Ногиронлиги бўлган шахсларга меҳнат қонунчилигида қандай имтиёзлар мавжуд?

Ҳуқуқий муносабат

Бугунги кунда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида бошқалар билан бирга тенг, тўлиқ ва самарали иштирок этиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. 

Хўш, улар учун меҳнат қонунчилигида қандай имтиёзлар белгиланган?  

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада ҳуқуқий тушунчалар берди:    

–Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 183-моддасига мувофиқ айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.  

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги қуйидагиларга мажбурий тартибда белгиланади.   

Жумладан, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларга, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга, иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагоглар ва бошқа тоифадаги ходимларга, уч ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига иш вақти қисқартириб берилади.  

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 427-моддасида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгилаб ўтилган. Унга кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. 

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида — олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида — етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги керак. Ушбу имтиёз ҳозирда ҳам мавжуд.  

Қўшимча маълумот сифатида Меҳнат кодексининг 428-моддасини келтиришимиз мумкин. Ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.  

Гулноза Бобоева,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech