Ўзбекистон илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Аъзолик ваколатлари муддати 2021 йил 1 январдан бошланади.
Ушбу қарор 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасида бўлиб ўтган сайловлар натижасида қабул қилинди. Қарорга кўра, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 15 та аъзо- давлат сайланган бўлиб, улар сафида Ўзбекистон, шунингдек Буюк Британия, Боливия, Хитой, Габон, Кот-д'Ивуар, Куба, Малави, Франция, Покистан, Мексика, Непал, Россия, Сенегал ва Украина бор.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзолик учун, одатда, бешта минтақадан давлатлар танланади. Бу галги сайловда бўшаб қолган 15 та аъзолик ўрнига Осиё-Тинч океани, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидан – 4 аъзо, Африкадан – 4 аъзо, Шарқий Европадан – 2 аъзо, Лотин Америкаси ва Кариб давлатларидан – 3 аъзо ҳамда Ғарбий Европа ва бошқа минтақалар, жумладан, АҚШ, Канада ва Исроил давлатлари орасидан – 2 аъзо сайланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси доирасидаги ушбу дастлабки сайловларда Ўзбекистон учун БМТга аъзо 191 давлатдан энг кўпчилиги - 169 таси овоз берди. Осиё гуруҳидан Покистон ҳам 169 овоз тўплади. Шунингдек, Непал – 150 та, Хитой – 139 та, Саудия Арабистони – 90 та овоз олди.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши – БМТ тизимидаги ҳукуматлараро орган бўлиб, 2006 йилда ташкил этилган. У ўз мажлисларини мунтазам, йилида камида уч марта ўтказади. Бу сессиялардан бири асосийси саналади ва унинг иши ўн ҳафта давом этади. Кенгаш аъзоларининг учдан бир қисми талаби асосида, жумладан, муайян мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ташвишли аҳволни ўрганиш мақсадида махсус фавқулодда сессиялар ҳам чақирилиши мумкин.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Бош Ассамблеянинг 60/251-резолюцияси 7-бандига мувофиқ, "Кенгаш таркибига 47 та аъзо-давлат киради ва уларнинг ҳар бири Бош Ассамблеянинг кўпчилик аъзолари томонидан бевосита яширин овоз бериш йўли билан сайланади". БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолари ўз ваколатларини уч йил давомида бажаришлари зарур.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 14.10.2020
- Кўришлар: 4205
- Чоп этиш