Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасида шундай деб таъкидлади.
Мурожаатноманинг алоҳида хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган навбатдаги Мурожаатномасининг қуйидаги ўзига хос хусусиятларини кўрсатиш мумкин:
Биринчидан хусусияти: Ушбу муҳим ижтимоий-сиёсий воқеанинг аввалгиларидан фарқли жиҳати шундаки, мамлакатимиз раҳбари бу галги Мурожаатномани миллий парламентнинг янгиланган таркибига тақдим этди. Қўшма мажлисда олдинги чақириқ парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам қатнашди.
Иккинчидан хусусияти: Мурожаатномада даставвал 2019 йил 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтган сайловлар ҳақида сўз борди.
Президентимиз мамлакат тарихида илк бор қабул қилинган Сайлов кодекси асосида, “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остида ўтган бу муҳим сиёсий тадбир жараёнларини холис, ҳаққоний баҳолаб, фуқаролик жамияти қуриш йўлида берган тавсиялари учун халқаро кузатувчиларга бутун халқимиз номидан миннатдорлик билдирди. Нуфузли халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсияларидан кейинги сайловларда албатта фойдаланамиз, деди давлатимиз раҳбари.
Учинчидан хусусияти: Мурожаатномада 2019 йил — Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили якунлари сарҳисоб қилинди. Шу билан бирга, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича кейинги уч йил давомида амалга оширилган асосий ишлар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди.
Бунга қадар биринчи Мурожаатномада 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, иккинчи Мурожаатномада эса 2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили якунлари чуқур таҳлил қилинган.
Тўртинчи хусусияти: Мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб олинди.
Бунгача Мурожаатномада Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосан яқин бир йиллик энг муҳим вазифаларини белгилаш амалиёти қўлланилган.
2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили
Президентимиз таклифига мувофиқ, юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилди.
Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтаришдир.
Давлатимиз раҳбари таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини қайд этди.
Бу йил “рақамли иқтисодиёт”ни ривожлантириш бўйича туб бурилиш қилишимиз керак. Биринчи навбатда, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш лозим.
Бунинг учун ташаббускор бўлиб майдонга чиқадиган янги авлод кадрларни тарбиялаш зарур. Стратегик фикр юритадиган малакали кадрлар керак. Шунинг учун боғчадан бошлаб таълимнинг барча бўғинларида таълим сифатини ошириш даркор.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг савиясини ошириш лозим. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бизга илм-маърифат ва юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва, албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Сайловлар Ўзбекистоннинг халқаро имижини кўтарди
Президентимиз таъбири билан айтганда, сайловлар халқимиз учун синов ва халқаро ҳамжамият олдида катта сиёсий имтиҳон бўлди. Бу фикрнинг тасдиғи сифатида ҳаётий бир мисол келтирмоқчимиз.
Гап шундаки, ўзининг 25 йиллик фаолияти давомида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси томонидан ЕХҲТга аъзо 50 дан ортиқ давлатда қарийб 400 марта Президент, парламент ва маҳаллий органлар сайловларининг мониторинги ўтказилган.
Ўзбекистонда кейинги 20 йил мобайнида ЕХҲТ томонидан 8 маротаба сайловлар мониторинги амалга оширилган. Шундан 3 таси Президент сайлови ва 5 таси парламент сайловларига тааллуқлидир.
Энг муҳими, яқинда бўлиб ўтган мамлакатимиз парламенти сайловларида илк бор ЕХҲТнинг тўлақонли миссияси томонидан кузатув амалга оширилди ва МДҲга аъзо давлатларда ўтказилган сайловлар ичида энг юқори баҳоланди. Бошқача айтганда, ушбу сайловлар дунёга янги Ўзбекистонни намоён этди.
Янги Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтган ушбу сайловлар биз учун катта сиёсий имтиҳон бўлди. Мамлакат ичида: халқимиз ислоҳотларимизга ўз муносабатини билдирди. Халқаро миқёсда жаҳон ҳамжамияти янги Ўзбекистонга юқори ижобий баҳо берди.
Сайловлар Ўзбекистоннинг халқаро имижини кўтарди. Жаҳон аро дўсту ҳамкорларимиз олдида обрў-эътиборимиз янада юксалди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз бу синовдан ёруғ юз билан ўтди. Сайлов натижалари, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беришга қаратилгани билан биз учун жуда муҳимдир.
Сайловларнинг ўзига хос хусусиятларидан бири — гендер масаласи билан боғлиқ. Яъни илк маротаба Ўзбекистон парламентида аёллар сони бўйича БМТ тавсиялари (камида 30 фоиз) тўлиқ бажарилди.
Қонунчилик палатасига 32 фоиз аёл-депутатлар сайлангани, ўз навбатида, дунёдаги 190 парламент ичида Ўзбекистон парламентининг 37-ўринга кўтарилишини таъминлади. Бундан атиги беш йил илгари, 2014 йилда бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз 128-ўринда эди.
Ёшлар масаласи, чиндан ҳам, янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили ҳисобланади. Қонунчилик палатасига 30 ёшгача бўлган 9 нафар депутат (6 фоиз) сайлангани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Шундай қилиб, бугун парламентимиз қуйи палатаси таркибининг 6 фозини ёшлар ташкил этмоқда. Жаҳон миқёсида бу кўрсаткич атиги 2 фоизга етади, холос.
Биргина шу рақамларнинг ўзи ҳам юртимиз аёллари жамиятда ўзларининг ҳақиқий ўрнини эгаллаб бораётганидан далолат беради. Бинобарин, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш Ўзбекистон Президенти олиб бораётган адолатли сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.
“Ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”
2019 йил сентябрда БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян юртимизда расмий ташриф билан бўлди. Ўшанда Диего Гарсия-Саян дастлабки тавсияларини берди.
Ушбу тавсиялар судьяларни сайлаш ва тайинлаш; судьяларнинг лавозимида ишлаб қолишини кафолатлаш; судьяларни профессионал асосда тайёрлаш; суд раисларини тайинлаш тартиби ва уларнинг ваколатлари кўламини қайта кўриб чиқиш; судьяларга интизомий чора кўриш тартиб-таомилларини мукаммаллаштириш; Олий суд кенгаши аъзоларини сайлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш; прокуратура тизими ваколатларини қисқартириш; адвокатлар сонини ошириш ва ёш ҳуқуқшуносларни ушбу касбга қизиқтириш учун тарғибот ишларини кучайтириш истиқболлари билан боғлиқ.
Мурожаатномада судлар томонидан ўтган 3 йилда 1 минг 989 нафар, 2019 йилнинг ўзида 859 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганига доир рақамлар баён этилди. Шунингдек, 2019 йилда 3 минг 81 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар, айбловдан чиқарилган ва ўзгартирилган.
Энди суд орқали инсонларнинг ҳуқ́уқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди, деди давлатимиз раҳбари. Эски тузумдан қолган ва ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақ́ириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозим.
Энди фақат иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина, прокурор суд қарорини олиб ўрганиши мумкин. Суд раислари томонидан судьяларнинг фаолиятини баҳолаш ва уларга нисбатан интизомий иш қўзғатиш бўйича ваколатларни қайта кўриб чиқиш керак.
Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак, деди Президентимиз.
Фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадам қўйиш зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган, минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал қилиш бўйича, ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўриш вақти келди.
Хусусан, 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркор. Президентимизнинг таъкидлашича, бу орқали 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ, узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммолари ҳал этилади.
Ўзбекистоннинг 3 йилда 30 та халқаро ташаббуси
Мамлакатимиз раҳбари парламентнинг халқаро алоқаларини ривожлантириш истиқболлари хусусида атрофлича тўхталди. Аввало, парламентимиз Ўзбекистон Президентининг халқаро ташаббусларини амалга оширишда фаол иштирок этиши керак.
Давлатимиз раҳбари сўнгги уч йилда турли нуфузли халқаро ташкилотларда қарийб 30 та ташаббус билан чиқди. Жумладан, Президентимиз БМТ даражасида илгари сурган 7 та ташаббус бўйича БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциялари қабул қилинди.
ШҲТ доирасида Ўзбекистон Президентининг 8 та халқаро ташаббуси амалга оширилди. Худди шундай 10 дан зиёд муҳим ташаббуслар ЮНЕСКО, МДҲ, ИҲТ, ТУРКСОЙ, Марказий Осиё минтақаси миқёсида илгари сурилди.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, биз Ўзбекистон ташқи сиёсатини фаоллаштириш юзасидан бошлаган кенг кўламли ишларни, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган, очиқ, прагматик ва чуқур ўйланган ташқи сиёсат курсини давом эттирамиз. Олис ва яқиндаги барча давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини, узоқ муддатли ва кўп қиррали шерикликни янада кучайтирамиз.
Бу борада Мурожаатномада устувор жиҳатларга эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан илгари сурилган муҳим халқаро ташаббус — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ишлаб чиқиш жараёнларида парламентимиз ҳам фаол бўлиши керак. Бу янги халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни амалга оширишга хизмат қилиши билан жуда муҳимдир.
Жорий йилда ташкил этиладиган Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми ҳам айнан ёшлар ҳуқуқларига бағишланиши бежиз эмас. Маълумки, 2018 йили қадимий ва навқирон Самарқандимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича илк Осиё форуми ташкил этилганлиги халқаро жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.
Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига илк бора сайланиш учун номзодини кўрсатган. Жорий йилнинг кузида бўладиган ушбу сайловда ёруғ юз билан кутилган натижага эришишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Давлатимиз раҳбари бу борада барча чораларни кўриш учун зарур топшириқлар берди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни қабул қилишни ҳам тезлаштириш кераклигига эътибор қаратилди.
Парламент — Халқ уйи
Президентимиз парламентга Мурожаатнома тақдим этишидан олдин янги сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биринчи мажлисларида, шунингдек, ҳар икки палатанинг илк қўшма йиғилишида иштирок этди ҳамда нутқ сўзлади. Бу жараёнларда парламент палаталарининг раҳбарияти тасдиқланди, қўмиталар ва комиссиялар тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти янги Ўзбекистоннинг янги сайловлар асосида сайланган янги парламенти таркибини ана шу улуғвор ғояни амалда намоён этишга чақирди. “Эл-юртимиз сизларга ҳақли равишда катта умид ва ишонч билан қарамоқда”, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз парламент аъзолари билан кейинги уч йил ичида 11 марта учрашганини алоҳида таъкидлаш лозим. Давлат раҳбари бу мулоқотларда ҳар гал парламент ва сиёсий партиялар ролини оширишга, давлат бошқарувини тубдан ислоҳ қилишга, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият бермоқда.
Ўзбекистон Президентининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари билан навбатдаги учашуви бу борада янги, тарихан юксак босқичга асос солди. Давлат раҳбари давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларидаги кўплаб долзарб муаммоларни кўтарди. Мавжуд камчиликларни очиқ ва аччиқ танқид қилди, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб берди.
Давлат раҳбари томонидан “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар — янги парламент” деган устувор ғоя долзарб вазифа сифатида кун тартибига қўйилди.
Янги Ўзбекистонда вазият тубдан ўзгарган бугунги даврда, яъни янгиланган Ўзбекистон шароитида янги парламент қандай бўлиши керак?
Аввало, янги сайланган, ўзгарган депутатларни одамлар сезиши лозим. Янги парламентнинг янгича фаолиятини халқ сезсин ва муносиб баҳоласин.
Бу, ўз навбатида, янги парламентдан ўрин олган сиёсий партиялар ва уларнинг вакиллари сайловолди дастурлари ва ваъдаларини нечоғлик бажаришларига боғлиқ. Содда қилиб айтганда, янги парламент аҳолининг талаб ва эҳтиёжларига жавоб бериши лозим.
