Замонавий ахборот технологиялари ривожи барча соҳаларда янгиланишлар юз беришига йўл очмоқда. Айниқса, сунъий интеллектнинг чексиз имкониятлари инсоният учун катта қулайликлар ҳам яратмоқда. Суд тизимига сунъий интеллектни жорий қилиш қандай аҳамият касб этади?
Шу ҳақда Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Сунъий интеллект замонавий технологияларнинг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, унинг имкониятлари турли соҳаларда инқилобий ўзгаришларга олиб келмоқда. Инсон фикрлашига тақлид қилувчи дастурлар ва алгоритмлар орқали мураккаб жараёнларни тезлаштириш, самарадорликни ошириш ва янги ёндашувларни яратиш имкони яратилмоқда.
Айниқса, сунъий интеллектнинг ҳуқуқий соҳада қўлланилиши юридик жараёнларни модернизация қилиш ва самарадорликни оширишда катта истиқболларни очиб бермоқда.
Ҳуқуқий тизимда сунъий интеллектдан фойдаланиш қонунчилик базаларини автоматлаштирилган таҳлил қилиш, юридик маслаҳат бериш, ҳужжатларни тизимли шаклда саралаш, ҳатто, суд қарорларини прогноз қилиш каби жараёнларни ўз ичига олади.
Бу технологиялар юристлар ва судьялар учун вақт ва маблағ тежашга хизмат қилсада, уларнинг кенг қўлланилиши билан боғлиқ янги саволлар ва қийинчиликлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, илмий доираларда ахлоқий принциплар, маълумотлар махфийлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар кўп муҳокама қилинмоқда.
Дунёда сунъий интеллект ёрдамида қабул қилинган суд қарорлари камдан-кам учрайди, бироқ улар ҳуқуқий амалиётда янги босқични бошлаб берди. Масалан, 2012 йилда Нью-Йоркда кўрилган Да Силва Мур – Publicis Groupe иши сунъий интеллект ёрдамида далилларни баҳолаш учун қўлланган илк ҳолатлардан бири сифатида тарихга кирди.
Бу ишда жавобгарнинг 3 миллиондан ортиқ электрон ҳужжатлари таҳлил қилиниши керак эди. Судья Эндрю Пек далилларни саралаш ва таҳлил қилиш учун сунъий интеллектнинг “предиктив кодлаш” усулини қўллашни таклиф қилди. Бу усул тезкорликни ошириш имконини берган бўлса-да, тарафларнинг норозиликлари ва апелляцияларга сабаб бўлди. Уларнинг асосий норозилиги дастурнинг ишончлилиги ва ғаразсизлигини текшириш билан боғлиқ эди.
Худди шундай, 2016 йилда Буюк Британияда кўрилган Pyrrho Investments Ltd – MWB Property Ltd иши ҳам сунъий интеллектни суд жараёнида қўллаш бўйича муҳим тажриба ҳисобланади. Бу ишда 17,6 миллион ҳужжатдан иборат далиллар йиғилган бўлиб, уларни оддий қўл меҳнати ёрдамида текшириш катта маблағ ва вақт талаб қиларди. Судья Пол Мэтьюз “предиктив кодлаш” усулининг афзалликларини тан олган ҳолда, уни қўллаш учун муҳим асосларни келтирди. Бу усул электрон ҳужжатларни самарали таҳлил қилиш имконини яратди, аммо ушбу ёндашувнинг юридик ва ахлоқий жиҳатлари бўйича саволлар ҳануз муҳокама мавзуси бўлиб қолмоқда.
Сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш бўйича етакчи давлатлардан бири Хитой ҳисобланади. Сунъий интеллект нафақат иқтисодиёт ёки саноат соҳаларида, балки ҳуқуқ ва суд тизимида ҳам катта роль ўйнамоқда. Таъкидлаш лозимки, Хитой ҳукумати томонидан амалга оширилаётган “Ақлли судлар” (Smart Courts) ташаббуси суд жараёнларини рақамлаштириш, жараённи тезкор ва самарали қилишни назарда тутади.
2019 йилда Шэньчжэнь шаҳри суди Хитойда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда қабул қилинган илк суд қарорини эълон қилди. Мазкур онлайн савдо платформасида тўлов тизимлари бўйича баҳсга оид ишда судьялар томонидан фойдаланилган “Фа сяо” (FaXiao) номли сунъий интеллект платформаси иш жараёнини тезлаштиришга ёрдам берган.
Платформа судьяларга далилларни автоматик равишда саралаш, қонуний прецедентларни таҳлил қилиш ва қарорни асослашда ёрдам берди. Судья сунъий интеллект орқали тақдим этилган далиллар асосида инсоннинг этик нуқтаи назарини сақлаган ҳолда қарор қабул қилди. Бу қарор Хитойда ҳуқуқий тизимда сунъий интеллектдан фойдаланишнинг янги босқичи сифатида баҳоланди.
Хитойнинг “Ақлли судлар“ дастурига тўхталадиган бўлсак, ушбу дастур 2017 йилдан бери амалда бўлиб, у суд жараёнларидаги асосий вазифаларни автоматлаштиришни ўз ичига олади: суд роботлари: фуқароларга қонуний маслаҳат бериш, суд ҳужжатларини тайёрлаш ва уларни автоматик таҳлил қилишни амалга оширади; автоматик далил таҳлили: сунъий интеллект платформалари электрон ҳужжатлардан керакли маълумотларни тезкорлик билан топади; прогноз қилиш ва баҳолаш: сунъий интеллект ўтмишдаги суд қарорларини таҳлил қилиб, янги ишларнинг эҳтимолий натижаларини тахмин қилади.
Хитойнинг бу борада эришган натижалари ҳам кўзга кўринарли. Хусусан, 2019 йилда ишга туширилган “Zhangyi Court” электрон платформаси сунъий интеллект ёрдамида ишларни автоматик равишда кўриб чиқишга мўлжалланган. Платформа тарафларнинг томонларни кузатувчи видеоконференция орқали иштирок этишига имкон беради ва ҳужжатларни рақамлаштириб, иш жараёнини тезлаштиради.
Шу каби, Жиангсу провинциясида сунъий интеллект 9 миллиондан ортиқ ишни автоматик равишда саралади, бу эса катта вақт ва маблағ тежашга ёрдам берди.
Хитойнинг “Ақлли судлар” дастури сунъий интеллект технологияларини суд тизимида жорий этишнинг илғор намуналаридан бири бўлиб, бу тажриба бошқа мамлакатлар учун ҳам янги йўналишларни очмоқда.
Бироқ, бу йўналишдаги ҳуқуқий ва ахлоқий асосларни мустаҳкамлаш ҳали ҳам долзарб вазифа сифатида қолмоқда. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, сунъий интеллектни суд жараёнларига жорий этиш имкониятлари қанчалик жозибадор бўлмасин, унинг амалий қўлланилиши билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд. Булар ҳуқуқий асосларнинг етарли эмаслиги, дастурий таъминотнинг холислигини баҳолаш мураккаблиги ҳамда иштирокчи томонларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш зарурати каби долзарб масалаларни ўз ичига олади.
Шу ўринда сунъий интеллектни шартли равишда кучсиз ва кучли турларга ажратиш мумкин. Айни вақтда кўплаб давлатларда суд тизимини ахборотлаштиришда фақатгина тор ихтисослаштирилган вазифаларни ҳал қилиш учун восита сифатида фойдаланиладиган кучсиз сунъий интеллект элементлари қўлланилмоқда. Бундай сунъий интеллект одатда белгиланган алгоритмлар асосида ишлайдиган дастур ҳисобланади.
Бундай автоматлаштирилган ахборот тизими асосан суд ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни рўйхатга олиш ва юритиш, суд жараёнининг турли босқичларида маълумотларни қайта ишлаш, шунингдек, суд қарорини чиқариш учун зарур бўлган ахборотларни тезкор қидиришни таъминлайди. Бундай тизимлар, шунингдек, статистик маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш, ишларнинг тоифалари бўйича тақсимланиши ва судларда юкламани баҳолаш имконини беради.
