Улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурни, авваламбор, Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукм сурган буюк Бобурийлар салтанатининг асосчиси бўлмиш Темурий подшоҳ ҳамда жаҳонда эътироф этилган муҳташам қомусий маънавий ёдгорлик – “Бобурнома” ва “Мубаййин” ҳуқуқий асарининг муаллифи мақомида яхши биламиз. Табиийки, Мирзо Бобур дилбар шоир бўлиб, ғазаллари, рубоий ва маснавийлари адабиётимизнинг гултож асарлари сифатида ҳамиша юксак қадрланади.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январда қабул қилинган «Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз маънавий ҳаётида мантиқан тўла асосга эга улкан воқеа бўлди.
Қарор мазмун-моҳиятининг теранлиги ва қамровдорлиги билан ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Чунки ижоди серқирра, бетакрор бўлган шоҳ ва шоир бобомизнинг қутлуғ таваллуд санасини Президентимиз Шавкат Мирзиёев шахсан тасдиқлаган Дастур асосида – мамлакатимизда ва жаҳон миқёсида тизимли тартибда ҳамда кенг кўламда нишонлаяпмиз.
Мустақиллик йилларида мутафаккир боболаримизнинг бой маънавий-маърифий меросини ҳар томонлама ўрганишга эътибор тубдан кучайди. Шу жумладан, Бобур ҳазратларининг ижодини теран таҳлил ва тадқиқ этиш имкониятлари ниҳоятда кенгайди. Ўтган даврда “Бобурнома”, “Мубаййин” ҳуқуқий асари, Бобурнинг шеърий девони қайта-қайта чоп этилди. Ушбу асарлар талқинига бағишланган китоб ва рисолалар, илмий-оммабоп мақолалар мунтазам эълон қилинмоқда.
Чиндан ҳам, кейинги йилларда Тошкент ва Андижон шаҳарларида Бобур Мирзонинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилгани, унинг туғилиб ўсган юрти – Андижон шаҳрида Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфидаги “Бобур ва жаҳон маданияти” китоб музейи фаолият кўрсатаётгани, “Бобур энциклопедияси”, “Бобур куллиёти”, “Бабур. Бабуриды. Библиография” деб номланган салмоқли асарларнинг нашрдан чиқарилгани, “Бобур ва дунё” журналининг ташкил қилингани маданий ҳаётимизда катта воқеа сифатида эътироф этилди.
Айни чоғда, Юртбошимизнинг мазкур қарори 2023 йил – Ватанимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилингани билан чамбарчас боғлиқдир. Нега деганда, Бобур Мирзо ижодий меросини ўрганишнинг энг муҳим жиҳатларини олий таълим муассасалари ҳамда мактаб таълими ўқув дастурларининг мазмун-мундарижасига сингдириб бориш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан долзарб вазифа сифатида белгилаб берилди.
Бу, ўз навбатида, Бобур ҳазратларининг ҳассос китоблари, хусусан, «Бобурнома», «Девон», «Аруз рисоласи», «Рисолаи волидиййа», «Мубаййин» каби асарларини ҳар томонлама чуқур ўрганишга янада равон йўлларни очмоқда. Энг асосийси, эндиликда ушбу нодир асарларни турли баёну шарҳлари билан ўқувчи ва талабаларга тақдим этиш, уларнинг қат-қатидаги ҳалигача очилмай келаётган маънолари мағзини чақиш вазифалари кун тартибидан жой олади.
Шу ўринда, даставвал, Заҳириддин Бобурнинг шоҳу шоирлик қатори фиқҳ илми, ҳозирги замон ибораси билан айтганда, ҳуқуқшунослик билан ҳам шуғуллангани ва бу мавзуда “Мубаййин” деб аталган эътиборли асар яратгани ҳақида сўз юритамиз. Бобур Мирзо умрининг сўнгги йилларида, яъни 1521 йилда ўғиллари Ҳумоюн Мирзо ва Комрон Мирзога атаб ёзган мазкур китоби – ислом ва фиқҳ асосларини баён этувчи йирик асар бўлиб, эътиқод, салот (намоз), закот, савм (рўза) ва ҳаж масалаларига бағишланган бешта қисмдан иборат.