Аҳоли эса эндиликда сиёсий мудроқликдан уйғонди ва бу ўзига хос сиёсий уйғониш бўлди. Кейинги бир неча йил ичида одамларнинг сиёсий савияси ўсди, дунёқараши ўзгармоқда.
Шундай экан, онгли равишда фаолият юритадиган депутатлар янги парламентнинг юзини кўрсата билишлари керак. Депутатлик маъсулияти дегани ҳам шу, аслида.
Янгидан шаклланган парламентимиз аъзоларининг аксариятини илк бор депутат бўлиб сайланган шижоатли инсонлар, ўз ишининг усталари ташкил этади. Лекин уларнинг барчаси бугунданоқ қонун ёзишга қодир, деб айтолмаймиз.
Албатта, ушбу ҳамкасбларимиздан ҳар бири ўз соҳасининг юксак иқтидорли мутахассиси эканига шубҳа йўқ. Аммо жуда қисқа муддатларда улар ўзларининг қонун ижодкорлиги, қонун техникаси ва парламентнинг бошқа фаолиятига тааллуқли соҳалардаги билим ва кўникмаларини ошириб улгуришлари тақозо этилади.
Шу маънода, Президентимиз томонидан Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим — депутатлик ўқувларини жорий этиш таклиф қилингани айни муддаодир.
Бизнинг муаммоларимизни ҳеч ким ташқаридан келиб ҳал қилиб бермайди. Депутатлар бефарқ бўлмасликлари керак. Янги парламентнинг самарали фаолияти депутатларнинг савияси ва профессионаллигига боғлиқ. Ислоҳотлар натижасига депутатлар ҳам маъсул ва жавобгардир. Депутатлик — бу буюк маъсулият ва жавобгарликдир.
Оддий одамларнинг овозини олиб, сайланган депутат шу оддий одамларнинг дарду ташвиши билан яшаши шарт. Одамларни қандай қилиб рози қилиш мумкин? Албатта, халқ билан қанча кўп учрашилса, мулоқот қилинса, шунча кам хато қиламиз ва кўп натижага эришамиз.
Мурожаатномада баён этилганидек, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига ўтган йилда бир миллиондан зиёд мурожаат тушган. Ана шу мурожаатлар одамларни қандай муаммо ва ташвишлар қийнаётгани ҳақида хулоса чиқаришга имкон бермоқда.
Президентимиз бундан буён мурожаатлар таҳилили асосида амалий ишлар олиб борилишини қайд этди. Бу каби вазифаларни бажариш барча давлат органлари, айниқса сенатор ва депутатлар зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Янги парламент — халқпарвар парламент бўлиши керак. Халқ вакиллари фаолият олиб борадиган парламент — аслида, Халқ уйидир.
Ҳозирги кунда парламент қонунчилик фаолияти замон талабларига тўла жавоб беради дея олмаймиз. Ишлаб чиқаётган қонунларимиз аниқ бир соҳадаги айрим вазифаларнигина ҳал қилишга хизмат қилади. Улар ҳали комплекс характерга эга ёки кодификациялашган эмас. Бу борада қиладиган ишларимиз талай.
Қонун ижодкорлигимиз ҳозирги ислоҳотлар шиддати ва суръатларидан анча ортда қолмоқда. Ваҳоланки, қонун ижодкорлиги ислоҳотлардан сал бўлса ҳам илгарироқ юриши керак.
Бу борада биз ҳали ислоҳотлардан илгарилаш у ёқда турсин, жамият ва давлат ҳаётидаги туб ўзгаришларнинг қонуний асосларини ҳаёт, замонамиз ва бугунги кун талабларидан келиб чиқиб таъминлаб боришга ҳам тўла эришганимиз йўқ.
Айниқса, яқинда бўлиб ўтган сайловлар олдимизда парламентаризмни ва кўппартиявий тизимни янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, халқимизнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш борасида ҳали талайгина вазифалар турганини кўрсатди. ННТ ва сиёсий партияларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қонун ҳужжатларини ҳам кодификациялаш лозим.
Мурожаатномада алоҳида таъкидланганидек, янги Парламент ва Ҳукуматнинг келгуси 5 йилдаги фаолиятининг пировард мақсади – Ўзбекистонда яшаётган кўп миллатли халқимиз ҳаётини юксалтиришдан иборат бўлиши шарт.
“Шу муносабат билан депутатларимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиман. Сайловолди учрашувларида аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича, аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ҳамда уни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарур”, деди Президентимиз.
Парламент дипломатияси — муҳим имкониятдир
Янги парламент Ўзбекистоннинг халқаро обрўсини оширишга ўз ҳиссасини қўшиши даркор. Айниқса, “Демократия индекси”, “Қонун устуворлиги индекси”, “Коррупцияни назорат қилиш индекси”да янги Ўзбекистон ўзининг намуна бўлгулик сифатларини намоён этиши зарур.
Кейинги даврда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги мавқеини ошириш бўйича Президентимизнинг 12 та фармон ва қарорлари қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар бу борада муайян ижобий ўзгаришларга эришишимиз учун мустаҳкам ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Хусусан, мамлакатимиз “Бизнес юритиш индекси”да 100 поғонадан кўпроқ юқорилади ва ҳозир 69-ўринда турибди. Шунингдек, Ўзбекистон кейинги даврда “Иқтисодий эркинлик индекси”да 26 поғонага, “Логистика самарадорлиги индекси”да эса 19 поғонага кўтарилди.
Яқин орада “Сўз эркинлиги ва ҳисобдорлик индекси”, “Жаҳон матбуоти эркинлиги индекси” каби халқаро рейтингларда кўрсаткичларимизни бутунлай янгилашимиз тақозо этилади.
Бинобарин, Ўзбекистоннинг ҳалқаро иқтисодий ва ижтимоий рейтинглар, сиёсий муҳитни аниқлашга оид индекслардаги ўрнини яхшилаб боришда – бу “дуинг бизнес” бўладими, инвестиция муҳитига оид бўладими, инсон ҳуқуқлари ёки матбуот ва сўз эркинлиги соҳасидами, “инновацион ривожлнишга тайёрлик”га тегишли бўладими ва ҳоказо – ушбу жараёнларда нафақат ижро хокимияти, балки вакиллик ҳокимиятининг ҳам аҳамияти юксакдир.
Парламентнинг ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий сиёсат борасидаги фаолиятини, унинг устувор йўналишларини аниқлаш, нуфузли халқаро ташкилотларда Ўзбекистоннинг миллий манфатларини ҳимоя қилиш каби вазифаларини самарали амалга ошириш талаб этилади.
Хусусан, минтақамизда яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар соҳаларга инвестициялар жалб этиш каби йўналишларда Ўзбекистон билан хорижий мамлакатлар ўртасидаги парламентлараро икки томонлама ҳамкорлик гуруҳлари, халқаро ташкилотлар доирасидаги парламентлараро тузилмалардаги иштирокимиздан самарали фойдаланиш бугунги куннинг долзарб талабларидандир.
Биз қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва халқаро ҳамкорлик бўйича фаолиятимизда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Кейинги даврда Олий Мажлис Президентимиз ташқи сиёсий йўлининг фаол иштирокчисига айлангани, шубҳасиз, мамлакатимизда парламент дипломатияси ривожлана бошлаганини кўрсатади. Зеро, Ўзбекистон парламенти эндиликда парламентлараро халқаро ташкилотларда иштирок этмоқда. Икки томонлама депутатлик гуруҳлари кўпайиб, 28 тага етди ва улар изчил фаоллашди.