Аммо, сунъий интеллект имкониятлари фақат автоматлаштирилган ахборот тизимлари билан чекланиб қолмаслиги лозим. Ундан фойдаланишнинг янада кенг кўлами мавжуд. Жумладан, юридик билимларни автоматик равишда янгилаш ва ривожлантириш имконини берадиган судьялар, прокурорлар ва адвокатлар учун масофавий ўқув платформалари; ҳуқуқий ҳужжатларни тўғри ва тезкор таҳлил қилиш учун интеллектуал тизимлар; жиноят ва ҳуқуқбузарликларни прогноз қилиш ва олдини олиш.
Шу боис, бу ғояларни амалга ошириш учун сунъий интеллектнинг кучли моделларини ишлаб чиқиш зарур. Бундай моделлар инсон фикрлаш қобилиятига яқин бўлган таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш имкониятларини яратиши керак. Шу билан бирга, бундай тизимларнинг ишлаш самарадорлигини ошириш учун ёзувларни мустақил равишда ўрганиш, ўзлаштириш ва кўникмаларни янгилаш қобилиятига эга бўлиши ҳам талаб қилинади.
Бундан ташқари, сунъий интеллект инсон омилини қисқартириш, шу жумладан, суд ишларини кўриб чиқишдаги субъективликни камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Масалан, алгоритмлар ишларни автоматик равишда туркумлаштириш ва уларни қонуний нормаларга мувофиқ баҳолаш учун ишлаб чиқилиши мумкин. Бу судьяларга объектив қарор қабул қилишда ёрдам беради.
Бошқа бир муҳим жиҳат – ахборот хавфсизлиги. Сунъий интеллект асосидаги тизимлар фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, суд ишлари ҳақидаги маълумотларни махфий сақлашни таъминлаши лозим. Бунинг учун замонавий криптографик технологиялар, маълумотларни шифрлаш ва ҳимоя қилишнинг бошқа механизмларидан фойдаланиш талаб этилади.
Ҳуқуқий соҳада сунъий интеллектнинг яна бир истиқболли йўналиши – юридик маслаҳатлар бериш. Бундай тизимлар фойдаланувчининг саволларига аниқ ва тўғри жавоблар бериши, қонунчилик базасини таҳлил қилиб, турли вазиятларда қонунларни қандай қўллаш мумкинлигини тушунтириши мумкин.
Яна бир муҳим бир масала – сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишдаги муҳим талаблардан бири уларнинг ишончлилиги ва шаффофлигидир. Бу фақат инсонларнинг ишончини оширибгина қолмай, балки юридик тизимнинг самарадорлигини ҳам таъминлайди. Ҳар қандай сунъий интеллект платформасини қонуний қоидаларга мувофиқ равишда сертификатлаш ва назорат қилиш жараёни йўлга қўйилиши зарур.
Сунъий интеллектнинг ҳуқуқий соҳада қўлланилиши нафақат тизимни яхшилайди, балки жамиятда адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Шунинг учун бу йўналишдаги илмий изланишлар ва амалий қўллашни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Бироқ, сунъий интеллектдан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳам бор. Масалан, нотўғри ёки адолатсиз қарорларни қабул қилиш хавфи, алгоритмларнинг муайян ижтимоий ёки иқтисодий гуруҳларга нисбатан оғишларга эга бўлиши мумкинлиги, шунингдек, шахсий маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар.
Шу сабабли, сунъий интеллектни ҳуқуқий соҳада қўллашда жиддий ва масъулиятли ёндашув талаб этилади. Бу, энг аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш принципларига асосланган технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни англатади. Қолаверса, сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ахлоқий ва қонуний муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш учун аниқ регламентлар ишлаб чиқилиши зарур.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 28.01.2025
- Кўришлар: 487
- Чоп этиш