30 июнь – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жаҳон жамоатчилигига йўллаган мурожаатида таъкидлаганидек, “Одам савдоси – дунёнинг барча минтақаларига дахлдор даҳшатли жиноятдир”.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини айнан 30 июнда имзолангани замирида рамзий маъно бор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази миллий, хорижий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ушбу санага бағишлаб “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” тўплами ўзбекча нашрининг тақдимотини, журналистлар учун брифинг, шунингдек, “Муҳаббат ила Соня” бадиий фильми намойишини ўтказди.
Ушбу тадбирларда хорижий мутахассислар ва халқаро экспертлар ҳам иштирок этди. Улардан айримларининг фикр-мулоҳазалари қуйида ҳавола этилмоқда.
Татьяна КОТЛЯРЕНКО, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича маслаҳатчиси:
– Ўзбекистон Президентининг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармони айнан 30 июнь – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунида қабул қилинди. Бу билан мамлакатингиз халқаро мажбуриятларини бажариш борасидаги саъй-ҳаракатлари қатъий эканини яна бир бор амалда намойиш этди.
Шунингдек, бу муҳим ҳужжат Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашишда иштирок этаётган барча миллий ва халқаро тузилмаларнинг ўзаро ҳамкорлиги юқори даражада йўлга қўйилганидан далолат беради. Сенат раиси бошчилигида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси тузилгани бунинг яққол далилидир.
Одам савдосига қарши курашишда давлатлар ва халқаро тузилмаларнинг “ким ўзар”га ўйнайдиган мусобақаси билан бирон-бир натижага эришиш даргумон. Бунда фақат барча шерикларнинг ўзаро ҳурмат ва бир-бирига бўлган ишончига асосланган самимий ва дўстона ҳамкорлигигина ўз самараларини беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан амалий ҳамкорлигимизни бунга мисол сифатида келтиришни истардим. Хусусан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан тайёрланган “Одам савдоси жабрдийдаларини келиб чиқиш мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига амал қилиш бўйича Дастуруламал принциплар” тўплами Марказ ташаббуси билан ўзбек тилида нашр этилди. Варшавада чоп этилган ушбу нашрнинг тақдимотини ўзаро ҳамкорликда Тошкентда ўтказдик.
Мая РУСАКОВА, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси эксперти:
– Ўзбекистон одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши кураш масаласига жиддий муносабатда эканлигини амалда намойиш этиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу борадаги янги ташаббуслари ҳам эътирофга сазовор.
Мен Тошкентда ўтказилган тақдимот тадбирида “Одам савдоси жабрдийдаларини қайта йўналтириш миллий механизмини ривожлантириш бўйича ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсиялари” мавзусида маъруза қилдим. Тадбирдан кейин худди шу куни Ўзбекистон Президентининг биз муҳокама қилган мавзуга дахлдор Фармони кучга кирганидан хабар топдим.
Ҳужжатда ЕХҲТ/ДИИҲБ тавсияларининг аксарияти ҳисобга олинибди. Хусусан, Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси таркибини янада кучайтиришга доир тавсиялар берилганди.
Ўзбекистон Президентининг Фармонига кўра, ушбу Идоралараро комиссия эндиликда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил этилгани жуда аҳамиятлидир. Миллий комиссия таркибига мамлакат ҳудудларида фаолият олиб бораётган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари киритилгани ҳам эътиборга лойиқ.
Халқаро стандартлар асосида Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилганини ҳам қўллаб-қувватлаймиз. “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга одам савдоси қурбонларини халқаро стандартларга мувофиқ идентификация қилиш механизмини белгилаш ҳамда одам савдоси қурбонларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмини жорий этишга доир ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётгани ҳам жуда муҳимдир.
Ўзбекистонга ташрифимиз доирасида турли ташкилотлар вакиллари ва фуқаролар билан яқин мулоқотда бўлдик. Юртдошларингизнинг кенг қамровли ва шиддатли ислоҳотларга қўшаётган ўз шахсий ҳиссасидан фахрланиш ҳисси ҳавасимизни тортди.
Мрунал Тхакур, ҳинд киноюлдузи, “Муҳаббат ила Соня” номли бадиий фильми бош қаҳрамони ролининг ижрочиси:
– Аввало, мени Ўзбекистон Президентининг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида ҳам ташаббускор ва қатъиятли экани мамнун этди. Мамлакатингиз жамоатчилиги бу қалтис масалаларга бефарқ қарамаслиги, аксинча, ана шу разил иллатларга қарши курашда ўзаро ҳамжиҳат ва фаол экани мени ҳайратга солди.
“Муҳаббат ила Соня” номли бадиий фильм илк бор май ойида Венада, энди Тошкентда намойиш этилмоқда. Ушбу киноасар ҳаётий воқеаларга асосланган. Туғишган опасининг ҳаётини сақлаб қолишга аҳд қилган Соня оқибатда турли алдовлар туфайли глобал одам савдоси тўрига тушиб қолади.
Одам савдоси жабрдийдаларининг аксарияти хотин-қизлар экани жуда катта ташвиш уйғотади. Шу маънода, фильм барчамизни яна бир бор огоҳликка чорлайди, деб ўйлайман.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганини эшитдим. Бу жуда муҳим. Мамлакатингизнинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган янги қадамларини ҳам маъқуллайман.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
«Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари» журнали
Бош муҳаррирининг ўринбосари Ғулом Мирзо ёзиб олди
- Қўшилди: 03.08.2019
- Кўришлар: 7578
- Чоп этиш