9 майни барчамиз юксак ҳурмат-эҳтиром, ғурур ва чуқур миннатдорчилик билан кутиб оляпмиз. Бу кун урушда яқинлари ва қариндошларидан айрилганларни, жангларда қатнашганларни бирлаштиради, Ғалаба шарофати билан ҳаёт бўлган, тинч-тотув замонда умр кечираётганлар бир-бирларини ёдга олишади.
Булар Россия Федерацияси Мажлиси Федерал Кенгаши томонидан “Россия сегодня” халқаро медиа-гуруҳи билан ҳамкорликда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб ташкил этилган видеокўприкда алоҳида таъкидланди.
Унда Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон, Молдова ва Иккинчи жаҳон урушида халқи бугунги мусаффо осмон учун кураш олиб борган бошқа мамлакатлар миллий парламентлари раислари ҳамда депутатлари иштирок этди. Шунингдек, Европа парламенти, хусусан, Латвия, Словакия ва Эстониядан депутатлар, сиёсий ва жамоатчилик намояндалари қатнашди.
Тадбирни Россия Федерацияси Мажлиси Федерал Кенгаши Раиси Валентина Матвиенко очиб берди.
Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган мамлакатларда ушбу кун билан боғланмаган бирор оила бўлмаса керак. Шунинг учун 9 май — Ғалаба куни барча учун муҳимдир. Кўплаб давлатлар уруш йилларида фронтга нафақат ўз аскарларини, балки тинчлик учун курашганлар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар жўнатиб муносиб ҳисса қўшган. Булар видеокўприк иштирокчилари томондан алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда Парламентлараро иттифоқ (ПИ) ижроия қўмитаси вице-президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов нутқ сўзлади.
А.Саидов ўз чиқишининг бошида ПИ Ижроқўми номидан барчани Буюк Ғалаба муносабати билан табриклади. Зеро, ПИ 179 та миллий парламентни ўзаро бирлаштирган жаҳон ташкилотидир.
— Инсоният тарихидаги энг даҳшатли ва қирғинбарот фожиа — Иккинчи жаҳон уруши мисли кўрилмаган азоб-уқубатлар, йўқотишлар, сонсиз-саноқсиз қурбонларга сабаб бўлган, — деди у.
ПИ Ижроқўми вице-президенти сўзларига кўра, башарият ўша пайтдаги дунё аҳолисининг 80 фоиз аҳолиси билан биргаликда 62 давлатини ўз домига тортган Иккинчи жаҳон уруши сценарийси такрорланишига ҳар қандай вазиятда ҳам йўл қўймаслиги керак. Уруш 40 та мамлакатда олиб борилди, 60-65 миллион одамнинг ёстиғи қуриди, уларнинг ярми тинч аҳоли вакиллари эди.
А.Саидов ўз нутқида бугун глобал миқёсда долзарб бўлиб турган коронавирус пандемияси масаласига ҳам тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Covid-19 ривожланиш даражаси, бой-камбағаллигидан қатъи назар барча давлатлар ва одамлар бундай таҳдидлар қаршисида ожиз эканлиги, бу муаммони ёлғиз ҳал этиб бўлмаслигини кўрсатиб қўйди. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 2020 йил 2 апрелдаги “2019 йилда коронавирус касаллиги (COVIDS-19)га қарши курашда глобал бирдамлик” махсус Резолюциясида айтиб ўтилган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш пандемия Иккинчи жаҳон урушидан буён сайёра учун энг катта муаммога айланганини қайд этар экан, ҳозир дунёга бирдамлик керак эканлигини таъкидлади. Зеро, мазкур касаллик одамларнинг умрига зомин бўляпти, ҳаёт учун зарур воситалардан мосуво қилмоқда. Шунинг учун у жамият тақдирига дахлдор масаладир.
Пандемиянинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган қонунлар қабул қилаётган парламентлари ҳам коронавирусга қарши курашишда муҳим роль ўйнаб келяпти. ПИ пандемия даврида дунё парламентларининг ишлаш услублари ҳақидаги маълумотларни умумлаштиряпти.
ПИ маълумотларига кўра, дунёдаги давлатларнинг 50дан зиёд парламентлари чекланган ҳажмда фаолиятини давом эттиряпти, улардан 20дан ортиғи масофадан ишлашни таъминлаш учун ҳуқуқий асосларга эга ёки регламент ва қонунга шу бўйича ўзгартиш киритган.
А.Саидов Парламентлараро иттифоқнинг Парламент дипломатияси тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга оид таклифларини ҳам билдирди. Бу ПИ ва умуман парламентаризм институтини янада ривожлантиришга туртки беради.
ПИ вице-президенти Россия томонидан дунё динлари вакиллари иштирокида миллатлараро ва динлараро мулоқотни йўлга қўйиш бўйича конференция ўтказиш бўйича илгари сурилган таклифни ҳам қўллаб-қувватлади.
Якунда у Ғалабанинг 75 йиллиги билан барча иштирокчиларни яна бир бор чин юракдан табриклади.
Манба: parliament.gov.uz
- Қўшилди: 08.05.2020
- Кўришлар: 4371
- Чоп этиш