БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) У.Муҳаммадиев билан учрашди.
Учрашувда БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистонда Омбудсманнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланганига алоҳида эътибор қаратди.
“Фуқароларнинг Омбудсман орқали Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятига эгалиги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги қўшимча механизм сифатида аҳамиятга молик”, деди Диего Гарсия-Саян.
У, шунингдек, Омбудсман билан Адвокатлар палатаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум қабул қилинганини ижобий баҳолади.
Мулоқот давомида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари учун бепул юридик ёрдам кўрсатиш механизмининг самарадорлигини ошириш муҳим экани қайд этилди.
БМТ Махсус маърузачиси Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг носудлов механизмлари яратилгани, хусусан, Омбудсман институти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолият юритаётганини маъқуллади.
Мамлакатимиз минтақаларида Омбудсманнинг вакиллари фаолият юритаётгани алоҳида эътироф этилди. Д.Гарсия-Саяннинг фикрича, жойлардаги вакиллар мазкур институтнинг аҳолига бевосита яқин ва мурожаат қилиш учун қулай бўлишини таъминлайди.
Учрашув чоғида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ходими Стефано Сэнси Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишга доир ваколатлари билан қизиқди. С.Сэнсининг фикрича, давлат органлари ва судларнинг Омбудсман тавсияларига муносабати бу борада жуда муҳимдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.09.2019
- Кўришлар: 5652
- Чоп этиш