Минтақавий форум: “Тинчлик, ишонч ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг роли”

16 март куни Туркманистон пойтахти — Ашхобод шаҳрида “Тинчлик, ишонч ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг роли” мавзуида Марказий Осиё минтақавий форуми бўлиб ўтди. Онлайн анжуман Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ашхободдаги Маркази томонидан Туркманистон Ҳукумати билан ҳамкорликда, ЕХҲТнинг Гендер масалалари бўйича котибияти Дастури ҳамда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кўмагида ташкил этилди.

Минтақавий анжуманда ЕХҲТга аъзо мамлакатлар вакиллари, шу жумладан, минтақанинг амалдаги ва собиқ лидер-аёллари, ҳамкорлик бўйича шериклар, ижро этувчи ҳокимият тузилмалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти фаоллари, илмий доиралар ва хусусий сектор экспертлари иштирок этди.

Форумдан кўзланган мақсад — Марказий Осиё минтақасида гендер тенгликка эришиш борасидаги илғор тажрибани ўртоқлашиш, бу борада мавжуд муаммо ва таҳдидларни муҳокама қилиш ҳамда истиқболдаги мақсад-вазифаларни аниқлаштириб олишдан иборат.

Тадбирнинг очилишида ЕХҲТнинг Амалдаги раиси Анн Линде, Туркманистон Республикаси Парламенти Раиси Гулшат Маммедова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, “Марказий Осиё лидер-аёллари мулоқоти” Раиси Танзила Норбоева, ЕХҲТ Бош котиби Хельга Шмидт, БМТ Бош котибининг Махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия минтақавий маркази раҳбари элчи Наталия Герман, Афғонистон Ислом Республикасининг ЕХҲТдаги Делегацияси раҳбари элчи Манижа Бахтари, ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар бўйича олий комиссари элчи Кайрат Абдрахманов, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси директори Маттео Мекаччи, ЕХҲТнинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги бўйича вакили Тереза Рибейру иштирокчиларни қутладилар.

Минтақавий форум ишига ЕХҲТнинг Ашхободдаги Маркази раҳбари элчи Наталья Дрозд модераторлик қилди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.

А. Саидов қайд этганидек, инсоннинг ҳар томонлама тенглиги — инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим принциплардан биридир. Жамият ҳаётининг барча соҳаларида аёллар билан эркаклар ўртасида тўлиқ тенгликка эришиш ушбу принципнинг асосий талаби ҳисобланади.

Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ Пекин Ҳаракатлар платформасида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Пекин шаҳрида 1995 йили Хотин-қизларнинг тўртинчи бутунжаҳон конференцияси ўтказилганидан буён мамлакатимиз аёллар ва эркаклар ҳуқуқларининг тенглиги таъминланган жамият барпо этиш йўлида дадил одимламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида мамлакатимизда гендер сиёсати қатъий давом эттирилишини таъкидлагани бежиз эмас. Бу йил юртимизда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқотини ташкил этиш, шунингдек, хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш режалаштирилгани ҳам биз ижтимоий, сиёсий ва тадбиркорлик соҳаларида хотин-қизларнинг ўрнини тубдан оширишга қатъий бел боғлаганимиздан далолат беради.

Бир кунлик минтақавий анжуман бир вақтнинг ўзида тўртта мавзу бўйича шўъбаларда ўтказилди. Ҳар бир шўъбада минтақадаги давлатлар ҳукуматлари, фуқаролик жамияти институтлари, ЕХҲТ ва бошқа ноҳукумат ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлардан иборат маърузачилар гуруҳи онлайн шаклда фаолият олиб борди.

Сўзга чиққанлар ушбу форум гендер тенглик бўйича ЕХҲТ мажбуриятларини хавфсизликнинг учта устувор мезони — тинчлик, ишонч ва барқарорлик омиллари бўйича янада фаол ва изчил бажаришга кўмаклашишини таъкидладилар. Бинобарин, гендер тенглик ва хавфсизлик, демократия ва фаровонлик ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

БМТ Бош Ассамблеяси қайд этганидек, “тинчлик — бу шунчаки можароларсиз ҳаётнинг ўзигина эмас, балки ижобий, жўшқин ва кенг миқёсдаги дахлдорликни тақозо этадиган жараён ҳамдир”. Форумда ана шу эътирофни ҳаётга чуқур татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Анжуман иштирокчилари томонидан пировардида “Тинчлик, ишонч ва хавфсизликни таъминлашда хотин-қизларнинг роли” мавзуида Марказий Осиё минтақавий форумининг Якуний баёноти қабул қилинди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech