Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Тарбия” фанини яратиш ва ўқитиш ташаббуси билан чиқди. Давлатимиз раҳбарии мактаблардаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиб, «Миллий ғоя», «Одобнома», «Динлар тарихи», «Ватан туйғуси» каби фанларни бирлаштирган ҳолда, ягона «Тарбия» фанини жорий қилиш зарурлиги қайд этди.
– Президентимиз ушбу йиғилишда таълим ва тарбияга доир бир қатор янги ғоя ва ташаббусларни илгари сурди, – дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. – Хусусан, мамлакатимиз раҳбарининг Президент мактаблари ва ижод мактаблари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида тузилма ташкил этилишига доир ташаббуси жамоатчилик томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Шунингдек, мактабларда «вазир соати», «тадбиркор ва банкирлар сабоғи» каби дарс амалиётларини жорий қилиш ҳамда уларда ижро органлари раҳбарлари, салоҳиятли тадбиркорлар, малакали банк ходимлари дарс ўтиши билан боғлиқ талаб ҳам ниҳоятда ҳаётийдир.
“Тарбия” фанини яратиш ва ўқитиш ташаббуси ҳам ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Фикримизча, янги фаннинг асосини, биринчидан, ўзбек тилини билиш устувор вазифаси, иккинчидан, халқ оғзаки ижодини чуқур ўрганиш ташкил этиши лозим. Нега деганда, давлат тили билан халқ оғзаки ижоди миллий ғоя ва тарбиянинг ҳам асосидир.
Халқ оғзаки ижодида ватанпарварлик, адолат, миллатпарварлик, инсонпарварлик, юртсеварлик, эл-юртни ҳимоя қилиш, Ватанга садоқат ва муҳаббат каби хислатларни ўзида жамлаган миллий дунёқарашнинг асосий унсурлари ўз мужассамини топган.
Халқ оғзаки ижоди – миллий ғурур, ор-номус ва қадр-қиммат, вафо ва садоқат, жасорат ва матонат, олижаноблик ва саховатпешалик, бағрикенглик ва ҳалоллик каби фазилатлар сандиғи. Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари – бизнинг ҳам тарихий, ҳам маънавий, ҳам маданий, ҳам ҳуқуқий меросимиздир.
Ўз навбатида, «Ҳуқуқий тарбия» мавзуси «Тарбия» фанининг узвий қисми бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Бу фикрга келишимизнинг муайян сабаблари бор.
Гап шундаки, ўтган йили «Парламент назорати тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасида белгиланган депутатлик сўрови асосида тегишли (8 та ) вазирликлар тизимидаги таълим муассасаларида «Конституция алифбоси», «Конституция сабоқлари», «Конституциявий ҳуқуқ», «Инсон ҳуқуқлари», «Давлат ва ҳуқуқ асослари» каби ўқув предметлари бўйича билим берилишининг мавжуд ҳолатини ўрганган эдик.
Бу борадаги таҳлиллар айнан Халқ таълими вазирлиги тизимида энг жиддий муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатди. Хусусан, мактаб ўқувчилари ёши нуқтаи назаридан, қонунчилик талабига биноан «бола» деб ҳисоблангани ҳолда, Халқ таълими вазирлиги тизимида «Инсон ҳуқуқлари – бола ҳуқуқи» предметидан мутлақо дарс ўтилмаяпти. Ҳуқуққа доир фанларни ўқитишда бир мактабда ушбу фандан бир ставка ҳажмда ҳам педагогик юклама йиғилмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига доир халқаро нормаларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш сингари мавзулардаги дарслар алоҳида ўқув предмети сифатида ўқитилмайди.
Бундан ташқари, ўрганилган вазирликлар таълим тизимларида ҳуқуқ фанларини ўқитиш бўйича ҳуқуқ таълими методикасига доир илмий тадқиқотлар етарли эмас. Кейинги ўн йил ичида мазкур фанни ўқитиш методикасига доир биронта илмий тадқиқот иши – на номзодлик, на докторлик диссертацияси ҳимоя қилинмаган.
Олий таълим муассасалари талабалари учун «Ҳуқуқий фанларни ўқитиш назарияси ва методикаси» номли дарслик яратиш эҳтиёжи мавжуд ва ниҳоятда долзарб бўлса-да, бундай дарслик ҳалигача мавжуд эмас. Бўлажак ўқитувчилар ҳуқуқ фанининг назарий асосларини чуқур ўрганган ҳолда, мазкур фанни ўқитиш методикасига оид малака ва кўникмага эга эмаслиги курслар ва ҳуқуқ фанларини ўқитиш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Адлия вазирлиги тизимидаги академик лицей ва коллежларда ҳуқуққа доир фанлар доирасида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ўқувчиларни амалиётда меҳнат фаолияти олиб бориш, уларда етарли даражада мутахассис кўникмаларини шакллантириш имкониятини бермайди.
