2021 йил 17 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Парламентлараро Иттифоқнинг ҳар йили ўтказиладиган Парламент эшитувлари бошланди. Видеоконференция тарзидаги ушбу халқаро тадбир "Ҳукуматга ишончни тиклаш ва ривожланиш истиқболларини яхшилаш учун коррупцияга қарши курашиш" мавзусига бағишланган.
Очилиш маросимида БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкир ва Парламентлараро Иттифоқ раиси Дуарте Пачеко сўзга чиқди.
Парламент эшитувларида дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 200 нафар парламент аъзоси иштирок этмоқда. Иштирокчилар орасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Акмал Саидов ҳам бор.
Парламентлараро Иттифоқнинг БМТда ўтказилаётган бу йилги Парламент эшитувлари жорий йил июнь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси махсус сессиясининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсий декларациясини ишлаб чиқишда парламентлар томонидан ҳисса қўшишга қаратилган.
Коррупция инсонларнинг қонун устуворлиги ва ҳукумат идораларига бўлган ишончига путур етказади. У бир пайтнинг ўзида кучсиз демократиянинг белгиси ва сабаби ҳамдир.
Давлат сектори ва хусусий сектордаги коррупция тенгсизликни кучайтириб юборади, соғлиқни сақлаш, таълим тизимлари ва бошқа ижтимоий фаровонлик мақсадлари учун давлат бюджетидан сарфланадиган маблағларга чанг солади, барча инсонларга фойдаси тегадиган тараққиёт самараларини йўққа чиқаради. Коррупция балосидан аёллар, камбағаллар ва аҳолининг эҳтиёжманд гуруҳлари энг кўп азият чекади.
«Transparency International» Бошқаруви раиси Делия Феррейра Рубио коррупция демократияга қанчалик зиён етказиши ва мамлакатлар тараққиётига тўсиқ бўлиши билан боғлиқ маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, у парламентларнинг коррупцияга қарши курашда иштирок этиши зарурлиги хусусида тўхталди.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида давлатларнинг барча шакллардаги коррупцияни сезиларли даражада камайтиришга доир мажбурияти белгиланган.
Парламент эшитувларида «Коррупцияга қарши конвенция: мазмун-мундарижаси ва амалга ошириш муаммолари», «Улкан маблағлар (активлар) иштирокидаги коррупция, бошқача айтганда, «йирик коррупция» каби мавзулар муҳокама қилинмоқда.
Мунозараларда парламентлар аъзолари билан бир қаторда, БМТ расмий шахслари, элчилар, олимлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 18.02.2021
- Кўришлар: 3531
- Чоп этиш