Бундан тўрт ой илгари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрининг қадимий Конигил мавзесида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилишига бағишланган тантанали маросимда: “Бу улкан марказ буюк аждодларимиз бунёд этган муҳташам меъморий обидаларга муносиб бўлиб, уларнинг тарихий анъаналарини давом эттиради. Ушбу мажмуа мамлакатимизда ҳозирги пайтда пойдевори қурилиши бошланган Учинчи Ренессанс ва олдинги тарихий даврлар ўртасидаги рамзий кўприк бўлади”, деб таъкидлагани бежиз эмас.
“Буюк ипак йўли” маркази қисқа фурсатда жаҳон халқлари учун дўстлик ва тинчлик тимсолига, том маънода, оламшумул ташаббуслар рўёбга чиқадиган сиёсат ва ҳуқуқ, илм-фан ва маърифат майдонига айланди. Буни 2022 йил 5 декабрь куни ушбу маҳобатли мажмуада “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” Глобал форуми ўз ишини бошлагани яна бир бор тасдиқлайди.
Бундан 5 йил олдин дастлабки Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми ташкил қилиниб, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал муаммоларнинг Самарқанддаги муҳокамаси йўлга қўйилганди. Ўшанда инсон ҳуқуқлари муҳокамасида “Самарқанд руҳи” пайдо бўлди. 2020 йилда онлайн форматда ўтказилган иккинчи Самарқанд форуми ёшлар ҳуқуқига бағишланди.
Бу галги учинчи Самарқанд форуми – Глобал форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси ва Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 46‑сессиясида илгари сурилган ташаббус асосида инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни ривожлантириш муаммолари муҳокама қилинади. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари ўйича Ўзбекистон Республикаси Милий маркази директори Акмал Саидов Глобал форумни очар экан, тадбирни “Инсон ҳуқуқлари бўйича таълим: декларациядан – амалиётга” шиори асосида ўтказишни таклиф қилди.
Очилиш маросимида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк видеомурожаати; БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси в.б. Мунир Мамедзаде табриги; БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раиси, элчи Федерико Вильегас видеомурожаати; ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи табриги, Европа Кенгаши Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бошқармаси бош директори Христос Гиякумопулос видеомурожаати тингланди. МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев нутқини МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари – Ижрочи котиби Бекетжан Жумаханов ўқиб эшиттирди.
Глобал форумда халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотларнинг 100 нафардан ортиқ вакили офф-лайн ва он-лайн тарзда иштирок этмоқда. Жумладан, 10 та халқаро ва 6 та минтақавий ташкилот, 30 давлатдан инсон ҳуқуқлари бўйича етакчи хорижий экспертлар ҳамда профессор-мутахассислар қатнашмоқда.
Форум иштирокчилари сафида, шунингдек, 150 та миллий ташкилотнинг 2 минг нафардан зиёд вакили бор. Улар асосан 20 та вазирлик ва идоралар, юртимизнинг барча ҳудудларидан 50 та олий таълим муассасаси ва илмий ташкилотлар, 60 дан ортиқ фуқаролик жамият институти, жумладан, ёшлар ташкилотлари фаолларидан иборат.
Глобал форум ишини миллий оммавий ахборот воситалари ва мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хориж мухбирлари ёритмоқда. Халқаро анжуман тафсилотлари Интернет, ижтимоий тармоқлар, жумладан Ю-туб канали орқали жонли эфирга узатилмоқда.
Иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим мавзуига оид 10 дан ортиқ адабиёт ҳамда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг махсус сони тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.12.2022
- Кўришлар: 4476
- Чоп этиш