Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишда янги имкониятлар (+видео)

Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка чек қўйиш, уларни ҳимоя қилиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кундан кунга кучайтирилмоқда.

Давлат томонидан ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, маиший зўравонликка учраган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва уларни реабилитация қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар йўлга қўйилган.

—Сўнгги йилларда тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш соҳасида бир қатор муҳим қонунлар қабул қилинди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги бош мутахассиси Зулфия Абдурасулова. —Шу билан бирга, рақамли хизматлар йўлга қўйилди ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда махсус реабилитация марказлари тизими шакллантирилди. Бу марказлар орқали аёллар ҳимоя ордерлари олиш ва хавфсиз жойга жойлашиш имкониятига эга бўлмоқда.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари шошилинч қабул бўлимлари қошидаги Бирламчи кўмак хоналарига мурожаат қилиши мумкин. У ерда уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилади ва психолог, ҳуқуқшунос ва ижтимоий ходим томонидан 3 кун давомида тегишли ёрдам берилади. Агар зарур бўлса, жабрланувчилар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига йўналтирилади.

Тазйиқ ёки зўравонлик ҳолати ҳақида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳалладаги ижтимоий ходим, ички ишлар органларининг 102 рақами ёки профилактика инспекторлари, "112" ягона диспетчерлик хизмати, 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони”га мурожаат қилишлари мумкин.

Мурожаатдан сўнг бир сутка ичида профилактика инспектори зўравонлик содир этган шахс билан суҳбат ўтказади. Ижтимоий ходим жабрланувчининг ҳолатини баҳолайди. Зарурат бўлса ҳимоя ордери расмийлаштирилади ва жабрланувчи хавфсиз жойга жойлаштирилади.

“Инсон” марказлари ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази томонидан хотин-қизлар ва уларнинг болаларига ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Янги электрон модул орқали ҳимоя ордерлари ва жабрланувчи маълумотлари реал вақтда марказларга етказилади. Бу ёрдамни тез ва самарали ташкил этиш имконини беради.

Бир сўз билан айтганда, аёлларнинг хавфсизлиги — жамият барқарорлиги ва келажак авлод учун муҳим аҳамиятга эга.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech