4 декабрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг ратификация қилиниши масаласи бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Ногиронлар уюшмаси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Жамоатчилик эшитувида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев, БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий мувофиқлаштирувчиси Ҳелена Фрейзер, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг аъзоси профессор Маркус Шефер ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Элчи Жон МакГрегор сўзга чиқди.
Шунингдек, БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Каталина Девандас Агиларнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди.
Жамоатчилик эшитувидан мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг БМТ Конвенциясида мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқларидан кенг жамоатчилик хабардорлигини оширишдан иборат. Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш борасида ушбу халқаро ҳужжатнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
Тадбир 1992 йилдан буён ҳар йили 3 декабрда бутун дунёда нишонланадиган муҳим сана – Халқаро ногиронлар кунига бағишланди. Бу халқаро сананинг 2019 йилги глобал мавзуси: “Ногиронларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш – 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш соҳасига доир кун тартибини амалга ошириш омили”, деб номланган.
Шу маънода, жамоатчилик эшитувида ногиронлиги бўлган шахслар инклюзив, адолатли ва барқарор ривожлланиш неъматларидан тўла баҳра олиши учун уларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш мавзуси атрофлича муҳокама қилинди.
Сайёрамиз аҳолисининг салкам 15 фоизини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Расмий манбаларга кўра, Ўзбекистонда 780 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган кишилар яшайди.
Маълумот учун: БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси БМТ Бош Асамблеяси томонидан 2006 йил 3 декабрда қабул қилинган ва 2008 йил 3 майда кучга кирган. Бугунги кунда БМТга аъзо 193 давлатнинг 180 таси, жумладан МДҲ маконидаги Арманистон, Беларусь, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Россия, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлар ушбу халқаро шартномани ратификация қилган.
Ўзбекистон 2009 йил 27 февралда Конвенцияни имзолаган. Бу халқаро ҳужжат қоидалари мамлакатимиз учун мажбурий кучга кириши учун унинг ратификация қилиниши тақозо этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 05.12.2019
- Кўришлар: 4969
- Чоп этиш