ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ МАРКАЗИ |
ХАЛҚАРО МИГРАЦИЯ ТАШКИЛОТИ (БМТнинг миграция бўйича агентлиги) |
«Одам савдосига қарши курашиш масалаларини оммавий ахборот воситаларида самарали ёритиш»
Фарғона шаҳрида 31 октябрда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун шу мавзуда ташкил этилган ихтисослашган ўқув тадбирининг дастлабки куни бир қатор маърузалар тинглаш билан бошланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори М.Тиллабоев, БМТнинг миграция агентлиги – Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича менежери С.Тошбоев, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғ.Мирзаев ва бошқалар «Глобал ва минтақавий миграциянинг тамойиллари ва даъватлари», «Одам савдосига қарши курашишнинг халқаро-ҳуқуқий асослари», «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлда қабул қилинган “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасида амал қилаётган бошқа миллий-ҳуқуқий асослар ва механизмлар», «Одам савдосига қарши курашиш ва жабрдийдаларга ёрдам кўрсатиш соҳаларига доир асосий тушунча ва принциплар», «Ўзбекистон Республикасида журналистлик фаолиятининг норматив-ҳуқуқий асослари ва кафолатлари» мавзуларида маъруза қилди.
Ушбу маърузалар юзасидан қизиқарли баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.
*
Куннинг иккинчи ярмида Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг ташкилий ривожланиш, жамоатчилик билан алоқалар, журналистика ва медиаменежмент бўйича экспертлари - беларуслик тренерлар Витаут Рудник ва Лана Рудник тренинг иштирокчилари билан амалий машғулотлар ўтказди.
Экспертлар «Одам савдосига қарши курашиш мавзусини оммавий ахборот воситларида ёритишда касб маҳорати, одоб-ахлоқ ва ўзига хос ёндашув масалалари», «Одам савдосига алоқадор ҳолатлар юзасидан интервью олиш ва мақолалар тайёрлашнинг техник жиҳатлари» сингари мавзуларнинг тингловчилар томонидан интерфаол машғулотлар доирасида ўзлаштирилишига алоҳида эътибор қаратишди.
Тренинг машғулотлари 1 ноябрда давом этади.
Маълумот учун: Витаут Рудник – 1969 йилда Беларусда туғилган. Гродно давлат университетида таҳсил олган. Беларусь, АҚШ, Литва, Чехия, Украина, Польша, Молдова давлатларининг консалтинг ва малака ошириш соҳалари стипендияларига сазовор бўлган. Фуқаролик жамияти институтлари фаолияти бўйича ихтисослашган тренингларни ташкил этишда катта тажрибага эга. Инглиз, рус, украин ва польяк тилларини билади
Лана Рудник – 1972 йилда туғилган. Вильнюсдаги Европа Гуманитар университетида (Литва), Белосток Давлат бошқаруви олий мактабида (Польша), Гродно Ўқитувчилар малакасини ошириш институти ва Гродно Давлат университетида (Беларусь) таҳсил олган. Сиёсий фанлар, демократия ва фуқаролик жамияти магистри. Ихтисослигига кўра таълим муассасалари руҳшуноси.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати
- Қўшилди: 31.10.2019
- Кўришлар: 5323
- Чоп этиш