2022 йил 5-6 декабрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим» мавзусида Глобал форум бўлиб ўтади.
Форумнинг Миллий ташкилотчиси – ҳукуматимиз номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
Минтақамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида улкан воқеа бўлиши кутилаётган мазкур нуфузли халқаро анжуманни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида илгари сурилган.
Анжуман ташаббускорлари орасида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси, Олий комиссарнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси, БМТнинг мамлакатимиздаги жамоаси, Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси, ЮНИСЕФ, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси, Европа Кенгаши, Фридрих Эберт жамғармаси каби юқори нуфузли тузилмалар бор.
Ҳамжиҳатликда ўтказилаётган форумдан кўзланган асосий мақсад БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси ҳамда Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича жаҳон таълим дастури амалга оширилишининг оралиқ натижаси сарҳисобидан иборат.
Шунингдек, анжуман давомида айни соҳадаги илғор тажриба ва инновацион ёндашувлар тақдимоти ташкил этилади, таълим тизимини халқаро, минтақавий ва миллий даражада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилади.
БМТ шафелигида гибрид форматда ўтказиладиган ушбу нуфузли форумда дунёнинг турли давлатларидан инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим мутахассислари, хорижий экспертлар, давлат идоралари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари — жами 120 дан ортиқ чет эллик меҳмон иштирок этиши кутиляпти.
Инсон ҳуқуқи соҳасидаги Жаҳон таълим дастури – доимий амалга ошириладиган узлуксиз босқичлардан иборат ташаббусдир. Ўтган давр мобайнида мазкур дастур асосида инсон ҳуқуқи соҳасидаги таълим бўйича миллий саъй-ҳаракатлар уч босқичда бажарилди. Айни пайт 2024 йилга қадар давом этадиган тўртинчи босқич изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Туркнинг видеомурожаати намойиш этилиши кутилмоқда. Шунингдек БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси Элчи Федерико Вильегас, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича директорати Бош директори Якумопулос Кристос ҳам қатнашади.
Глобал форум якунида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича якуний ҳужжат тақдимоти ва қабул қилиниши кўзда тутилган.
Саидмурод РАҲИМОВ,
ЎзА
- Қўшилди: 03.12.2022
- Кўришлар: 4545
- Чоп этиш