2020 йилнинг 1 ноябрь куни дунё мамлакатлари парламентларини бирлаштирган, 130 йилдан ортиқ тарихга эга халқаро ташкилот — Парламентлараро Иттифоқ раислигига онлайн сайловлар бошланди, дейилади parliament.gov сайти хабарида.
Ушбу нуфузли парламентлараро халқаро ташкилотга раислик қилиш учун тўртта мамлакат парламенти вакиллари даъвогарлик қилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг ҳам номзоди бор.
Сайловда Ўзбекистондан ташқари Покистон, Португалия, Канада вакилларининг номзодлари кўрсатилган. Ҳар бир номзод Парламентлараро Иттифоққа аъзо 179 давлат вакилларига ўз дастурларини баён қилдилар.
Хусусан, Ўзбекистон парламентининг қўллаб-қувватлаши асосида илк бор Евроосиё гуруҳидан Парламентлараро Иттифоқ раиси лавозимига номзоди кўрсатилган А.Саидов ўз дастурини икки тилда: инглиз ва француз тилларида тақдим этди. Мамлакатимиз вакили Парламентлараро Иттифоқнинг келгуси уч йилдаги фаолиятининг аниқ устувор йўналишларига доир қарашларини сўзлаб берди.
Сайлов жараёни Тошкент вақти билан 19.00да бошланди ва 24 соат давом этади. Ҳар бир давлатга 3 тагача овоз бериш имконияти берилган. Сайловларда 50 фоиз овоз тўплаган номзод Парламентлараро Иттифоқ раислигига сайланади.
2 ноябрь соат 19.00 да якунланадиган сайлов натижасига кўра, номзодларнинг ҳеч бири 50 фоизгача овоз тўплай олмаса, шу куни соат 20.00 да сайловнинг иккинчи тури ўтказилади. Бу ҳолда аъзо давлатлар энг кўп овоз тўплаган икки номзоддан бирини танлайдилар.
Маълумот учун: Парламентлараро иттифоқ энг кекса халқаро парламент ташкилоти бўлиб, 1889 йилда ташкил топган. У ўз сафида дунёнинг 179 та мамлакати парламентлари ва 13 та парламентлараро ташкилотни бирлаштирган. Ташкилот қароргоҳи Женева шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон Парламентлараро иттифоққа аъзолигини ушбу ташкилотнинг 2017 йилги 137-Ассамблеясида тиклаган.
Қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли ва кенг кўламли демократик ислоҳотлар эътирофи сифатида A.Саидов 2020 йил февралидан эътиборан 2023 йилнинг октябрь ойига қадар Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, шунингдек 2020-2021 йиллар учун молия бўйича кичик қўмита аъзоси этиб тайинланган.
Бундан олдин мамлакатимиз вакили биринчи бор 2020-2023 йилда Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида қайд этилганди. Ушбу қарор ташкилотнинг Белградда (Сербия) бўлиб ўтган Aссамблеяси пайтида қабул қилинган. Ўшанда ҳам A.Саидов номзоди Парламентлараро Иттифоқнинг Евроосиё гуруҳи томонидан илгари сурилган ва ташкилотга аъзо давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланган эди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.11.2020
- Кўришлар: 3859
- Чоп этиш