Махсус ўқув модулида Адлия вазирлиги тизими раҳбарлари қатнашди

24 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ўтказилган “Инсон қадр-қиммати – энг олий қадрият” махсус ўқув модулининг навбатдаги машғулотларида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимидаги раҳбар ходимлар иштирок этди.

Вебинар шаклидаги БМТ Тараққиёт дастури ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий офиси билан ҳамкорликда ҳамда Тошкент давлат юридик университети кўмагида ташкил этилмоқда.

Бу борадаги саъй-ҳаракатлар замирида давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 22 июнда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар тўла бажарилишини таъминлаш мақсади мужассамдир. Ушбу ўқув курсини ташкил этиш ташаббуси жорий йил 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилганди.

Шу асосда ўтган қисқа даврда махсус ўқув модули ишлаб чиқилди. Ўқув модули машғулотлари судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро стандартлар ҳамда миллий қонунчиликни суд-ҳуқуқ тизимида қўллашга оид амалий кўникмаларини янада оширишга мўлжалланган.

Халқаро экспертлар тингловчиларга Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, мигрантлар, одам савдоси ва мажбурий меҳнат жабрдийдаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари билан бу борадаги инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларнинг ўзаро уйғунлигини қиёсий таҳоил  қилиб берди.

Маълумки, "фуқаросизлик" муаммоси кейинги ўн йилликлар давомида халқаро ҳамжамият фаолиятининг муҳим соҳаларидан бири бўлиб келмоқда. Шу маънода, Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиядаги нутқида қайд этилганидек, жорий йилнинг ўзида 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилгани алоҳида эътиборни тортади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 22 июндаги Фармони билан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича  Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида ҳам бу йўналишда аниқ вазифалар белгиланган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг фуқаросизлик ҳолатларига барҳам бериш борасидаги дадил қадамлаи экспертлар томонидан юқори баҳоланмоқда.

Махсус ўқув модули ташкилотчиларининг фикрича, машғулотлар фойдали бўлиши ва яхши самара бериши кутилмоқда. Хусусан, бугунги вебинар Адлия вазирлиги тизими раҳбар шахсларига адлия органлари фаолияти сифатини халқаро стандартлар даражасида ошириш ва менежментни яхшилаш борасида қўл келиши тайин.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech