Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ махсус маърузачисини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши курашиш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайнни қабул қилди.

Етакчи халқаро тузилманинг юқори даражали вакили давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни амалга ошириш доирасида мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турибди.

Учрашувда инсон ҳуқуқлари соҳасида, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши кураш борасидаги долзарб кун тартиби юзасидан очиқ ва конструктив мулоқотни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳамкорлик самарали тус олгани, мамлакатимиз ушбу муҳим йўналишларда катта муваффақиятларга эришгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг (ИҲК) тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди, унинг ишида фаол иштирок этмоқда. Келгуси йилда Ўзбекистон томони ушбу ихтисослаштирилган институтнинг раҳбарлик органларида вакиллик қилади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасида юртимизда гендер тенглик, сўз ва дин эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар фаол амалга оширилмоқда.

БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди. Ўзбекистон ташаббуси билан ИҲКнинг пандемия даврида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди, тегишли конвенция ишлаб чиқилмоқда.

Хавфсизлик соҳасида қатор асосий қонунлар қабул қилинган, яқинда беш йилга мўлжалланган Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича стратегия тасдиқланди.

Махсус маърузачи Ўзбекистоннинг “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Терроризм ва экстремизмга қарши курашдаги янги ёндашувлар алоҳида қайд этилди.

Суҳбат чоғида яқин ҳамкорликни, энг аввало, фуқаролик жамияти институтлари ўрнини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва ёшлар ўрнини кучайтириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда техник кўмак ва ёрдамни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистоннинг БМТ органлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш институтлари билан шериклигини мустаҳкамлашга қаратилган қатор қўшма халқаро тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Манба:  Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech