«Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун президент томонидан имзоланди. Қонунга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади.
Волонтёрлик фаолияти қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти;
волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти;
волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолияти.
Кам таъминланганларни, ишсизларни, кўп болалиларни ва бошқа шу каби шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ёрдам кўрсатиш волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш йўналишларидан биридир.
18 ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.
Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шарт.
Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси волонтёрга махсус кийим-бош беради ҳамда волонтёрлик акцияси ўтказилаётган жойга келиб кетиши учун йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатларининг ўрнини қоплайди.
Маълумот учун: “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонун давлатимиз раҳбари ташаббусидир. Уни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майда имзоланган “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Мамлакатимизда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқишдан кўзланган мақсад – волонтёрлар фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдир.
Академик Акмал Саидовнинг фикрича, янги Қонун қуйидаги масалаларни ҳал қилиш имкониятини беради:
биринчидан, волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади;
иккинчидан, волонтёрлик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради;
учинчидан, волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиб-тамойилларини белгилайди;
тўртинчидан, волонтёрлик фаолияти янада фаоллашишини рағбатлантиради;
бешинчидан, волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча кафолатлар яратади;
олтинчидан, давлат органларининг ва фуқаролик жамияти институтларининг волонтёрлар билан ҳамкорлигининг усуллари ва шаклларини аниқлайди.
Қолаверса, ушбу Қонун нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, волонтёрлар фаолиятини замон талаблари асосида самарали йўлга қўйишга қаратилгандир. У демократик ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш ва волонтёрлар хизматидан фойдаланишнинг энг самарали механизмларини шакллантиришга хизмат қилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
*фото интернетдан олинди
- Қўшилди: 04.12.2019
- Кўришлар: 6379
- Чоп этиш