23-24 сентябрь кунлари пойтахтимизда «Ўзбекистон Республикаси судлари қарорларида БМТнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалари нормаларининг қўлланилиши» мавзуидаги уч кунлик амалий семинар ўз ишини давом эттирди. Машғулотларда Тошкент ва Сирдарё вилоятлари маъмурий судлари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлари судьялари иштирок этди.
Ўзбекистонда, дунёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби, судьялар инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кафилидир. Улар фуқаролар олдида ҳисобдор бўлиб, тегишли миллий ва халқаро қонунчилик талаблари, шунингдек ахлоқ-адоб мезонлари асосида ўз фаолиятида юксак даражадаги шаффофликни таъминлашга мажбур.
Мамлакат суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди вакиллари А.Мирзаев ва С.Алимардонов маъруза қилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Д. Муратова тадбир қатнашчиларини халқаро ташкилотлар, БМТ устав ва шартномавий органларининг судлар фаолиятида халқаро ҳуқуқ нормаларини қўллашга доир тавсиялари билан таништирди.
"Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлиги соҳасида шериклик" лойиҳаси менежери А.Салаев ҳуқуқ устуворлиги масалалари борасида Олий суд билан БМТТД ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисида ахборот берди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг лойиҳалар бўйича маслаҳатчиси М.Лемуан онлайн мурожаатида семинар иштирокчиларини ЕХҲТнинг одил судловни амалга ошириш соҳасидаги стандартлари билан таништирди.
Семинарда асосий маърузаларни БМТ Тараққиёт дастури эксперти, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро маслаҳатчи Александр Вашкевич ва БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоси Георгий Тугуши тақдим этди. Маърузачилар томонидан одил судловни амалга оширишнинг халқаро меъёрларига қисқача тасниф берилди.
А.Вашкевич ва Г.Тугуши Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро шартномалар нормаларини қўллаш зарурати ҳақида атрофлича тўхталди. Хусусан, Қийноқларга қарши конвенция қоидаларини миллий судлар қарорларида қўллаш бўйича чет эл тажрибаси таҳлил этилди.
Анжуман машғулотлари доирасида судлар томонидан Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакт ҳамда Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция нормаларини қўллаш амалиёти ҳам кўриб чиқилди.
Экспертлар модераторлигида судьялар учун учта гуруҳда амалий машғулотлар ўтказилди. Машғулотлар якунида судьялардан ташкил топган гуруҳлар «Рухсат этилмаган тинч йиғилишлар», «Жиноий жазони ўтаган чет эл фуқаросини давлатдан чиқариб юбориш» ва «Жинсга асосланган билвосита камситиш» мавзулари бўйича ўз тақдимотларини намойиш этди.
Амалий семинар Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги соҳасида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан биргаликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.09.2020
- Кўришлар: 4125
- Чоп этиш