича рақобат тобора кучайиб бораётган шароитда адвокатура тараққиёти тенденцияларини аниқлаш бўйича истиқболли илмий-амалий ва инновацион тадқиқотларни йўлга қўйиш, технологик инновацияларни татбиқ этиш;
  • адвокатларга тақдим этиладиган кафолатлар ва адвокатлик хизматлари кўрсатишга тааллуқли халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда, адвокатлик ҳуқуқи ва адвокатларнинг касбий тайёргарлигини оширишга оид замонавий ўқув ва ўқув-услубий қўлланмалар ҳамда дастурлар ишлаб чиқиш каби вазифалар билан шуғулланади.

Иккинчидан, кузатишларимиз шуни тасдиқлайдики, талабаликнинг “қаттиқ нони”ни татган ёш мутахассислар орасидан, албатта, энг яхши адвокатлар етишиб чиқади. Шундай экан, юридик йўналишдаги олий таълим муассасаларида адвокат кадрларни тайёрлаш, “Адвокатлик ҳуқуқи” ўқув курсини жорий этиш, талабаларнинг адвокатура соҳасида амалиёт ўтишини ташкил этиш каби масалаларга алоҳида аҳамият бериш талаб этилади.

Учинчидан, адвокатлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларни ишлаб чиқиш даркор. Бундай чораларни, айниқса:

  • ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти;
  • фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш;
  • ҳуқуқий тарғибот-тушунтириш ишлари;
  • ҳуқуқий тарбия йўналишларида изчил амалга ошириш тақозо этилади. Нега деганда, адвокат – қонунийлик, адолат ва инсонпарварлик намунаси бўлиб хизмат қилар экан, ҳуқуқ соҳалари бўйича чиниққан ва чинакам малакасини оширган бўлиши шарт.

Тўртинчидан, адвокатлар имижини юксалтириш ва бугунги кун адвокатининг қиёфасини яратиш масаласи ҳам долзарб бўлиб турибди. Бунда “Ўзбекистон адвокатураси: тарих ва ҳозирги замон”, “Ўзбекистон адвокатураси жараёнлар ва шахслар тимсолида” каби китобларни нашр этиш орқали ўтмишдаги ва бугунги кундаги таниқли адвокатларнинг тутган ўрни ва аҳамиятини кўрсатиб бериш жуда муҳим.

        

Адвокатлар ҳуқуқларини таъминлашда парламентнинг ўрни ва аҳамияти

 

         Давлатимиз раҳбарининг фикрича, “адвокатура институти мустақиллиги, адвокатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги шикоятларининг кўриб чиқилиши ва тегишли баҳо берилиши билан боғлиқ масалаларда парламентнинг роли ва аҳамиятини ошириш” лозим бўлади (“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби, 110-бет).

Шу мақсадда:

биринчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Адвокатура институтини мустаҳкамлаш комиссияси фаолиятини самарали ташкил этиш;

иккинчидан,  давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва суд органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ҳузурида адвокатура ваколатхоналари институтини татбиқ этиш;

учинчидан, судьяларнинг лавозимига тайинланиши жараёнларида адвокатларнинг фикрларини инобатга олиш каби муҳим масалалар кун тартибига қўйилган.

Дарвоқе, парламентимиз адвокатура институтининг фуқаролик жамияти тизимидаги ўрни ва аҳамиятини юксалтириш йўналишида ҳам ҳуқуқий ва ташкилий кўмагини аямаслиги керак, деб ўйлаймиз. Чунки, аслида, адвокатура – фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий маслаҳатчисидир.

Аммо, афсуски, айни пайтда адвокатура тизими ўз қобиғига биқиниб олганидан кўз юма олмаймиз. Адвокатларнинг ижтимоий ҳаётдаги овози ҳам деярли эшитилмаяпти.

Шубҳасиз, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтармасак бўлмайди. Ўйлашимча, бунинг учун “Сизнинг адвокатингиз” мавзуида телекўрсатув очиш, адвокатура тизими фаолиятини ёритадиган турли даврий нашрлар таъсис этиш катта аҳамиятга эга.

Қолаверса, Ўзбекистон Юристлар уюшмасини ташкил этиш керак, деган фикрдаман. Бундай ҳамжамият ёши, касб-кори ва фаолият йўналишидан қатъи назар, юртимизнинг барча ҳуқуқшуносларини ўз сафида жамлаши ҳар томонлама тўғри бўларди.

 

Адвокатура: халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистон тажрибасининг жаҳоний эътирофи

 

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг юридик хизматлар кўрсатиш бозори кўп жиҳатдан ёпиқлигини тан олиш керак. Мамлакатимиз адвокатлари халқаро судлов органлари ва арбитражларининг маҳкамаларида деярли иштирок этмайди.

Шу маънода, бугунги ислоҳотлар талабидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан боғлиқ равишда миллий қонунчиликни такомиллаштириш лозим. Бу – биринчидан.

Иккинчидан, Адвокатлар палатаси ҳузурида Халқаро адвокатура марказини тузиш зарур.

Учинчидан, адвокатларимизга хорижий тилларни ўргатишни йўлга қўйишимиз даркор.

Шу ўринда 2022 йил 2-5 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси Женевага ташрифи доирасида “Конституциявий ислоҳот: инсон қадри ва ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсад” мавзусида халқаро давра суҳбати ўтказганини қайд этмоқчиман. Ўша форумда иштирок этган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарисия-Саян қуйидаги  фикрларни билдирди:

“Фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда адвокатлар ва судьяларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш жуда муҳимдир. Бу борада муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг бевосита раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар юксак баҳога лойиқдир.

Ўзбекистоннинг янги Президенти мамлакат бошқурувига келган даврдан эътиборан юртингиз ҳаётининг барча соҳаларида мақбул ўзгаришлар шиддатли суръатларда амалга оширилаётганини кузатиб келмоқдамиз. Шу жумладан, очиқлик ва транспарентликни таъминлаш, судьялар ва адвокатларнинг мустақиллигига эришиш йўлида салмоқли одимлар қўйилганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистонга бундан уч йил олдин амалга оширган ташрифимни мамнунлик билан эслайман. Ўшанда Ўзбекистон Президенти ва тегишли муассасалар раҳбарлари билан самарали мулоқотлар олиб боргандик.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шу ўзаро ишончга асосланган мулоқотларимиз ўз самараларини берганини алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки айни вақтда мамлакатингизда   ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш ижобий томонга изчил ривожланаётганини кўриб турибмиз.

Мамлакатда ўлим жазоси қўлланмаслиги ҳақидаги норманинг Конституциянгизда мустаҳкамлаб қўйилишини олқишлайман. Албатта, “Хабеас корпус” институтини ривожлантиришга жиддий аҳамият берилаётгани ва шахсларнинг мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиши кафолатланаётгани ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир.

 Конституциянгизда қонун устуворлиги принциплари ўрнатилаётгани диққатга сазовор. Айниқса, “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” тамойилининг янгиланаётган Асосий Қонунда ўз аксини топиши ҳавас қилса арзигуликдир.

Шу ўринда Бош Қомусингизда том маънодаги ҳуқуқий давлат барпо этишнинг кафолати бўлиб хизмат қиладиган конституциявий нормалар қарор топишига чин дилдан кўмакдошман. Чунки бунинг натижасида судьялар, янада муҳими, адвокатларнинг ҳақиқий  мустақиллиги сўзсиз таъминланади”.

Албатта, бундай самимий ва холис эътирофлар яқин келажакда Ўзбекистонда адвокатура тизимини ривожлантириш соҳасида эришиладиган беқиёс натижалар бошқа мамлакатлар учун ибрат ва намуна сифатида эътибор қозониши эҳтимоли катталигидан далолат беради.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
директори

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси расмий сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech