Минтақавий учрашувда мигрантларнинг пул ўтказиши масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистонда жорий йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилингани муносабати билан тасдиқланган Давлат дастурида Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифаси белгиланган. 28 апрель куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда ўтказилган онлайн учрашув бу борада муҳим қадам бўлди.

Мулоқот “Мигрантларнинг ва оила аъзоларининг пул маблағларини кўчириш ва банк маҳсулотларига доир сиёсат соҳасидаги эҳтиёжлари” мавзуида ташкил этилди. Унда Россия ва Марказий Осиё мамлакатларининг марказий, миллий ҳамда тижорат банклари вакиллари иштрирок этди.

Тадбирдан мақсад – пандемия инқирозининг мигрантларга кўрсатган ижтимоий-иқтисодий таъсирига тааллуқли ҳолатлар билан банк соҳаси вакилларини таништириш, молия хизматларини рақамлаштириш муаммолари ва имкониятларини муҳокама қилиш, мигрантлар ва оила аъзоларининг пул маблағларини кўчириш ҳамда банк маҳсулотларига доир сиёсат соҳасидаги эҳтиёжларини ўрганишдан иборатдир.

БМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг етакчи экспертлари учрашув иштирокчиларини молия хизмати бозорида пул кўчириш ишлари бўйича жорий ҳолатнинг ўрганилиши натижалари билан таништирдилар.

Шунингдек, мигрантлар ва оила аъзоларининг пул маблағларини кўчириш, олиш, сақлаш ҳамда инвестиция қилиш борасидаги билими, кўникма ва амалиётлари атрофлича таҳлил қилинди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech