Ўзбекистон парламент делегациясининг Корея Республикасига расмий ташрифи доирасида Сеул шаҳрида «Мирзиёев доктринаси: глобал беқарорлик давридаги имкониятлар дипломатияси» номли китобнинг корейс тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Корея Республикасининг илмий ва ишбилармон доиралари вакиллари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева ўз сўзида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда халқаро ҳамкорликнинг амалий натижалари ҳақида фикр юритди.
Таъкидланганидек, китобда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати, яхши қўшничилик, очиқлик, ўзаро ишонч ва прагматик ҳамкорлик тамойиллари асосида олиб борилаётган дипломатик саъй-ҳаракатлар кенг ёритилган.
Хусусан, Марказий Осиёда дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорликни таъминлаш, халқаро иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициялар жалб этиш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида эришилган натижаларга эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари, саноат, транспорт, таълим, тиббиёт ва юқори технологиялар соҳаларидаги қўшма лойиҳалар икки мамлакат ҳамкорлигининг амалий ифодаси экани қайд этилди.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгликни мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ҳамда таълим имкониятларини кенгайтириш йўналишларида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг сўнгги ўн йилликдаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва илм-фан соҳасини ривожлантириш борасидаги натижалар алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
