"Ўзини топган одам худди офтобга ўхшайди"

МУСТАҚИЛЛИК - ИНСОН ТАҚДИРИДА

Ҳар биримиз ҳаёт йўлида ота-онамиз, оиламиз ва қон-қариндошлардан ташқари бизга пиру устозлар ва содиқ дўстлар билан ҳамнафас бўламиз. Шу азиз инсонлар туфайли ҳаётимиз сермазмун, турмушимиз қут-баракали ва илму амалимиз самарадор. Шайх Жалолиддин Румийнинг ҳикматли сўзлари билан айтганда: “Кимниким устоди йўқ, ҳам ишин бунёди йўқ, Маъни йўлида ғарибдир, кимниким устоди йўқ”.

 

Профессор У.Тожихонов таржимаи ҳолига айрим чизгилар

Шу маънода, юридик фанлар доктори, профессор, генерал-майор Убайдулла Тожихоновни оқибатли дўст, меҳрибон устоз ва салоҳиятли ҳаммуаллифларимдан бўлган яқин инсон сифатида эҳтиром билан ёдга оламан. У киши билан ўзаро самимий ва ишчан муносабатларимизнинг тафсилотлари хусусида сўз юритишдан олдин Убайдулла акамнинг таржимаи ҳолига мухтасар тўхталмоқчиман.

Убайдулла Тожихонов 1940 йил 1 сентябрда Чимкент вилоятининг Сайрам туманида, зиёлилар оиласида таваллуд топган. 1957-1959 йилларда Тошкент ўрта махсус мактабида ўқиган, 1959-1965 йилларда эса Тошкент давлат университетининг (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) юридик факультетида сиртдан таҳсил олган.

У киши хизмат фаолиятини 1959 йили Тошкент шаҳридан бошлаган. 1982 йилгача пойтахтимиз ва Наманган шаҳар ички ишлар органлари тизимида, шунингдек республика миқёсидаги раҳбарлик лавозимларида ишлаган.

1982 йилдан эътиборан Убайдулла ака педагогик ва илмий фаолиятга эътиборини қаратган. Ички ишлар вазирлиги Тошкент Олий мактабининг (ҳозирги Ички ишлар вазирлиги Академиясининг) маъмурий ҳуқуқ кафедрасида ўқитувчи, катта ўқитувчи, кафедра бошлиғининг ўринбосари, сиртқи таълим факультети бошлиғи каби лавозимлар поғонаси бўйлаб юқорилаб борган.

Аммо, ХХ асрнинг охирги ўн йилликларида "ўзбеклар иши" деган нохуш тамға билан эл-юртимиз бошига ёғилган балою офатлар уни ҳам четлаб ўтмаган. Убайдулла Тожихонов 1986 йили тўсатдан қамоққа олинган. Ўша машъум балоларнинг бошида турган, балки бевосита ижрочилари бўлган Гдлян ва Ивановлар гуруҳи томонидан Убайдулла ака қаттиқ сўроқларга тутилган. Улар ўзлари кутган маълумотларни ололмагач,  уни қийноқларга дучор этишган.

Адолатсизликлар олдида бош эгмаган ва руҳи синмаган ушбу мард инсон роппа-роса 3 йилу 23 кунлик қийинчликлардан сўнг ниҳоят озодликка чиқарилган. Убайдулла ака 1989 йилда тўла оқланиб, бекор қилинган унвонлари қайтариб берилган. У киши аввалги иш жойи - Тошкент Олий мактаби маъмурий ҳуқуқ кафедраси бошлиғининг ўринбосари лавозимига тикланган.

Бу ҳақда сўз борганда, албатта, собиқ иттифоқнинг сўнгги йиллари бўлган ўша даврда ва Ўзбекистон мустақиллиги қўлга киритилган дастлабки йилларда Тошкент Олий мактабининг фаолиятида бир қатор муаммолар тўпланиб қолганига тўхталиш керак бўлади. Хусусан:

биринчидан, Олий мактабнинг ўқув бинолари, синфхоналар, ётоқхоналар, ошхоналар тамомила яроқсиз ва аянчли ҳолатда бўлган;

иккинчидан, ўзбек халқининг миллий руҳига бегона дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва бошқа илмий адабиётлар коммунистик мафкурадан мерос бўлиб қолган;

учинчидан,  ёшларга малакали билим беришга қодир педагоглар етишмаган;

тўртинчидан, ҳуқуқшунослик соҳасида маҳаллий миллатга мансуб фан докторлари ва фан номзодлари ниҳоятда кам бўлган.

