Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми муносабати билан “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг махсус сони нашр этилди.
Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 12-13 август кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форуми ўтказилади. Унда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Парламентлараро иттифоқ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби халқаро муносабатларда муҳим аҳамиятга эга нуфузли ташкилотлар экспертлари, кўплаб хорижий давлатлар вакиллари, шунингдек мамлакатимизда фаолият юритаётган ёшлар ҳуқуқлари масалаларига дахлдор муассасалар мутасаддилари иштирок этиши кўзда тутилган. Коронавирус пандемияси сабабли видеоконференция шаклида ташкил этилаётган мазкур нуфузли халқаро анжуманда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Веб-форум мавзусидан келиб чиққан ҳолда “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ушбу махсус сонидан ёшлар ҳуқуқларига оид долзарб муаммолар таҳлилига бағишланган қизиқарли мақолалар ўрин олди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоев, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда, мазкур бошқарманинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича гуруҳ раҳбари Чаронис Жорж-Константинос, ИҲТ Ёшлар анжуманининг бош директори Расул Омаровнинг мақолалари ўқувчини бефарқ қолдирмаслигига аминмиз.
Жумладан, халқаро эксперт Ришард Коменданинг мақоласида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга сифатли таълим бериш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор глобал муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, дунё бўйича 71 миллионга яқин ёшлар иш билан банд эмаслиги, 263 миллион болалар ва ёшлар мактаб таълимидан маҳрум экани қайд этилган. Бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича БМТ ҳамда унга аъзо давлатлар амалга ошираётган чора-тадбирлар атрофлича таҳлил қилинган. “Ёшлар шунчаки келажагимиз эмас, улар ҳозирги кунимиз ҳамдир. Агар биз барқарор ривожланишга эришмоқчи бўлсак, ёшларнинг жамиятимиздаги ўрни ва мавқеини янада юқори даражага кўтаришимиз керак”, дея хулоса чиқарилган мақола сўнгида.
Ўзбек, рус ва инглиз тилидаги журнал саҳифаларида яна кўплаб қизиқарли мақолалар тақдим этилган. “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг ушбу махсус сонини, албатта, мутолаа қилишни тавсия этамиз. Вақтингиз мазмунли ўтишига аминмиз.
Азизбек Рамазонов,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари”
журнали катта муҳаррири
- Қўшилди: 08.08.2020
- Кўришлар: 4033
- Чоп этиш