Шу йил 12-13 ноябрь кунлари Швейцария пойтахти – Женева шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши қўмитасининг 68-сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркиби – Ўзбекистоннинг Женевадаги Доимий ваколатхонаси раҳбари У.Лапасов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Б.Адилов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бошқарма бошлиғи И.Шигабутдинов ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёрдамчиси А.Мирзаевдан иборат.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессияси иштирокчиларига БМТнинг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадрқимматни камситувчи турларига қарши конвенциясини бажариш бўйича Ўзбекистоннинг Бешинчи маърузаси тақдим этилди.
Жорий сессияда, шунингдек, Буркина-Фасо, Кипр, Португалия, Латвия ва Нигер Республикасининг мазкур Конвенция ижроси бўйича маърузалари ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистоннинг маърузаси муҳокамаларида мақбул натижаларга эришишни таъминлаш мақсадида олдиндан тайёргарлик ишлари олиб борилди. Хусусан, БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси ўзининг 67-сессиясида тасдиқлаган 30 та саволни 2019 йил 1 августда Ўзбекистон томонига ёзма равишда йўллаганди. Шу йил сентябрь ойида бу саволларнинг барчасига ёзма жавоб қайтарилди.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясида Ўзбекистон делегацияси раҳбари кириш нутқи сўзлади.
Мажлисда БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси томонидан ҳаммаърузачилар Ф.Гаер (АҚШ) ва Д.Родригез-Пинзон (Колмубия), Қўмита раиси Й.Модвиг (Дания), шунингдек, БМТнинг мазкур шарnномавий органи аъзолари Э.Бельмир (Марокаш), А.Хани (Тунис), А.Рачу (Молдова), Б.Тузмухамедов (Россия) сўзга чиқдилар. Улар ўз шарҳларини баён этиб, саволлар билан мурожаат қилдилар.
Қўмита аъзоларининг саволлари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг кенг соҳаларини қамрагани ҳолда, асосан қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз турларига барҳам бериш мавзусига қаратилди. БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг сессиясида бу борада Ўзбекистон делегацияси ва Қўмита аъзолари ўртасида жонли ҳамда қизғин интерфаол мулоқот бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида, айниқса, Ф.Гаер, Д.Родригез-Пинзон, Й.Модвиг, Э.Бельмир, А.Хани, А.Рачу ва Б.Тузмухамедов томонидан ижобий ва холис шарҳлар ҳамда аниқлаштирувчи саволлар берилди. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси сессиясининг 13 ноябрь куни бўлиб ўтган якунловчи мажлисида Ўзбекистон делегацияси ва Қўмита аъзолари ўртасида амалий мулоқот олиб борилиши учун хизмат қилди.
Хусусан, Ф.Гаер “Бугунги Ўзбекистон олдингисидан мутлақо фарқ қилади. Жорий сессияда ўзбек ноҳукумат ташкилотлари вакиллари қатнашди, илгари буни тасаввур ҳам этиб бўлмасди”, деб эътироф этди. Шунингдек, у Ўзбекистон Ҳукуматининг икки нафар БМТ махсус маърузачисини қабул қилишга доир қарорини ва Ўзбекистон томони уларнинг такрорий ташрифига тайёрлигини юксак баҳолади.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг аксарият аъзолари Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий жиҳатдан қайд этдилар. Қўмита аъзоларининг кўплаб саволларига атрофлича жавоблар қайтарган Ўзбекистон томонига амалий ва ишчан ёндашуви ҳамда тақдим этилган маърузанинг қамровдорлиги, мазмундорлиги ва тўла-тўкислиги учун самимий миннатдорчилик билдирилди.
Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизмини ислоҳ этиш борасидаги сезиларли саъй-ҳаракатлари ҳам алоҳида таъкидланди. Озодликдан маҳрум қилиш муассасаларидаги маҳкумлар сони кескин қисқаргани суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг аниқ ва реал натижаларидан бири сифатида қайд этилди. Ўзбекистоннинг “Жаслиқ” колониясини ёпиш ҳақидаги қарорига катта эътибор қаратилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон делегациясига Конвенция қоидаларига бевосита алоқадор бўлмаган 150 тадан ортиқ савол берилди.
Ўзбекистон томони якуний мажлисда ана шу кўпсонли саволларнинг барчасига батафсил жавоблар тақдим этди. Бунда миллий қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, статистик далиллар ва бошқа маълумотлар, БМТнинг устав ва шартномавий органлари қарорларига асосланилди.
Бундан ташқари сессия Котибиятига Қўмита аъзоларининг бир қанча қўшимча саволлари юзасидан ёзма жавоблар етказилди. Ўзбекистонда қабул қилинган янги қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари матнлари тақдим этилди.
Мажлис якунида БМТнинг Қийноққа қарши қўмитаси раиси Й.Модвиг Ўзбекистон делегациясига очиқ ва амалий мулоқот учун миннатдорчилик билдирди.
Қўмита Ўзбекистон томони учун 3 та энг устувор йўналиш бўйича тавсияларини яқин орада аниқлаштирадиган бўлди. Уларнинг бажарилиши бўйича ахборот бир йил давомида тақдим этилади.
Маълумот учун: БМТнинг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадрқимматни камситувчи турларига қарши конвенцияси 1984 йил 10 декабрда Нью-Йоркда қабул қилинган ва 1987 йил 26 июнда кучга кирган. Конвенциянинг иштирокчидавлатлари ўз юрисдикцияларидаги ҳар қандай ҳудудда қийноқ ҳолатларининг олдини олиш учун самарали қонунчилик, маъмурий, суд ва бошқа чораларни қўллаш мажбуриятини зиммасига олади.
Конвенция талаблари амалга оширилишини БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси кузатиб боради. 1988 йил 1 январда таъсис этилган Қийнoқлaргa қaрши қўмитa 10 нафар вакилдaн ибoрaт бўлиб, улар aъзoдaвлaтлaр тoмoнидaн сaйлaнaди. Ушбу экспертлaр Конвенцияни ратификация қилгaн давлатларнинг маърузаларини кўриб чиқади.
Ўзбекистон 1995 йил 31 августдан БМТнинг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадрқимматни камситувчи турларига қарши конвенциясининг иштирокчиси ҳисобланади.
Мамлакатимизда мазкур Конвенцияни бажариш бўйича маърузалар тақдим этиш тартиб-қоидалари ишлаб чиқилган ва унга изчил амал қилинмоқда. БМТнинг Қийноққа қарши қўмитасида ўтган даврда Ўзбекистон Республикасининг бу борадаги 4 та маърузаси кўриб чиқилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.11.2019
- Кўришлар: 5204
- Чоп этиш