Бу салбий омилларнинг барчаси, ўз навбатида, халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган, юртдошларимизнинг тинч-осуда яшашини таъминлайдиган, Ватанимизни тажовузкор ички ва ташқи ғанимлардан, ҳар хил жиноятчи унсурлардан ҳимоя қиладиган етук мутахассисларни тайёрлашга халақит берарди.

Бинобарин, ўша вазиятларда соҳада қалби қайноқ, виждони пок, иймон-эътиқодли, халқпарвар, ватанпарвар, билимли, юқори малакали юрт посбонларини ҳар томонлама камол топтириш долзарб аҳамият касб этаётганди.

Шу нуқтаи назардан, Убайдулла Тожихоновнинг 1992 йилдан Тошкент Олий мактаби, 1994 йилдан эътиборан ўн йил давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бошлиғи лавозимида самарали фаолият кўрсатгани мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти тарихида муҳим воқеа бўлди.

Убайдулла аканинг бевосита раҳбарлиги даврида ушбу олий ўқув юрти нафақат шаклланди ва дадил оёққа турди, балки МДҲ маконидаги турдош олий таълим муассасалари орасида нуфузи ва мавқеи бўйича пешқадамлардан бирига айланди.

Убайдулла ака билан юзма-юз танишувимиз Ички ишлар вазирлиги Академиясининг шаклланиш даври билан чамбарчас боғлиқ. Мазкур маърифат масканида кўп йиллик амалий, илмий, ижодий ва дўстона ҳамкорлигимиз қарор топган ҳамда мустаҳкамланган.

Шу ўринда Убайдулла Тожихоновнинг Ички ишлар вазирлиги Академиясида амалга оширган салмоқли ишларини қуйидаги мезонлар бўйича таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ, деган фикрдаман.

 

Биринчи мезон: ёш авлод таълим-тарбияси

Убайдулла ака Академия раҳбарлигига тайинлангач, олий ўқув юртидаги таълим мазмунини янгилаш мақсадида ўқув жараёнининг тузилиши тубдан қайта кўриб чиқилган. Таълим дастурига халқимизнинг миллий руҳиятига мос келадиган ва мустақил давлатчилик талабларига жавоб берадиган, мутлақо янгича мазмундаги янги авлод ўқув фанлари киритилган.

Мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида етук қадрларни тайёрлашга қаратилган намунавий дастурлар асосида дарсликлар, ўқув қўлланмалари, маърузалар курслари ва бошқа зарурий ўқув-методик материаллар ишлаб чиқилган. Ўқув ишларининг изчиллигини таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими қабул қилинган.

Бу масъулиятли ва шарафли вазифалар билан шуғулланиш Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларига тўғри келган. Ўша даврда мустақиллик, демократия, ҳуқуқ каби асосий тушунчаларнинг моҳиятини, янги давр талабларидан келиб чиққан ҳолда, кенг жамоатчиликка атрофлича тарғиб этиш тақозо қилинарди. Шу боис Убайдулла Тожихонов матбуот саҳифаларида ҳам фаол чиқишлар қилган.

Истиқлолнинг илк даврида ички ишлар органлари тизимида раҳбар кадрларга эҳтиёж кучли эди. Шунинг учун 1998 йил 26 февралда Академияда "Ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш факультети" ташкил этилган. Бунда, албатта, Убайдулла Тожихоновнинг юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берадиган, юқори малакали раҳбар кадрлар тайёрлаш истиқболлари билан боғлиқ ташаббуси ва амалий таклифи муҳим роль ўйнаган.

Ички ишлар вазирлиги Академиясида "Халқаро ҳуқуқ" кафедраси ташкил этилгани ҳам катта аҳамият касб этганини таъкидлаш лозим. Чунки халқаро ҳуқуқни теран ва фаол ўрганиш юқори малакали халқаро юристларни тайёрлашнинг мажбурий шартларидандир.

Эътиборли жиҳати шундаки, янги кафедранинг фаолиятини йўлга қўйиш ишлари "Халқаро ҳуқуқ" фанини ўқитиш ва ўрганиш учун дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмалари яратиш жараёнлари билан уйғун кечган.

"Адолат" нашриётида 2011 йили чоп этилган "Халқаро ҳуқуқ" дарслигим, шунингдек "Халқаро ҳуқуқ. Чизмалар ва таърифларда" номли ўқув қўлланмамга профессор У.Тожихонов масъул муҳаррирлик қилган. Ҳар иккала китоб Академияда яратилган илмий-ижодий муҳитнинг маҳсули ҳисобланади.

 

Иккинчи мезон: ободончилик ва меъморий-бунёдкорлик ишлари

Убайдулла Тожихонов бошчилигида Академия жамоаси улкан бунёдкорлик ишларини бажарган. Жумладан, ўқув бинолари, замонавий аудиториялар, ётоқхоналар, санаторий-соғломлаштириш маркази бунёд этилган.

Маданият саройи, спорт мажмуаси, ошхона каби кўплаб иншоотлар қайта қурилган, мавжудлари эса тез фурсатларда ва сифатли таъмирланган.

Шу тариқа ўқув юрти ҳудудида яшил либосга бурканган чаманзор, шаҳар аҳли тилида "арчазор" деб эъзозланадиган шинам гўша яратилди. 

Натижада Академия инсоннинг баҳри дили очиладиган, бу ерга ташриф буюрганлар чексиз завқ оладиган, ҳайратга тушадиган, ушбу таълим масканида дарс берадиган ва сабоқ оладиган мутахассислар эса ҳақли равишда ғурурланадиган таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва маърифат масканига айланди.

 

Учинчи мезон: ҳуқуқшунослик фани ва илмий тадқиқот ишларини ривожлантириш

Бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиш учун рақамларга эътибор берайлик. Академия профессор-ўқитувчилари томонидан қисқа даврда 30 дан ортиқ дарслик, 70 дан зиёд маърузалар курси, қарийб 200 та ўқув қўлланма, 250 тадан ортиқ ўқув-методик қўлланма, 40 дан ортиқ монография, 13 та луғат, 10 та Кодексга илмий-амалий шарҳлар, 10 дан зиёд илмий-оммабоп рисола, 9 та хрестоматия, 5 та ахборот бюллетени ва 1 та энциклопедия тайёрланган ҳамда нашр этилган.

Убайдулла ака ташкилий-амалий ишлардан ортиб, илмий-назарий фаолиятга ҳам вақт ажратарди. Бунинг натижасида биз, яъни мен, У.Тожихонов ва Ж.Тошқулов ўзаро илмий ҳамкорликда 1995 йили "Мустақиллик ва ҳуқуқий мафкура" ўқув қўлланмасини ёздик. Худди шу йили Ж.Тошқулов билан бирга "Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи" ўқув қўлланмасини тайёрладик. Ҳар икки қўлланма  Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан нашр этилди.

Бу борадаги илмий ҳамкорлигимиз янада изчил давом этди. Хусусан, 1998 йили камина Убайдулла ака билан ҳаммуаллифликда ёзган "Ҳуқуқий маданият назарияси" номли 2 жилддан иборат дарслигимиз чоп этилди. Ўз навбатида, 2001 йилда иккимизнинг "Давлат ва ҳуқуқ назарияси" номли 2 жилдли китобимиз нашрдан чиқди.

Кейинчалик Убайдулла ака билан илмий-ижодий ҳамкорликда яна 2 та дарслик чоп эттирдик. Булар - У.Тожихонов, А.Саидов, Ҳ.Одилқориев муаллифлигида ёзилган ва 2001 йили чоп этилган "Ўзбекистон Республикасининг конституциявий ҳуқуқи", шунингдек 2002 йили нашрдан чиққан "Давлат ва ҳуқуқ асослари" дарсликларидир.

 

Тўртинчи мезон: илмий-педагогик кадрлар ва иқтидорли ёш олимларни етиштириш

Генерал Убайдулла Тожихоновнинг ўзи ҳам 1978 йилда фан номзоди, 1995 йили эса докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Шу нуқтаи назардан, у кишининг илм-фанга иштиёқи кучли, олимларга эса ҳамиша меҳри баланд эди.

Убайдулла ака Академия бошлиғи сифатида иш бошлаган 1992 йилда ушбу маърифат даргоҳида атиги 12 нафар илмий даражали мутахассис ишлаган. Шунинг учун Устоз Академия ҳузурида Ихтисослашган илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилишига бош-қош бўлган.

Бунинг натижасида Академияда фаннинг 13 та йўналиши бўйича 36 нафар фан доктори, 112 нафар фан номзоди, 6 нафар академик, 5 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, 4 нафар хизмат кўрсатган юрист, 1 нафар халқ ёзувчиси ҳамда хизмат кўрсатган маданият ходими фаолият кўрсатишига эришилди.

Бу, ўз навбатида, ушбу олий таълим муассасасининг илмий салоҳияти юксалишига ҳамда ҳуқуқ, фалсафа, сиёсат, тарих ва касбий соҳаларни изчил ривожлантиришга кенг йўл очди.

 

Бешинчи мезон: таҳририят-ноширлик ишлари

1997 йили Академия профессор-ўқитувчилари, қолаверса, юртимиздаги турли соҳа олимларининг илмий изланишлари натижаларини ёритиш мақсадида ҳар чоракда "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг Ахборотномаси" илмий-юридик нашрининг фаолияти йўлга қўйилган.

"Ахборотнома" саҳифаларида мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ҳуқуқий ҳаётига ҳамда давлатчилик, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот, маънавият ва маърифат, таълим-тарбия масалаларига бағишланган илмий мақолалар мунтазам эълон қилиб борилди. Академия томонидан "Ҳуқуқ-Право-Law" юридик журнали ҳам уч тилда муайян муддат нашр этилганди.

Бу борада Убайдулла ака доим шахсан ташаббус кўрсатар ва ҳамиша барча янгиликларнинг ташаббускори эди. Мамлакатимизда муаллифлар жамоаси томонидан "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига шарҳ" тайёрлаш жараёнлари ҳам ушбу фикримни яққол тасдиқлайди.

Айниқса, Убайдулла Тожихоновнинг "Қонун. Инсон. Давлат" ("Закон. Человек. Государство") номли китоби юртимиз илмий жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилган. Бундан ташқари, Убайдулла аканинг бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли Кодексларга шарҳлар тайёрланган, "Юридик энциклопедия" нашр этилган.

 

Хотима ўрнида

Убайдулла Тожихоновнинг самарали фаолияти мезонлари ҳақида яна узоқ тўхталиш мумкин. Масалан, у кишининг ўз хизмат жамоаси маиший турмушини яхшилаш, Академия ходимларига ғамхўрлик қилиш бобидаги ёндашувини таърифлашга сўз ожиз.

Убайдулла ака ҳар бир ишни адолат мезони билан ҳал этарди. Қисқача айтганда, у киши генерал унвонида ҳам, профессорлик илмий мақомида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам халқимизга ва Ватанимизга садоқат билан хизмат қилди.

Хулоса қилиб айтганда, япон ҳалқининг: "Офтоб ҳақ-ноҳақни ажратмайди, у кимнидир иситишни мақсад қилмасдан нур сочади. Ўзини топган одам худди офтобга ўхшайди", деган ҳикмати бежиз эмас.

Убайдулла Тожихонов ҳам ўзини топган инсонлардан бўлиб, у кишининг туғилган куни - 1 сентябрь - Халқаро билимлар кунига тўғри келишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор, назаримда. Чунки раҳматлик бутун умр илм-маърифатни ўрганиш ва ўргатишдек эзгу амал билан машғул бўлди.

Убайдулла аканинг маърифат зиёсидан баҳра олганлар орасида камина ҳам бор. Устоз бу йил қутлуғ 80 ёшга тўлар эди. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин.

Акмал Саидов,
академик 

 

("Ҳуррият" газетаси, 2020 йил 26 август)

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech