Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми имзоланганига роппа-роса 75 йил тўлди. Халқаро ҳуқуқ воситаси ҳисобланувчи мазкур ҳужжат 1945 йил 26 июнда Сан-Франциско шаҳрида 50 та давлат, жумладан, собиқ СССР, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Украина ва Франция томонидан имзоланган.
1945 йил 24 октябрда кучга кирган БМТ Низомида ташкилотнинг тузилмаси, можароларни ҳал қилиш ва тажовузкор ҳаракатлар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга жавоб беришнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. Ушбу сана БМТ ташкил топган кун сифатида бутун дунёда кенг нишонланади.
Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош котиби чақириғига жавобан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил тўлиши муносабати билан «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» мавзуидаги туркум глобал мунозараларни уюштирмоқда.
Глобал мунозараларнинг дастлабкиси «Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик» деб номланди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
26 июнь куни видеоконференция алоқаси шаклида ўтказилган ушбу халқаро форум ишида:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева;
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов;
БМТ Бош котибининг ўринбосари ва Ташкилот ташкил топган куннинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича Махсус маслаҳатчиси Фабрицио Хохшильд;
БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Женевадаги Бўлими Бош директори Татьяна Валовая;
БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман;
БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Ҳелена Фрейзер, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, элчилар, шунингдек Ўзбекистон Ҳукумати аъзолари, вазирлар, парламент аъзолари, Конституциявий суд ва Олий суд раҳбарлари иштирок этди.
Халқаро анжуманнинг расмий очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Форум иштирокчиларига табригини Ўзбекистон парламенти Сенатининг Раиси Т.Норбоева ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбари табригида таъкидланганидек, "Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз. Бу биз амалга ошираётган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир".
Анжуман иштирокчилари эътиборига БМТ Бош котиби Антонио Гуттеришнинг видео-мурожаати намойиш этилди.
БМТ Бош котибининг ўринбосари ва Ташкилот ташкил топган куннинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш бўйича Махсус маслаҳатчиси Ф.Хохшильд ҳамда БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТнинг Женевадаги Бўлими Бош директори Т.Валовая анжуман иштирокчиларини қутлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов таъкидлаганидек, ушбу халқаро форум БМТ Низоми имзоланган тарихий кунда ўтаётганида, унинг ишида БМТ ва ушбу нуфузли Ташкилотнинг бутун дунёдаги тузилмаларидан олий даражадаги вакиллар иштирок этаётганида ҳамда мазкур анжуман ер юзидаги инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга хизмат қилишида ўзига хос рамзий маъно бор.
Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги ягона, том маънода универсал халқаро ташкилот ҳисобланади. БМТ давлатларнинг ўз сарҳадларидан ташқарига чиқадиган масалаларни ҳал этиб келмоқдаки, бу муаммоларга биронта мамлакатнинг ёлғиз ўзи ечим топиши мумкин эмас.
Бундан 28 йил олдин янги демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси – Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шундан буён биз ўз масалаларимизни ҳал этишда ҳар доим БМТнинг кўмагига таяниб келмоқдамиз.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қайд этганидек, "Олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмайди ва шунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур. Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим".
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Ўзбекистон БМТ тузилмалари билан яқин ҳамкорликни давом эттиради».
Маълумки, бундан беш йил аввал БМТга аъзо-давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилганди. Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда. Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзининг биринчи Ихтиёрий миллий шарҳини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди.
Халқаро форум мунозаралари доирасида бугунги кунда БМТ олдида турган долзарб даъватлар ва Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ортиб бораётган роли атрофлича муҳокама қилинди.
Онлайн-мулоқот иштирокчилари томонидан илгари сурилган ғоя ва таклифлар 2020 йил сентябрида давлатлар бошлиқлари ва БМТ раҳбарияти муҳокамаси учун тақдим этилиши кутилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 26.06.2020
- Кўришлар: 4093
- Чоп этиш