Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди

2021 йил 10 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати  Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, Президентимизнинг ташаббуслари билан сўнгги йилларда Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлаш учун барча шарт-шароит яратилиб келинмоқда.

Бироқ сўнгги вақтларда айрим веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан, блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли, улар ўз ҳуқуқларини амалга оширишларида бошқа шахсларнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Шу аснода, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ҳужжат билан веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўравонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборотни тарқатишларига қарши ва уларнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормаларини киритиш белгиланган.

Шунингдек, мажлисда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази томонидан тақдим этилган Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Г.Хайдарованинг халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгашининг 2017 йил 27 июндаги “Қарши шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги Х-379/5-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисида”ги 88/19-5-сонли қарорини бекор қилиш тўғрисидаги мурожаати юзасидан қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш натижаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Қарши шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 майдаги қарорига асосан Қарши шаҳар Пахтазор митти туманида жойлашган хонадон фуқаро Г.Хайдаровага хусусийлаштириб берилиб, 2011 йил 28 июль куни 7052-сонли уй-жойга ҳуқуқий эгалик қилиш давлат ордери ҳамда 2015 йил 22 сентябрда кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб, мулкка эгалик ҳуқуқи берилган.

Бу борада юзага келган зиддиятли вазият Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси Ишчи гуруҳи томонидан ўрганилган. Мажлисда мазкур ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Сенат Кенгашига ушбу қарорни бекор қилиш масаласини Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритишни тавсия этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий  суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech