«Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилишини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг самарали ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида 2020 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармон ва Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлаш билан боғлиқ маъмурий-ҳуқуқий муносабатларни таъсир қилувчи бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ «Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Ушбу қонун лойихаси 12 моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади:
- Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда, унга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини бажариш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Бундан ташқари, ушбу қонун Вазирлар Маҳкамасининг Марказ билан ўзаро алоқаларини тартибга солувчи норма билан тўлдирилмоқда;
- Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунига ўзгартириш киритилмоқда, унда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг инсон ҳуқуқларига риоя этиш бўйича миллий дастурларнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларини эшитиш тартиби белгилаб берилмоқда;
- Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунига қўшимча киритилмоқда, унга мувофиқ Марказ директорига Олий суд Пленуми мажлисларида қатнашиш ҳуқуқи берилади;
- Жиноят-процессуал кодексига шахснинг тегишли хабарномасини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг кўриб чиқиши натижасида янги очилган ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда ишни қайта бошлаш учун асослар киритилмоқда;
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс Марказ директорининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни белгилайдиган қоидалар билан тўлдирилмоқда;
- Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявийқонунига қўшимча киритилмоқда, унга кўра Марказ директори Сенат мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқини олади. Бундан ташқари, Сенат қўмиталари Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини амалга ошириш бўйича миллий ҳисоботларни тайёрлаш тўғрисидаги маълумотларни эшитиш тартиби жорий этилади; - Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Конституциявий қонунига қўшимча киритилиб, унга мувофиқ Марказ директори Қонунчилик палатаси мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси қўмиталари инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш тўғрисидаги ахборотни эшитишлари тартиби жорий этилади;
- Ўзбекистон Республикаси «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги қонунига, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ва чеклаш тўғрисидаги қонун лойиҳаларига Марказнинг хулосаси киритилиши лозим бўлган тартиб жорий этилмоқда;
- Ўзбекистон Республикасининг «Қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги қонунига қўшимча киритилмоқда, унга мувофиқ фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш ва чеклаш масалалари бўйича қонунлар лойиҳалари Марказ билан мажбурий равишда келишилиши лозим;
- Ўзбекистон Республикасининг «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуни парламент назорати шакллари билан тўлдирилмоқда.
Бундан ташқари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларга риоя қилиш ҳолати тўғрисида, шунингдек халқаро мажбуриятларни амалга ошириш соҳасида парламент назоратини амалга ошириш тартибини белгилаш тартиби тўғрисида Марказдан маълумотларни эшитиш тўғрисидаги нормалар билан тўлдирилади.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш механизмини такомиллаштиради.
Қонун лойиҳаси давлат органлари ва идоралари, фуқаролик жамияти институтлари тарафидан муҳокама қилинди. Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун (regulation.gov.uz ID-22647) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг расмий сайтида жойлаштирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 28.09.2020
- Кўришлар: 4576
- Чоп этиш