Инсон ҳуқуқлари бўйича махсус ўқув модули машғулотлари бошланди

18 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотлари бошланди. Ўқув модули мамлакатимиз судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари раҳбар ходимлари учун мўлжалланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов барча иштирокчиларни қутлади. Ушбу махсус ўқув модули машғулотларини ташкил этишнинг халқаро ва миллий ҳуқуқий асослари ҳақида тўхталди.

Халқаро асослар ҳақида сўз борганда, махсус ўқув модули машғулотлари Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлари ижроси доирасида ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси тавсиялари тақозосидир.

Шу маънода, ўқув курсини ташкил этишда халқаро ҳамкорларимизнинг муносиб ҳиссаси борлиги эътирофга сазовор. Бу ўринда, биринчи навбатда, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси, Халқаро миграция ташкилоти, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси ҳамда ЕХҲТнинг Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг кўмаги ҳақида сўз бормоқда.

Махсус ўқув модули машғулотларини ташкил этишнинг миллий асосларига келсак, бу борадаги саъй-ҳаракатлар замирида давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар тўла бажарилишини таъминлаш мақсади мужассамдир.

Ушбу ўқув курсини ташкил этиш ташаббуси жорий йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилганди. Шу асосда ўтган қисқа даврда махсус ўқув модули ишлаб чиқилди.

Ўқув курсида барча судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбар ходимларини икки босқичда ўқитиш кўзда тутилмоқда. Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбар ходимлари - жами 2 минг 300 дан зиёд тингловчини махсус ўқув модули машғулотларига жалб этиш режалаштирилган.

Машғулотлар икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда – вазирлик ва идораларнинг марказий аппарати ҳамда  Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасидаги раҳбарлар; иккинчи босқичда – шаҳар ва туман судлари раҳбарлари ўқитилади. 

Ўқув модули судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчиликни суд-ҳуқуқ тизимида қўллашга оид амалий кўникмаларини янада оширишга мўлжалланган.

Маълумки, ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро шартномага, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Мамлакатимиз ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузалар тақдим этиб келмоқда.

Бу ўринда миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар қабул қилинганини ҳам алоҳида қайд этиш зарур.

Ўқув модули доирасида судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг:

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакат миллий ҳуқуқий тизими учун аҳамияти;

– инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни ҳуқуқни қўллаш амалиётига жорий қилишнинг амалий муаммолари ва истиқболлари;

– халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

– БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил этиш ва бартараф қилиш;

– суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини, жумладан, қийноқ ва ноинсоний муомала ва жазо турлари қўлланишининг олдини олиш ҳамда бартараф этишга оид халқаро стандартлар, шунингдек миллий қонунчилик бўйича билим ва кўникмаларни ошириш;

– суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришдаги фаоллигини кучайтириш;

– Ўзбекистоннинг халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларига риоя қилиш бўйича ходимларнинг масъуллигини ошириш бўйича кўникмаларини ривожлантириш кўзда тутилган.

Онлайн тарздаги махсус ўқув модулининг биринчи куни машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати бошқарма бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиқлари иштирок этди.

Машғулотлар БМТнинг шартномавий қўмиталарида индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш амалиётини ўрганишдан бошланди.

 

Маълумот учун: “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модули машғулотлари бир-бири билан ўзаро боғлиқ қуйидаги мавзуларни қамраган:

  • Инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига оид асосий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва улардан келиб чиқадиган мажбуриятлар.
  • Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенция ва унга Факультатив протоколнинг асосий мазмун-моҳияти.
  • Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар ҳамда мажбурий даволанишга жўнатилган шахслар ҳуқуқларига оид халқаро стандартлар ва уларни қўллаш.
  • Аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг вазифалари ҳамда мажбуриятлари.
  • Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, мигрантлар, одам савдоси ва мажбурий меҳнат жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари.
  • БМТнинг шартномавий қўмиталарида индивидуал мурожаатларни кўриб чиқиш амалиёти.

Ўқув модули жараёнлари муаммовий маърузалар, амалий машғулот ва мустақил таълим шаклларида олиб борилади. Дарслар масофадан туриб ўқитиш асосида амалга оширилади.

Машғулотлар доирасида инсон ҳуқуқлари соҳаси бўйича етакчи миллий ва хорижий экспертларнинг маърузалари тингланади. Амалий машғулотлар ва мустақил таълим жараёнида тақдимотлар ўтказиш, тест топшириш, казуслар ечиш, ўзаро мулоқот, “ақлий ҳужум”, муаммовий дарс каби педагогик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Ўқув курсини муваффақиятли битирган тингловчиларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар берилади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech