12 апрель куни Женева шаҳрида Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган халқаро онлайн семинар бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг “Ёшлар ва инсон ҳуқуқлари” номли 41/13- резолюцияси асосида ташкил этилди.
Ушбу семинарни ўтказишдан мақсад – ёшларнинг инсон ҳуқуқларини амалга оширишда дуч келадиган камситиш ва муаммоларни аниқлаш, БМТнинг тегишли механизмлари доирасида ёшлар ҳуқуқларининг нуфузини ошириш ҳамда бу борада БМТга аъзо давлатлар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш томонидан ишлаб чиқиладиган чора-тадбирларни белгилаб олишдан иборат.
Тадбирни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет, БМТ Бош котибининг Ёшлар бўйича вакили Жаятма Викраманаяке, Салвадорнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги ваколатхонаси ва Женевада жойлашган бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Александр Мартелли кириш сўзлари билан очиб берди.
Анжуман ишига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича жамоа етакчиси Имма Гуеррас-Делгадо модераторлик қилди. Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган семинарнинг биринчи қисмида ёшларнинг ўз ҳуқуқларини амалга оширишда дуч келадиган қийинчиликлар ва муаммолар атрофлича кўриб чиқилди.
Кўплаб халқаро ташкилотлар ва ёшлар масалалари билан шуғулланувчи тузилмалар раҳбарлари сўзга чиқди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг етакчи иқтисодчиси Ниал Хиггинс, Адвокатлик ишлари бўйича мувофиқлаштирувчи Попи Стенбури, Таълим жамғармасининг асосчиси ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ёш етакчи Таниа Роз, Тинч Ёшлар кенгаши аъзоси Тахире Сисилафиа ва Зимбабве тиббиёт муассасалари тармоғи директори Гиф Дзорай ёшларнинг халқаро ва минтақавий даражадаги долзарб муаммолари хусусида фикр юритди.
Куннинг иккинчи ярмида инсон ҳуқуқлари механизмларида ёшлар манфаатларини ҳисобга олиш масалалари ҳамда халқаро миқёсда ёшлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди. Бу мавзуда бир қатор маърузачиларнинг чиқишлари тингланди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ёшлар ва инсон ҳуқуқларига бағишланган мурожаати билан иштирок этди.
Мамлакатимиз вакили, авваламбор, семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессияси Юқори даражадаги сегментида ёшларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бўйича илгари сурган ташаббуслари ва юртимизда бу борада амалга оширилаётган мақсадли ишлар тўғрисида маълумот берди.
А.Саидов таъкидлаганидек, ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида ёшлар ҳуқуқларига доир:
- БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференциясини ўтказиш;
- БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг ўнинчи форумида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция лойиҳасини тақдим этиш;
- БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси институтини таъсис этиш ташаббусларини илгари сургани тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Онлайн анжуман давомида, шунингдек ёшларнинг интеграциялашуви жараёнини янада кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Истиқболда ёшлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро миқёсда қўйиладиган қадамлар муҳокама қилинди.
Халқаро семинар якунида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши учун амалий тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 13.04.2021
- Кўришлар: 3434
- Чоп этиш