Аввал хабар қилинганидек, 2020 йил 10 июнь куни “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси мисолида БМТнинг устав ва шартномавий органлари тавсияларини амалга оширишда парламентнинг роли” мавзуида халқаро парламент форуми бўлиб ўтди.
Ўзбекистон парламентаризми тарихида илк марта ташкил этилган ушбу онлай-анжуман ташаббускорлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек дунё парламентларининг халқаро нуфузли ташкилоти — Парламентлараро иттифоқ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳисобланади.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган халқаро парламент форумида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришда Ўзбекистон парламенти ролини ошириш мавзуси муҳокама қилинди. Анжуман иштирокчилари онлай-муҳокамалар якунида ўзаро ҳамкорликда қуйидаги таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш юзасидан фикрлашиб олдилар:
биринчидан, БМТнинг 75 йиллигини юксак савияда нишонлашга қаратилган тадбирлар туркуми доирасида БМТ, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси, Парламентлараро иттифоқ ва бошқа халқаро ташкилотлар иштирокида "Ўзбекистон — БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ҳамкорлик" мавзуида юқори даражадаги халқаро форум ўтказиш;
иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан Парламентлараро иттифоқ, хусусан, мазкур нуфузли халқаро ташкилотнинг Инновация маркази ўртасида доимий асосдаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш;
учинчидан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда "Пандемия ва инсон ҳуқуқлари" мавзуида конференция ташкил этиш.
Халқаро парламент форумида шу каби муҳим масалалар юзасидан Ўзбекистон парламенти палаталари раҳбарлари билан бир қаторда, нуфузли халқаро ташкилотлар намояндалари ва халқаро экспертларнинг маърузалари тингланди. Онлай-мулоқотларда, хусусан:
Парламентлараро иттифоқдан:
- Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг;
- Парламентлараро иттифоқнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича дастурлари раҳбари Р.Хюзенга;
Бирлашган Миллатлар Ташкилотидан:
- БМТнинг Ўзбекистондаги Доимий вакили Ҳелена Фрейзер;
- БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Универсал даврий ҳисобот бўлими бошлиғи Жанни Магазени;
- БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси бошлиғи Ришар Коменда;
Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидан:
- ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон МакГрегор;
- ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси Н.Ражаратнам фаол иштирок этди.
Муҳокамаларда, шунингдек БМТ ва ЕХҲТ халқаро эксперти Георгий Тугуши ҳамда Япониянинг Нагоя университети профессори А.Фуджимото қатнашди.
Анжуман маърузачиларининг фикрлари билан "Халқ сўзи" газетасининг 2020 йил 12 июнь сонида "Сўз — анжуман иштирокчиларига" рукнида эълон қилинган "Олий Мажлис фаолияти қайси жиҳати билан бошқа давлатлар парламентларига намуна бўлади?" сарлавҳали материал орқали танишиш мумкин. Бундан ташқари, "Народное слово" газетасининг худди шу кунги сонида чоп этилган "Олий Мажлис служит примером для законодательных органов" номли материалда ушбу маълумотларнинг русча матни ҳавола қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 12.06.2020
- Кўришлар: 4441
- Чоп этиш