11 май куни парламент қуйи палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентини ташкил этиш юзасидан ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди, деб хабар тарқатди parliament.gov.uz сайти.
Йиғилишда депутатлар, Ёшлар масалалари бўйича комиссия аъзолари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Ёшлар парламентининг асосий йўналишлари ҳамда вазифалари нималарда намоён бўлиши хусусида тўхталди.
Парламентаризм анъаналарини сақлаган ҳолда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, ёшларнинг парламент фаолияти ва қонун ижодкорлигининг барча босқичларидан хабардорлигини ошириш давр талаби экани алоҳида қайд этилди. Ушбу жараёнда кечадиган янги ва устувор йўналишларни белгилашда ёшларнинг фаоллигини ошириш, алалоқибат навқирон авлоднинг сиёсий билимларини ошириш ва уларда ватанпарварлик руҳини кучайтириш Ёшлар парламентини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадлардан ҳисобланади.
Шу билан бирга, Ёшлар парламентини ташкил этишда хорижий давлатлар тажрибасидан унумли фойдаланиш масаласига эътибор қаратилди. Бунда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадга мувофиқдир.
Депутатлар ташкил этиладиган Ёшлар парламенти фаолияти юзасидан бир қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар. Шу асосда истиқболдаги ташкилий жараённи ўз ичига олган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.05.2020
- Кўришлар: 4868
- Чоп этиш