Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмоқда.
Фармон лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тайёрланди.
Ушбу ҳужжатнинг тайёрланиши жараёнида 50 дан ортиқ давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим қилинган 200 дан зиёд таклиф ва мулоҳазалар ҳисобга олинди.
Лойиҳага мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.
Миллий стратегияни тасдиқлашдан мақсад – мамлакатда турмуш даражаси ва фаровонликни оширишнинг муҳим ва зарурий шарти, давлатнинг жаҳон майдонидаги рақобатбардошлиги, унинг барқарор ривожланиши ҳамда демократик янгиланиши шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдан иборат.
Стратегия лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали – regulation.gov.uz – танишиш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.01.2020
- Кўришлар: 4863
- Чоп этиш