Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи арафасида миллий парламент аъзолари, давлат ташкилотлари раҳбарлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзолари кунчиқар юртдаги турли мулоқот ва тадбирларда иштирок этмоқда. Шундай учрашувлардан бири 12 декабрь куни Япониянинг машҳур Соко университети Ректори билан бўлиб ўтди.
“Университет жамоаси бизни катта тайёргарликлар кўрган ҳолда, жуда илиқ ва самимий кутиб олди”, деб деб ёзди учрашувда иштирок этган делегациямиз аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Элдор Туляков ўзининг “Facebook”даги саҳифасида. “Дастлаб Университет ҳудудининг марказида ўзбек халқига чуқур ҳурмат ифодаси сифатида қад ростлаган буюк мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўйдик. Бу маросим ҳам юқори даражада ташкил этилибди, унда 20 нафардан ортиқ олимлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этишди”.
Мулоқот чоғида Университет вакиллари юртимизнинг бой маданий мероси, буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган салмоқли ҳиссасини эътироф этдилар. Дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олишга интилаётган бугунги Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида кўплаб ижобий фикрлар билдирилди.
Учрашувда икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида ўзаро фикр алмашилди. Бу борадаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада такомиллаштириш тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи давом этмоқда. Делегация таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Қўмитаси раиси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам бор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
(Суратлар Э.Туляковнинг “Facebook”даги саҳифасидан)
- Қўшилди: 13.12.2019
- Кўришлар: 5033
- Чоп этиш