Айни чоғда, Президентимиз парламентнинг нафақат ислоҳотларни таъминлаш учун зарур қонуний асосларни яратиб бериш, балки мамлакат манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва илгари суриш борасидаги фаолиятини ҳам тубдан қайта кўриб чиқиш заруриятига эътиборни қаратди. Ҳақиқатан ҳам, ҳали биз “парламент дипломатияси”, “халқона ёки партиявий дипломатия” имкониятларидан етарли даражада фойдаланмадик.
Шу ўринда Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг келгуси фаолияти бўйича билдирган фикрларига тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Биринчидан, Конституцияга мувофиқ, Қонунчилик палатасининг энг муҳим ваколатларидан бири – бу халқаро шартномаларни ратификация ёки денонсация қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, Президентимиз уқтирганидек, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ҳукумат томонидан изчил бажарилишини назорат қилиш ҳам қуйи палатанинг асосий вазифаси бўлиши керак.
Иккинчидан, Қонунчилик палатаси бундан буён Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича вазирлар ҳисоботларини эшитишни йўлга қўйиши лозим.
Учинчидан, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, “йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш ҳам қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши керак.
Тўртинчидан, бугунги кунда жаҳон парламентаризмида илғор тажриба бўлмиш, яъни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш амалиёти халқаро даражада эътироф этилмоқда. Шу боис, давлатимиз раҳбари қайд этганидек, ушбу номдаги Парламент комиссияси фаолияти изчил мувофиқлаштириб борилиши муҳим.
Бешинчидан, Олий Мажлис ҳузурида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти тузилган. Бу институт қонун лойиҳаларини тайёрлашда, уларни муҳокама қилишда, қабул қилинган қонунлар моҳиятини жамоатчиликка етказишда парламент аъзоларига ҳақиқий ёрдамчи бўлиши лозим.
Олтинчидан, қонун ижодкорлиги фаолиятига илмий-инновацион омилни кенг жорий этиш ҳам бундан кейин қуйи палатанинг муҳим вазифаси бўлиб қолиши керак.
Бугунги кунда Ўзбекистонимиз ўз тараққиёт йўлидан жадал илгарилаб бормоқда. Ўтган уч йил давомида амалга оширган ислоҳотларимиз дастлабки самараларини бера бошлади. Жаҳон ҳамжамиятида Ўзбекистонга қизиқиш ва эътибор, мамлакатимизнинг куч ва имкониятларига, унинг келажагига бўлган ишонч тобора ортиб бормоқда.
Бу, ўз навбатида, тараққиётнинг янги босқичига чиқиш, кўзлаган мақсадларимизга етиш учун мустаҳкам замин яратмоқда. Шундай экан, бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг ишончига сазовор бўлган ҳар биримиз ўз жойимизда бу юксак ишончни амалий ишлар билан оқлашимиз керак. Президентимиз таъкидлаганидек, “Бу бизнинг нафақат фуқаролик, балки, энг аввало, она Ватанимиз олдидаги фарзандлик бурчимиздир”.
Хулоса қилиб айтганда, давлат бошлиғининг парламентга Мурожаатномаси — дастурий сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир.
Мурожаатномада, биринчидан, Президентнинг мамлакатни яқин истиқболда ривожлантиришга доир стратегик йўналишлар бўйича нуқтаи назари баён қилинди;
иккинчидан, сиёсий, иқтисодий, ғоявий-мафкуравий қоидалар билан бир қаторда, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли аниқ таклифлар илгари сурилди;
учинчидан, у жаҳон конституциявий амалиётида ҳокимият ваколатлари бўлиниши принципини таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий институт сифатида намоён бўлди.
Ўзбекистон Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасини кенг жамоатчиликка ҳавола қилди. Агар ушбу муҳим сиёсий-ҳуқуқий тадбир телевидение каналлари ва интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри намойиш этилганини ҳисобга олсак, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномаси нафақат миллий парламент аъзоларига, балки бутун Ўзбекистон халқига бевосита мурожаат сифатида янада аҳамиятлидир.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг
биринчи ўринбосари
Манба: "Халқ сўзи" газетаси
- Қўшилди: 30.01.2020
- Кўришлар: 7078
- Чоп этиш