2020 йил 7 ноябрда Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, ҳамда Олий суд, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси, ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги лойихалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Гендер тенгликни таъминлашда суд тизимининг ўрни” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда гендер балансга эришиш ҳамда миллий суд тизимида гендер жиҳатларни қамраб олган йўл харитасини жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Семинарда кириш сўзлари билан Ўзбекстон Республикаси Олий суди раисичининг биринчи ўринбосари Р. Махмудова, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Д. Муратова чиқдилар.
Гендер компонентларини суд тизимига жорий қилишда қўлланиладиган халқаро андозалар ва амалиёт ўрганилди. Одил судловни амалага оширишда гендер тенгликни таъминланишини кафолатлаш, гендер тенгликни таъминлаш ва гендер дискриминацияни бартараф этишда судьяларнинг ўрни, аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш ва суд тизимида аёллар иштирокини янада кўпайтириш бўйича Ўзбекистон тажрибаси каби масалаларга алоҳида урғу берилди.
Семинарда “Аёлларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш: энг яхши халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Суд тизимида аёл-судьялар сонини ошириш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб чиқиш”, “Аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасида судлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун гендер индикаторларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш”, шунингдек, “Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш бўйича Йўл харитаси лойиҳаси” мавзуларида таҳлилий тадқиқотлар тақдим қилинди.
Тадбирда таъкидлаганидек, 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида давлатимизни халқаро майдондаги имиджини оширишга алоҳида урғу берилган. Бу йўналишда бошқа муҳим вазифалар билан бир қаторда мамлакатимиз томонидан қабул қилинган халқаро конвенциялар ва шартномалар, БМТнинг инсон хуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий органларининг тавсияларидан келиб чиққан ҳолда ҳукуматнинг халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлари қабул қилинишини ҳам назарда тутади.
Ўзбекистон Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни қабул қилиш орқали Барқарор ривожланиш мақсадлари тарафдори эканлигини тасдиқлади. Мазкур ҳужжатнинг 5-мақсади «Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш»га, 16-мақсад эса «Барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида тинчликсевар ва очиқ жамиятлар барпо этилишига кўмаклашиш, барча учун одил судлов имкониятидан фойдаланишни таъминлаш ва барча даражаларда самарали, ҳисобдор ва кенг иштирокка асосланган муассасаларни ташкил этиш»га бағишланган.
2019 йилда дискриминация ёки тазйиққа учраганда судга мурожаат қилишни кўзда тутадиган Ўзбекистон Республикасининг «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида» ҳамда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлари қабул қилинди.
Семинарда Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Олий суд, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Тошкент давлат юридик университети вакиллари ҳамда Бухоро вилоятидаги судлар судьялари ва суд ходимлари иштирок этишди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
- Қўшилди: 07.11.2020
- Кўришлар: 4140
- Чоп этиш