Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида, жумладан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Мамлакатимизда маҳбусларни афв этиш институти жорий этилди. Кейинги уч йилда етти марта афв эълон қилинди. Натижада қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 4 мингга яқин маҳбус жазони ўташ жойларидан озод этилди.
Куни кеча афв этиш ҳақидаги яна бир фармонга имзо чекдим. Унга кўра жазо муддатини ўтаётган 65 нафар фуқаро афв этилди.
Тасаввур қилинг, ўз уйига, яқинлари бағрига қайтаётган бу инсонларнинг, уларнинг ота-онаси, фарзандларининг қувончи, хурсандчилигини “ойнаи жаҳон” орқали кўрган одам, бу ҳақиқатан ҳам эзгу ва савобли иш эканига яна бир бор ишонч ҳосил қилади.
Мустақиллик байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани инсонпарвар сиёсатнинг яна бир ифодаси бўлди.
Бу тарихий қадам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш вақтинчалик кампания эмас, балки давлат сиёсати даражасидаги узлуксиз жараён эканини кўрсатади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, ҳимоя қилишга қодир мамлакат сифатида ўзини намоён этмоқда.
Чет элларда ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланмоқда. Ўзбекистонга қайтиб, иш ёки ўқиш фаолиятини давом эттириш истагида бўлган фуқароларимиз учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Бу йил 156 нафар ватандошимиз – асосан аёллар ва болалар жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суриядан қайтариб олиб келинди ва уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари тикланди.
Албатта, кечиримли, меҳр-оқибатли бўлиш халққа ҳам, Худога ҳам манзур бўлади. Мана шундай эзгу фазилатлар бизнинг бағрикенг халқимизни янада улуғлайди”, дейилади Президентимиз табригида.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президенти 2019 йил 2 август куни “Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Ушбу қарорнинг қабул қилинишидан кўзланган мақсад 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ давлатимизнинг халқаро майдонда ижобий мавқеини илгари суришдир.
Бунга қадар ўтган йили ҳам мамлакатда иккита қамоқхона ёпилган. Ана шундай инсонпарвар сиёсат туфайли ўтган қисқа даврда мамлакатда маҳбуслар сони икки баробар камайишига эришилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.09.2019
- Кўришлар: 6448
- Чоп этиш