Янги тузилган “Европа Иттифоқи — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи сиёсий, ишбилармон доиралар, шунингдек фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида юқори даражадаги мулоқотни таъминлаш орқали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқаларни янада яқинлаштиришда мустақил платформа бўлиб хизмат қилади. Бу эътироф жорий йил 29 апрель куни Европа парламентида ташкил этилган “Европа Иттифоқи — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳининг расмий очилиш маросимида янгради.
Дўстлик гуруҳи фаолияти маданият, таълим, илм-фан соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни, шунингдек, фуқаролар ўртасида алоқаларни ривожлантириш, кенг доирадаги конструктив учрашувлар ва парламент дипломатияси орқали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни кучайтиришга қаратилган.
Видеоконференция тарзида бўлиб ўтган маросимда “Европа Иттифоқи — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раиси Ричард Чарнецки, гуруҳ Бош котиби Ипек Текдемир, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Д.Ҳакимов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов ва бошқалар сўзга чиқди, дейилади parliament.gov.uz хабарида.
А.Саидов ўз чиқишида қайд этганидек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги икки томонлама парламентлараро алоқалар бўйича асосий орган “Ўзбекистон — ЕИ” Парламент ҳамкорлик қўмитаси 2000 йилда тузилган бўлиб, Ўзбекистон томони ЕИ билан парламентлараро муносабатлар ривожланишининг ижобий динамикаси давом эттирилишини қўллаб-қувватлайди. Айни пайтда томонлар жорий йилнинг иккинчи ярмида Брюссель шаҳрида “Ўзбекистон — ЕИ” Парламент ҳамкорлик қўмитасиниинг 15-мажлисини ташкиллаштириш масаласини ишлаб чиқмоқдалар.
Савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаси Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлиб, охирги йилларда ушбу йўналишлардаги ишлар анча фаоллашганига урғу берилди.
Тадбирда Европарламент депутатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ 75-сессиясида БМТ Бош Ассамблеясининг “Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисида”ги махсус резолюциясини қабул қилиш борасида илгари сурилган ташаббуси доирасида жорий йил 24 июнь куни Бухоро шаҳрида бўлиб ўтадиган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлараро глобал ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро форумда, 12-13 август кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конференциясида иштирок этишга таклиф этилдилар.
Мулоқот чоғида “Ўзбекистон — Европа Иттифоқи” Парламент ҳамкорлик қўмитаси янги тузилган дўстлик гуруҳи билан биргаликда қўшма режалар ишлаб чиқиши, бу борадаги ҳамкорликка доим тайёрлиги билдирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 30.04.2021
- Кўришлар: 3287
- Чоп этиш