Аввал хабар берилганидек, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўз йиллик семинарларининг олтинчисини 2019 йил 7-8-октябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказади. Ушбу халқаро анжуман “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусида ташкил этилмоқда.
Пойтахтимизда 6 октябрь куни мазкур халқаро семинарга ташриф буюрган ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Бирлашган Араб Амирликлари, Габон, Озарбайжон, Покистон, Уганда ва Қувайт давлатларидан сайланган янги аъзоларининг қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни Комиссия раиси Акмал Саидов бошқарди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссия таркиби 18 нафар аъзодан иборат. Комиссия Низомига мувофиқ, ИҲТ Бош котиби идораси Комиссия аъзолигига номзодлар рўйхатини тузади ва ИҲТга аъзо давлатлар билан мувофиқлштиради. Бунда номзодлардан ҳар бири инсон ҳуқуқлари соҳасининг муайян соҳасига ихтисослашган ва бу борада тажриба орттирган бўлиши ҳисобга олинади.
Сўнгра номзодлар рўйхати ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига тақдим этилади. ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари мазкур Кенгаш томонидан уч йил муддатга, бир марта қайта сайланиш имконияти билан сайланадилар.
Комиссия аъзолигига битта мамлакатдан икки нафар эксперт бир вақтнинг ўзида сайланиши мумкин эмас. Номзодларни танлаш жараёнида ИҲТга аъзо давлатлар ўзларининг энг мустақил, холис, ҳалол ва тажрибали вакилини тавсия қилиши тақозо этилади.
Сайловда ИҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида тенг географик тақсимот таъминланади. Бу талаб Комиссияга араб мамлакатларидан – 6 нафар, Осиё қитъасидан – 6 нафар ва Африка қитъасидан 6 нафар аъзо сайланаиши зарурлигини англатади.
Янги сайланган Комиссия аъзоларининг 3 йиллик муддати Комиссия таркибини тарк этувчи аъзоларнинг муддати ниҳоясига етганидан кейин ўтказиладиган навбатдаги биринчи сессиядан эътиборан бошланади. Агар муддати тугаган вакил ўрнига янги аъзо сайланмаган бўлса, амалдаги вакил Комиссиянинг янги аъзоси сайланишига қадар ўз фаолиятини давом эттиради.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг Тартиб-таомиллари қабул қилинган. Ушбу ҳужжатнинг 6-қоидасида Комиссия аъзоларининг мутақиллигига доир мақоми мустаҳкамланган.
Биринчидан, Комиссия аъзолари мустақил экспертлар сифатида фаолият олиб борадилар. Улар ўзларининг шахсий ёндашув ва қарашларини ифода этади.
Иккинчидан, Комиссия аъзолари ўз фаолиятини амалга оширишда ҳар доим юксак профессионаллик, адолатпарварлик, мустақиллик, холислик, қатъийлик сифатларини намоён этишлари шарт.
Бу жарёнда Комиссия аъзолари ўз маънавий обрў-эътиборини, чет таъсирлардан холи равишда, мунтазам ошириб боришлари лозим. Комиссия аъзоси ўз ваколатларига киришишидан олдин “Қасамёд маросими” деб юритиладиган тантанали тадбирда қуйидаги мазмунда баёнот беради:
“Мен ўз вазифаларимни юксак профессионаллик, адолатпарварлик, мустақиллик, холислик, қатъийлик билан, чет таъсирлардан холи равишда бажаришга тантанали баёнот бераман ва бу йўлда Яратган Эгам менга мададкор бўлсин”.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тантанали маросимда ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг янги аъзолари Аҳмад Аззам бин Абдурраҳмон, Боушшогоу Мбоин Фарафина, Камади Бийобнабий, элчи Аслам Тасним, профессорлар Саййид Муҳаммад Алғуфли ва Айдин Сафиханли қасамёд қабул қилди.
Тадбирда янги аъзоларга Комиссиянинг тузилиши, тарихи, мақсад ва вазифалари ҳақида ахборот берилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.10.2019
- Кўришлар: 5881
- Чоп этиш