Ўзбекистонда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда

30 март куни ўз ишини бошлаган уч кунлик онлайн семинарда Ўзбекистоннинг хотин-қизларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси тақдим этилди. "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибини самарали амалга оширишга бағишланган анжуман ЕХҲТ Котибияти томонидан ташкил этилди.

Ушбу семинар Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Монголия ва Туркманистон экспертлари учун ўтказилмоқда. Анжуманда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди ва мамлакатимизнинг хотин-қизларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси ҳақида маъруза қилди.

Д.Муратова таъкидлаганидек, хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда фаол иштирок этишларига кўмаклашиш муҳим аҳамиятга эга. Аёлларнинг барча даражаларда қарорлар қабул қилиш жараёнларида тўлиқ ва сезиларли иштирок этиши жамиятларнинг янада тинч ҳамда фаровон бўлишига хизмат қилади. Шунинг учун хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича  Миллий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

"Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" кун тартибини самарали амалга оширишнинг воситалари ва стратегиялари" мавзуидаги семинар доирасида айни мақсадга, жумладан Миллий ҳаракатлар режалари воситасида эришиш истиқболлари кенг муҳокама қилинмоқда. Шу маънода, тадбирга БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1325-Резолюциясини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ёки гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ҳамда татбиқ этишга масъул вазирлик ва идоралар вакиллари таклиф этилган. Иштирокчилар орасида фуқаролик жамияти вакиллари ва фаол хотин-қизлар ҳам бор.

Анжумандан мақсад самарадор Миллий ҳаракатлар режалари ишлаб чиқиш бўйича кўникмаларни оширишдир. Тадбир иштирокчилари хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, шунингдек БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1325-Резолюциясини гендер тенгликка доир бошқа ҳужжатлар, хусусан, Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенция ва БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига, шунингдек мамлакатнинг гендер тенгликни таъминлаш бўйича стратегия ва режаларига  уйғунлаштириш борасида эришилган ютуқлар ҳамда мавжуд муаммоларни кўриб чиқмоқдалар.

Энг муҳими, семинарда ЕХҲТга  аъзо давлатларнинг  БМТ Хавфсизлик кенгаши 1325-Резолюциясини имплементация қилиш борасидаги тажрибаси муҳокама этилди. Бу мавзуда ЕХҲТ Котибиятининг гендер масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Амарсан Дарисурен сўзга чиқди. ЕХҲТ Котибиятининг вакили айни соҳада тегишли миллий ҳаракатлар режалари ва стратегиялари ишлаб чиқиш масаласи жуда муҳим эканини таъкидлади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech