«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир».
*
«2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди».
*
«Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда».
*
«Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда».
*
«Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди».
*
«Ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди».
(Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қароридан)
- Қўшилди: 20.10.2019
- Кўришлар: 5779
- Чоп этиш