Шу боис ана шу мақсад ва вазифаларни нафақат назарий билимларни шакллантириш, балки бўлажак амалиётчиларга зарур бўлган кўникмаларни, хусусан, юридик ёзма фикрлаш, муаммоли вазиятларни ҳал қила олиш каби касбий уқувларни шакллантириш нуқтаи назаридан янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Маълумки, Ўзбекистоннинг миллий давлатчилиги ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва шакллантириш ҳамда ҳуқуқий сиёсатни амалга оширишда ҳуқуқшунослик фани ижтимоий-гуманитар фанлар тизимида етакчи мавқеини эгаллади. Шу билан бирга, юридик фан соҳасида йиғилиб қолган жиддий камчиликларнинг самарали ечимига алоҳида эътибор бериш лозим.
Зеро, истиқлол йилларида ижтимоий муносабатларнинг тезкор ривожланиши юридик амалиётнинг юридик фандан олдинга ўтиб, илгарилаб кетишига олиб келди. Бугун юридик фан ва юридик амалиёт дарёнинг икки қирғоғида юргандек, гўё.
Шубҳасиз, фан ҳам назарий хулосалар яратиши, ҳам амалий таклифлар бериши, шунингдек, жамиятнинг ҳуқуқий тараққиёти истиқболларини башорат (прогноз) қилиши, амалиёт эса янги ғояларни ҳаётга жорий этиши керак.
Шунинг баробарида, юридик таълим билан юридик амалиёт ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш вазифаси ҳам жиддий муаммолардан биридир. Оқибатда, бир томондан, юристлар кўпдек туюлса, иккинчи томондан, соҳа бўйича юрист кадрлар етишмаслиги юзага келган.
Бундан ташқари, юридик таълим тизимидан зарур базавий юридик фанларнинг йўналишлари асоссиз чиқариб ташланмоқда. Бу ерда фалсафанинг инкорни инкор қонуни яққол намоён бўлмоқда.
Юридик таълим тизими юридик амалиёт эҳтиёжидан келиб чиқиши лозим. Содда қилиб айтганда, “Бугунги кунда Ўзбекистонга қанча юрист керак?” ёки “Қайси мансаб лавозимларида фақат юристлар ишлаши шарт?”, деган саволларга аниқ ва таҳлилий жавоблар бўлиши даркор. Ҳозирча эса бундай ўзак саволларга аниқ жавобларни ҳеч ким билмайди.
Яна бир фикр: юристлар иқтисодиёт асосларини, иқтисодчилар эса ҳуқуқни, қонунларни пухта билишлари зарур.
Бир сўз билан айтганда, юридик фан соҳасида тизимли ислоҳотлар ўтказиш – бугунги давр талабидир. Хусусан, “Конституциявий иқтисодиёт” ўқув фанини иқтисодиёт ва ҳуқуқ йўналишларидаги олий ўқув юртларида ўқитишни йўлга қўйиш ислоҳотлар ҳозирги босқичининг тақозосидир.
Бутун дунёда юридик фан ижтимоий-гуманитар фанлар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Ўзбекистонда ҳам шундай юксак мавқега эришилишини таъминлаш керак.
Афсуски, Фанлар академияси тизимида ҳозирги кунда бирорта институт юридик фаннинг фундаментал муаммолари билан шуғулланмайди. Шундай экан, 1966 йилда кўтарилган бўлса-да, ҳозирги вақтга қадар амалга ошмаган ғояни энди рўёбга чиқариш, яъни Давлат ва ҳуқуқнинг фундаментал масалалари билан шуғулланувчи академик институт тузиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз.
Бундан ташқари, академик А.Саидов ҳозирги шиддатли ривожланиш даври мамлакатимизда ижтимоий фанларнинг ўзаро ҳамкорлигини ва илмий йўналишларини мувофиқлаштиришни тақозо этаётганига эътиборни қаратди. Шу маънода, ҳуқуқшунос олимнинг фикрича, юридик фан мутахассислари тарих (“Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихи”), фалсафа (“Ҳуқуқ фалсафаси”), социология (“Ҳуқуқ социологияси”), адабиётшунослик (“Адабиёт ва ҳуқуқ”), иқтисодиёт (“Иқтисодиёт ва ҳуқуқ”), шарқшунослик (“Юридик манбашунослик”), педагогика (“Юридик педагогика”), санъатшунослик (“Юридик санъатшунослик”) соҳалари вакиллари билан яқин илмий-ижодий ҳамкорлик асосида биргаликда комплекс тадқиқотлар олиб бориши ҳамда китоблар чоп этиши давр талабидир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.08.2019
- Кўришлар: 8478
- Чоп этиш