Каминага ушбу асар ҳақида илк бор бундан йигирма йилча бурун атоқли бобуршунос олима, академик Сабоҳат Азимжонова гапириб берганди. Ўша суҳбатларимизда эътироф этилганидек, Бобур Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”, Имом Мотуридийнинг “Тавҳид”, Фахриддин Али Сафийнинг “Рашаҳот айн ал-ҳаёт”, Алишер Навоийнинг “Сирож ул-муслимин” ва бошқа машҳур муҳаддис, фиқҳшунос ва мутафаккир зотлар асарларини диққат билан ўрганган.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Бобур Мирзонинг ижтимоий-фалсафий ва диний-ҳуқуқий қарашлари Абу Ҳанифа мазҳабидаги ислом фақиҳлари қарашлари мажмуасининг таркибий қисмини ташкил этган. Шу боис, ул зот юқорида санаб ўтилгани каби кўплаб сара асарлар мутолааси орқали ўтмиш ва ўз даври тафаккурининг ижтимоий-фалсафий ва эстетик мазмун-моҳиятини яхши ўзлаштирган. Улуғ аждодимиз бу асарларни наинки чуқур ўзлаштирган, балки етук олим сифатида ўзи яшаб турган давр тафаккур даражасини яна бир поғонага ривожлантирган.
“Мубаййин” – маснавий жанрида ёзилган бўлиб, фиқҳий масалалар олим, адиб ва шоҳ Бобурнинг ўзига хос баён услуби орқали чуқур билимдонлик билан тушунтириб берилган. Асарда ислом дини асосларини ўқувчи онгига секин-аста ва мустаҳкам сингдириб бориш мақсадида бадиий воситаларнинг бобма-боб санъаткорона қўллангани таҳсинга лойиқдир.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, бугунги кунда Бобур Мирзонинг эътиқодий қарашлари, фақиҳ, яъни фиқҳшунос олим сифатида диний илмларга қўшган ҳиссасини илмий жиҳатдан ўрганишга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Истиқлол йилларида мамлакатимизда Бобур Мирзонинг “Мубаййин” асари уч марта нашрдан чиқарилган. Биринчи нашри – “MUMTOZ CO’Z” нашриётида 2011 йили, иккинчиси – Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриётида 2000 йили ва учинчи нашри – “Шарқ” нашриётида 2020 йили чоп этилди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб “Мубаййин” асари нашрдан-нашрга мукаммаллашган ҳолда ўқувчига етказилаётгани ҳар қанча эътибор ва эҳтиромга муносибдир. Бинобарин, ўз тарихига, тўпланган тажрибага, дунёда энг катта бойлик саналган интеллектуал салоҳиятга чуқур ҳурмат билан ёндашиш ҳар қандай давлатнинг моддий ва маънавий тараққиёти асосини ташкил этади.
Айтиш жоизки, ушбу китобнинг учинчи нашрига таниқли шоир, таржимон ва аллома Мирзо Кенжабек қўл ургани бежиз бўлмаган. Зотан, “Мубаййин”, бир томондан, ўзбек тилида яратилган ва мумтоз шоир қаламига мансуб бўлган эътиборли асарлар туркумига кирса, иккинчи томондан, тилимизнинг шираси ва бойлигини тўлалигича акс эттирадиган диний ва бадиий адабиётнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Бу асар исломшунос ва ҳуқуқшунослар, тарихчи ва файласуфлар, тилчи ва адабиётшунослар каби турли соҳа тадқиқотчилари учун қимматли манбадир.
Кези келганда, Бобур Мирзо ҳаёти ва илмий-ижодий фаолиятини тадқиқ этишга наинки Ўзбекистонда, балки дунё миқёсида катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Бевосита “Мубаййин” асарининг ўрганилиши ва чоп этилиши ҳақида сўз борганда, Шарқда – Шайх Зайн, Мулла Мир Махдум Тошкандий, С.Азимжонова, С.Шукруллаева, О.Ҳусанбоев, Н.Расулзода, Е.Березин, А.Самойлович каби олим ва ноширлар, Фуод Кўпрулу, Танжу Ўрал Сейҳан, шунингдек, ҳинд олимлари Абул Фазл Алломий ва Бадоуний, Ғарбда – Бевириж, Спрингер каби шарқшуносларнинг хизматларини алоҳида қайд этиш мақсадга мувофиқдир.
Маълумки, Бобур Мирзо ўз даврида Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қаламига мансуб “Рисолаи волидиййа” асарини форсийдан ўзбек тилига таржима қилган бўлиб, кейинги йилларда тасаввуфга оид бу китоб илмий муомалага киритилди. Шунингдек, Бобурнинг “Куллиёт”и Теҳрон миллий кутубхонасидан топиб келинди. “Хатти Бобурий” алифбосида кўчирилган Қуръони карим Машҳад музейидан Ватанимизга келтирилди.
Бобур ҳазратлари шахси, тарихи, ижоди ва довруғининг жаҳоншумул миқёси борасидаги юртдошларимиздаги тушунча, тасаввур ва билимлар мунтазам бойиб бормоқда. 1998 йилдан бошлаб Бобур халқаро жамғармасининг бобуршунослик соҳасидаги халқаро мукофоти таъсис этилиб, ўтган даврда бу йўналишда улкан илмий-ижодий изланишларини эълон қилган ўзбекистонлик ва хорижлик бир қатор атоқли олим ва адиблар мазкур мукофот билан тақдирлангани диққатга сазовор, албатта.
Ушбу мукофотнинг илк совриндорларидан бири – япон олими Эйже Манонинг “Бобурнома” бўйича амалга оширган беқиёс ишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Ёки бўлмаса, америкалик олим С.Беркнинг “Акбаршоҳ – Бобурийларнинг энг буюги” асари, таниқли инглиз адибаси Румер Годен хонимнинг “Гулбадан”, Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихи Рашидий” асарлари каби бир қанча ноёб китоб ва рисолаларнинг бизга, Бобур авлодларига етказиб берилиши – буларнинг барчаси маънавий ҳаётимизда катта воқеа бўлди, десак, асло янглишмаймиз.
Австриялик немис олими ва ёзувчиси Фриц Вюртле томонидан немис тилида ёзилган “Андижон шаҳзодаси” (“BABUR, der TIGER”, сўзма-сўз таржимаси: “Бобур-йўлбарс”) номли саргузашт-қисса Бобур халқаро жамғармаси илмий экспедициясининг кейинги сафарларидан бирида, Германияда қўлга киритилган яна бир муҳим китобдир. Бугунги кунда асл нусхаси Бобур халқаро жамғармасининг Андижондаги музейида сақланаётган ушбу китоб 1947 йилда Австрияда, Вена шаҳридаги “S. Jőrgl & Co” нашриётида чоп этилган.
Бошқача айтганда, мазкур асар бани башар Иккинчи жаҳон урушидан қутилиб, Ер юзида фашизм балоси тугатилганидан кейин атиги икки йил ўтиб нашр этилган. Бу, ўз навбатида, дунёни қурол-яроғ билан эмас, балки илм-маърифат, адабиёт, шеъру ғазал билан фатҳ этмоқлик нақадар эзгу ва улуғлигини исботлаган аждодларимиз руҳи-покига бутун инсоният ҳурмат-эътиборининг ифодасидек янграйди.
Афсуски, асар муаллифи ҳаёти ва таржимаи ҳоли ҳақида аниқ саналар, факт ва рақамларни топишнинг имкони бўлмади. Китобнинг ўзбекча нашрига ғоятда сермазмун ва батафсил сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид қайд этганидек, Фриц Вюртле “Венеранинг қайтиши”, “Рассом ва модель” сингари, асосан санъат, санъатшунослик, дизайн, кино, маданият соҳаларига бағишланган асарлар битганидан хабардормиз, холос. Шу маънода, “Бобур-йўлбарс” муаллифнинг якка-ягона бадиий асари бўлса ҳам ажаб эмас.
Саргузашт-қиссани немис тилидан шу соҳанинг тажрибали мутахассиси, заҳматкаш олима Янглиш Эгамова маҳорат ва чуқур билим, меҳр ва иштиёқ, завқ ва ихлос билан ўзбек тилига таржима қилган. Кези келганда, олиманинг насрда ҳам, назмда ҳам буюк сўз устаси бўлган Гёте асарларини оммалаштириш ва бадиий талқин этиш йўлида меҳнати сингган таржимон эканини эслатиб ўтиш ўринлидир.
Айни вақтда Я.Кжижовский Бобур Мирзо назмий жавоҳирларидан бир шодасини польяк тилига таржима қилиб, алоҳида китоб ҳолида нашр эттирди. Ушбу тўплам 2013 йили Варшавада “Indo-Polish Cultural Committee” нашриёти томонидан чоп этилган. Китобнинг кириш қисмидан улуғ шоҳ ва шоир бобомиз ҳаёти ва фаолиятига оид, шунингдек, шеърияти таҳлил этилган мақолалар ўрин олган.
Тўпламда Бобур Мирзо назмий жавоҳирларидан сара намуналар берилгани таҳсинга сазовор. Нега деганда, шу пайтга қадар дунёда асосан “Бобурнома”ни таржима қилиш ҳамда тадқиқ этиш, Бобур ва бобурийлар сулоласи тарихини ўрганишга эътибор қаратилгани ҳолда, Бобур шеъриятини турли тилларга ўгириш ва кенг тарғиб этиш масаласи эътибордан бир қадар четда қолиб келаётгани сир эмас. Польяк таржимони Я.Кжижовский томонидан тақдим этилган Бобурнинг польяк тилидаги сараланган шеърлар тўплами – бу борадаги бўшлиқни тўлдириш йўлида жиддий ва муҳим қадам, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Яна бир аҳамиятли жиҳат – тўпламни тайёрлашда Шарқ шеъриятининг девон тузиш анъаналарига риоя қилишга интилиш кузатилади. Яъни, Бобурнинг нафақат ғазаллари, балки бошқа шеърий жанрларда битилган асарларидан ҳам намуналар польяк тилидаги ушбу тўпламга муайян тартиб билан киритилган. Хусусан, китобдан Бобур қаламига мансуб 116 та ғазал, 146 та рубоий, 5 та қитъа, 16 та фард ва 8 та маснавий, жами 291 та шеърий асар таржималари жой олган.
Тўплам охирида мухтасар луғат ҳам илова қилинган. Бу, шубҳасиз, Бобур назмий асарларида қўлланилган эски ўзбек тилидаги баъзи мураккаб сўз ва атамаларни, миллий мумтоз адабиётимиз анъаналари, халқимизнинг олис тарихи билан боғлиқ айрим муҳим тушунча ва истилоҳларни билиш ҳамда тўғри талқин қилишда польяк китобхонларига яқиндан кўмак беради.
Дилбар шоиримизнинг гўзал шеърлари таржималаридан жамланган ушбу назмий гулдаста фақат польяк китобхонлари учун ажойиб туҳфа бўлибгина қолмай, айни чоғда халқимиз маънавий ҳаётида ҳам муҳим воқеадир. Нега деганда, Бобур шеъриятини унинг ворислари бўлган бизнинг ўзимиз ҳам том маънода ўқиб-ўрганишга киришганимизга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Чунки мустабид шўролар замонида қанчадан-қанча мўътабар аждодларимизнинг номларини тарих саҳифаларидан бутунлай ўчириб юборишга ҳаракат қилинмади, дейсиз.
Мухтасар айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини ўрганиш бўйича қилинган ҳар қандай эзгу амал, бу борада нашр этилган ҳар бир китоб – Бобур шахсини, Бобур ҳаёти ва ижодини янада теран билиш ҳамда англаш учун очилган янги йўл ва бу йўлда қўйилган қутлуғ қадамдир.
Зеро, Президент қарорида таъкидланганидек, “Жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда”.
Акмал Саидов,
академик
- Қўшилди: 06.02.2023
- Кўришлар: 4229
- Чоп этиш