Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2026 йил 24 июль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси "Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида" резолюция қабул қилди.
Мазкур ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларини ифодаловчи БМТга аъзо 61 та давлат ҳаммуаллиф бўлди. Бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ривожланиш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва парламент дипломатиясини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини тасдиқлайди.
Резолюция муҳокамаси чоғида Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги Доимий вакили Улуғбек Лапасов мазкур ҳужжатни қабул қилиш ташаббуси мамлакатимиз Президенти томонидан таклиф қилинганини, жумладан бу глобал ижтимоий ривожланиш кун тартибини илгари суришга ҳамда халқаро ҳамкорликнинг парламент мезонини мустаҳкамлашга Ўзбекистоннинг ҳиссаси бўлганини таъкидлади.
Резолюцияда 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда миллий қонунчиликни такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш, муносиб бандликни таъминлаш, сифатли таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва ижтимоий интеграциянини қўллаб-қувватлаш орқали парламентларнинг асосий ролига урғу берилади. Ҳужжатда алоҳида эътибор хотин-қизлар ва ёшларнинг парламент фаолиятидаги иштирокини ошириш, ижтимоий ривожланиш учун рақамли трансформация имкониятларидан фойдаланиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 150-ассамблеяси ўтказилгани ҳамда ижтимоий ривожланиш ва ижтимоий адолат йўлида парламент ҳаракати тўғрисида Тошкент Декларацияси қабул қилингани ҳам эътироф этилган.
Ҳужжатда БМТга аъзо давлатлар 2030 йилгача Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш ва мониторинг қилиш жараёнларига, жумладан ихтиёрий миллий шарҳларни тайёрлаш, миллий мажбуриятлар ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда фуқаролик жамияти билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш жараёнига парламентларни янада фаол жалб этишга чақирилади. Бундан ташқари, резолюцияда БМТнинг йирик тадбирларида парламент аъзоларининг иштирокини кенгайтириш ва ижтимоий ривожланиш соҳасидаги тараққиётни баҳолаш самарадорлигини ошириш учун миллий статистика тизимларини такомиллаштириш тавсия этилади.
Ҳужжат қабул қилинишидан аввал Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги Доимий ваколатхонаси томонидан кенг кўламли сиёсий-дипломатик ишлар олиб борилди. Музокаралар жараёнида бир қатор расмий маслаҳатлашувлар, шунингдек, кўплаб икки томонлама музокаралар ўтказилди, бу эса БМТ ҳужжатларининг универсаллиги тамойилларига жавоб берадиган ва барча аъзо давлатларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган мувозанатли матнни келишиб олишга имкон берди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
